Максим Шацких: "Ал-Васл билан қизиқарли баҳс кечади"
Кеча Элит Чемпионлар лигасининг биринчи тури доирасидаги "Пахтакор" - "Ал-Васл" баҳсидан аввал аввал расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда мезбон жамоа номидан "шерлар" устози Максим Шацких ва ярим ҳимоячи Абдулла Абдуллаев қатнашди.
Максим Шацких: "Эртага Элит Чемпионлар Лигасини бошлаймиз. Рақибни ўргандик, улар чемпионатда икки ўйин ўтказди. Яхши ўйнайдиган, тажрибали футболчиларга эга жамоа. Баҳс қизиқарли кечади деб ўйлайман. Йигитларни беллашувга яхши тайёрлашга интилдик.
Биринчи навбатда ўйиндаги интизом билан рақибни енгиш мумкин. Бутун беллашув мобайнида ўйинга тузилган режаларни бажаришга интилишимиз керак. Учрашувда имкониятлар тенг. Рақибнинг узоқ вақтдан бери Чемпионлар Лигасида қатнашмагани катта муаммо эмас. Биз хоҳиш ва иштиёқ билан ушбу жамоага қарши ҳаракат қилишимиз даркор".
Абдулла Абдуллаев: "Рақиб ҳам биз каби ҳужумкор футбол кўрсатишни ёқтирадиган жамоа. Баҳс жуда қизиқ бўлишини кутяпман. "Ал-Васл" ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам жуда яхши ўйнайди. Юқори савияли ижрочиларга эга. Биз уйда ўйнаяпмиз ва ижобий натижа учун боримизни берамиз".
Фикрлар