Максим Шацких: "Муносиб ғалабага эришдик"
“Қизилқум” – “Пахтакор” (2:3) ўртасидаги ўйиндан кейин дастлаб меҳмонлар устози Максим Шацких таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда оғир ўйинни муваффақиятли якунлаб олганимиздан хурсандман. Бир қанча муҳим ғалабаларга эришдик. Иккита тушунарсиз пенальтиларга қарамасдан ғалабага эришдик. Аслини олганда, натижа биринчи ўринда туради. Бугун уч очкони қўлга киритдик. Энди ФИФА регламентига кўра кичик танаффусга чиқамиз. Ўзингиз биласиз, терма жамоамиз ўйинлари бор. Шу сабабли бироз хордиқ чиқарамиз ва яна жангга киришамиз.
- Одил Ҳамробековни энди ҳимояда кўрамизми?
- Йўқ, нега энди? У нафақат ҳимояда балки, бошқа позицияларда ҳам ўйнайди. Бугун ундан марказий ҳимоячи ролида фойдаланишга қарор қилдик. Буни яхши уддалаяпти. Унинг амплуаси таянч ярим ҳимоячиси.
- Қизил карточка ҳақида нима дейсиз?
- Бош ҳакам ўйинни давом эттиришни кўрсатди. Бурчак тўпи амалга оширилаётганди. Лекин кутилмаганда ён ҳакамимиз ҳеч нарсани кўздан қочирмайдиган бўлиб чиқди. Биринчи бўлимда 5 метр нарироқда тўпни кимдан чиқиб кетганини кўрмаяпти, бу вазиятда эса олисдан ҳаммасини кўрибди. Нима ҳам дердик, ҳаммаси уларнинг виждонига ҳавола. Бумеранг деган сўз бор, ҳамма нарса қайтади. “Пахтакор”ни шу йўл билан тўхтатиб қолишга ҳаракат қилишди.
- Жамоангиздаги легионерларни майдонга тушиши учун яна қанча вақт керак бўлади? Биз фақат Банашакни кўряпмиз, холос...
- Бир нарсани тушунишингларни хоҳлардим, агар легионер жамоага қўшиб олинса, бу унинг доимий тарзда ўйнайди дегани эмас. Соғлом рақобат! Учрашувга ким яхши тайёргарлик кўрган бўлса, ўша ўйинчи ўйнайди. Бу маҳаллий футболчи бўладими ёки легионерми, фарқи йўқ. Таркибимиздаги 5 нафар легионер – бу улар майдонга тушиши шарт дегани эмас. Жамоада соғлом рақобат бор. Машғулотларда юкламаларни кучайтириб боряпмиз ва бугунги кунда ким 100 фоиз тайёр бўлса, ўша футболчи ўйнайди.
- Черанни нега алмаштирдингиз?
- У бир-икки кун олдин белидан жароҳат олганди. Бу нарса биринчи бўлимда ҳам сезилди. Ўзини ёмон ҳис қилгани учун танаффусда ўйинни давом эттира олмаслигини айтди.
- “Қизилқум”дан қанақа ўйин кутгандингиз?
- Нимани кутган бўлсак, шунга гувоҳ бўлдик. Рақиб жамоа етарлича кучли ҳимоя билан ўйнайди. 5-4-1 тактикаси асосида тўп суришди. Уларнинг шундай тактикадан фойдаланишини олдиндан билардик. Шунга яраша қандай қилиб уларни ҳимоясини ёриб ўтишни ҳам билардик. Биз муносиб ғалабага эришдик. Чунки кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирдик.
Фикрлар