Маҳмуд Муродовнинг барча мағлубиятлари

  • 2 апрель, 2020, 20:56
  • 0
  • MMA

ММА бўйича Ўзбекистоннинг энг юқори натижалар кўрсатаётган жангчиси Маҳмуд Муродов фаолияти давомидаги мағлубиятларини эслаб ўтамиз.

UFC тарихида ягона ўзбекистонлик бўлиб турган ҳамюртимиз бирор маротаба нокаут эвазига мағлуб бўлмаган.

Дана Уайт президентлигидаги промоушенда 2 та жанг ўтказиб улгурган Муродов умумий 6 маротаба мағлубиятни тан олган.

Муродов 22 ёшида фаолиятини эндигина бошлаб, иккита жангда ғалабани қўлга киритганидан сўнг, учинчи жанги 2012 йилнинг 30 сентябрь кунига тўғри келди. Унга Камил Цибинский рақиблик қилди ва оғритиш услуби (тирсакни қайириш) эвазига ҳамюртимиз дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди.

Орадан 2,5 ой вақт ўтиб, Марчин Криштофяк ҳакамлар қарорига кўра, Муродовни таслим этган.

2013 йилнинг ноябрида бўғиш услуби билан Ливио Викториано 23 ёшли жангчи устидан ғалабага эришган.

Мацей Розански Маҳмуд Муродовни икки марта таслим этган. Аввалига, 2013 йилнинг май ойида бўғиш услуби ва 2014 йилнинг декабрида ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра, юртдошимиз мағлубиятни тан олган.

2016 йилнинг декабрь ойида Дэвид Рамирес техник нокаут эвазига 26 ёшдаги Муродовни мағлуб этган, аммо орадан 2 йил вақт ўтиб, ҳамюртимиз реванш жангида ғалабани ўз томонига оғдирган.

Маълумот учун, ўз машғулотларини асосан Чехияда олиб борадиган жангчи фаолияти давомида бошқа мағлуб бўлмаган. Унинг ҳисобида 24 та ғалаба бор ва сўнгги мағлубиятидан кейин, кетма-кет 13 та жангдан буён зафар қучиб келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!