Максим Шацких: "Мураббийларга валидол тутқазадиган ўйин кўрдик"
Ўзбекистон Суперлигаси 6-туридан ўрин олган "Пахтакор" ва "Металлург" жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди.
Мазкур беллашувда мезбонлар 4:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Майдон эгалари сафида голларга Асқаров, Мерк (дубль) ва Черан муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг уч голи эса Отахонов, Миличкович (пенальти) ва Шарипов номига қайд этилди.
Беллашувдан кейин "шерлар" бош мураббийи матбуот анжуманида иштирок этди.
"Бугун мухлисларга ёқадиган, мураббийларга эса валидол тутқазадиган ўйин кўрдик. 3:1 ҳисобида ютиб турганимизда икки жуда қулай вазиятдан фойдалана олмадик. Уларни голга айлантирганимизда ўйинни вақтлироқ тугатиб қўйсак бўларди. Имкониятдан фойдаланишда футболчининг шахсий маҳорати катта ўрин тутади.
Ўйин давомида ўзимизга қийинчилик юзага келтирамиз. Тўртинчи голни уриб олганимиз асқотди. Сўнгги дақиқаларда яна асабий ҳолатга тушдик. Олимпия терма жамоасидан йигитлар қайтгани биз учун яхши бўлди, албатта. Орадаги вақт давомида ўзимизга келишга улгурдик", - деди Шацких.
Фикрлар