Маҳмуд Махамаджонов: "Биз у ерга шунчаки бормаймиз, ғалаба учун борамиз"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

“Андижон” клубининг олдида 24 апрель куни Тошкентда “Бунёдкор”га қарши яна бир муҳим учрашув кутиб турибди. Айни пайтда “Бургутлар” ўз қароргоҳида олдинда кутиб турган ўйин учун астойдил тайёргарлик олиб бормоқда.

Жамоанинг иқтидорли футболчиларидан бири Маҳмуд Махамаджонов ҳам машғулотларда ўз устида ишлашда давом этяпти.

Клуб матбуот хизмати эса клуб қароргоҳида ушбу ўйинчига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Жамоа “Бунёдкор”га қарши ўйин учун тайёргарлик олиб бормоқда. Ҳозирда “Андижон”нинг кайфияти қандай ва машғулотларда асосий эътибор нимага қаратилмоқда?

- Ҳа, “Бунёдкор” билан ўйинга тайёргарлик олиб боряпмиз. Худо хоҳласа, жамоамизда кайфият яхши. Тўғри, турнир жадвалидаги вазият ҳозирча у қадар яхши эмас ва бизга албатта ғалаба жамоа кайфиятини янада оширишга ёрдам беради. Футболчиларимиз бор куч ва имкониятларини ишга солиб, шуғулланишяпти. Бу ўйинни ютишимиз кераклигини ҳамма тушуниб турибди. Барча юракдан меҳнат қиляпти. Худо хоҳласа, ўз натижасини беради, деб умид қиламан.

- Ўтган турдаги водий дербисида қайд этилган 0:0 ҳисоби ўйинга қанчалик мос тушди, деб ҳисоблайсиз?

- Ўзинглар кўрдинглар, бизда мураббий алмашди. Ислом Аҳмедов ўзимизни мураббийлар штабида эди. Барибир ҳар бир мутахассисни услуби бор ва бир-бириникидан фарқ қилади. Ўзини футбол фалсафаси билан кириб келди. Шу боис ўтган турда Ислом Аҳмедов айтган футбол фалфасасида ўйнашга ҳаракат қилдик. Ёмон кечмади, деб ўйлайман. Қайсидир маънода дуранг ўйинга мос бўлди, дейиш мумкин. Аммо бизда кўпроқ хавфли вазиятлар бўлганди. Шулардан фойдаланганимизда бошқача бўларди ва ғалабага кўпроқ мос эдик. Умумий олганда, ўйин дурангга мос бўлди. Биз учун у қадар яхши натижа деб бўлмайди. Қўқонга дуранг учун бормагандик. Учта турдан бери очко ололмаётгандик, муҳими, очко қўлга киритдик. Бу албатта ўзига яраша жамоага ишонч беради. Биз ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

- Бўлажак рақиб – “Бунёдкор” ҳақида нималарни айтган бўлардингиз ва ушбу учрашувда кўпроқ нимага эътибор қаратишимиз керак, деб ўйлайсиз?

- “Бунёдкор” яхши формада. Жамоа етакчилар қаторида кетяпти. Асосан жамоавий ўйин кўрсатади. У ерда юлдузлар йўқ, бир хил даражадаги футболчилари бор. Жамоавий характер кўрсатиб ўйнашади. Бир жамоа бўлиб, ҳамжиҳатликда ўйнасак, ҳамма характер кўрсатиб ўйин кўрсатсак ғалаба қозона оламиз.Албатта, учрашув қийин бўлади. Меҳмонда ўйнаймиз ва “Бунёдкор”ни руҳий ҳолати ҳам яхши. Улар ўтган турда Жиззахда 2:0 ни 2:3 га айлантиришди. Лекин биз у ерга шунчаки бормаймиз, фақат ғалаба учун борамиз. Чиройли ўйин бўлади.

- Жамоада мураббий алмашганидан сўнг биринчи навбатда қанақа ўзгаришларни кўряпсиз?

- Машғулотларда қисқа паслар билан ўйнашга ва шу йўналишга эътибор қаратилмоқда. Кўпинча доминант ўйнашга ҳамда тўп назоратини сақлашга урғу беряпмиз. Асосан шунда ўзгариш бўлди. Жамоамиз бунгача ҳам яхши эди, фақат биз ўйлаган режалар ўхшамаётганди. Эндиликда футбол фалсафаларида ўзгаришлар бўляпти. Янги мураббийларни нимани истаётганликларини ҳали тўлиқ кўрсатиб бера олмаётган бўлсак ҳам, муҳими шунга ҳаракат қиляпмиз. Ҳамма интилиб, мураббий биздан нимани хоҳлаётган бўлса, шуни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз.

- Миллий терма жамоамизга номзод футболчилардан бирисиз. Мураббийлар билан алоқада бўлиб турибсизми? Кейинги ҳал қилувчи йиғинга чақириш бўйича имкониятларни қандай баҳолайсиз?

- Ҳар бир футболчи миллий терма жамоада тўп суришни орзу қилади. Кимни чақирилишига келсак, биз доим ҳаракатдамиз. Бизни лойиқ кўришга ҳар доим тайёрмиз. Ўз ўйинимиз билан мураббийларни эътиборига тушиш илинжидамиз. Қолганини мураббийлар штаби танлашади. Насиб қилган бўлса борамиз. Насиб қилмаган бўлса, ҳали яна олдинда ўйинлар кўп ва устимизда ишлашда давом этамиз. Олдинги йиғинга борганимизда мураббийлар керакли маслаҳат ва кўрсатмаларни беришган. Имконият ҳаммада бор. Ҳаракат қилсак натижа ҳам бўлади.

- Терма жамоамиз гуруҳи тўлиқ бўлди: Португалия, Колумбия ва Конго...

- Энг қийин гуруҳ деса ҳам бўлади. Гуруҳимизда ҳар бир қитъани топ терма жамоалари йиғилиб қолди, десак ҳам бўлади. Колумбия ҳам етакчилардан бири. Португалияни гапирмаса ҳам бўлади. Конгони ҳам кўрдинглар, футболчилар АПЛдава яна бошқа топ 5 чемпионатларида тўп суришяпти. Осон бўлмайди. Биз ҳам Осиёдаги топ 3 та термалардан биримиз. Осон жанг бермаймиз. Мухлисларни хурсанд қиладиган ўйин кўрсатамиз, деган умиддаман. Гуруҳдан чиқиш ёки чиқмаслик борасида ҳозирдан бир нима деб бўлмайди, муҳими, ишончли, чиройли ўйинлар кўрсатишимизга ишонаман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!