“Манчестер Сити” Ҳусанов ҳақида муҳим маълумот чиқарди
“Манчестер Сити” расмий сайти бутун дунёга ёйилган мухлислар ёрдамида жамоанинг январь ойидаги энг яхши ўйинчиси учун овоз йиғиш жараёнини бошлади ва ғолибликка номзодларни танлашда муҳим аҳамият касб этадиган маълумотларни эълон қилди.
Клуб 2026 йилнинг биринчи ойидаги энг яхши ўйинчи уч номзод – Абдуқодир Ҳусанов, Бернарду Силва ва Жанлуижи Доннарумма орасидан танланишини маълум қилди. Бу футболчиларнинг ҳар бири жуда зич ўтган ой давомида жамоа учун муҳим роль ўйнади, бу вақт ичида “Сити” тўртта мусобақада жами тўққизта ўйин ўтказди.
Абдуқодир Ҳусанов
“Ланс”дан “Манчестер Сити”га трансфер қилинганидан бир йил ўтиб, ўзбекистонлик ҳимоячи “Этихад”даги фаолиятидаги энг яхши даврни бошдан кечирди.
Пеп Гвардиола жамоаси ҳимоя чизиғи асосий футболчиларнинг қатор жароҳатлари сабаб жиддий зарар кўрган пайтда, Ҳусанов майдонга туширилди ва кутилганидан ҳам ортиқ натижа кўрсатди.
“Челси”га қарши 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугаган ўйиннинг иккинчи бўлимида захирадан майдонга тушган 21 ёшли футболчи кейинги барча ўйинларда “Сити” марказий ҳимоясида асосий таркибда ўйнади.
У тезлик, куч ва техника уйғунлашган бир қатор ажойиб индивидуал ўйинлар намойиш қилиб, мураббийлар, мухлису мутахассислар ишончини тўлиқ оқлай олди.
Ҳусанов учун эсда қоларли январь ойининг айниқса боши ва охиридаги ўйинлар алоҳида аҳамият касб этди. Январь бошида “Брайтон”га қарши ўйинда Абдуқодир “Манчестер Сити” марказий ҳимоясида дебютант Макс Аллейн билан жуфтликда ҳужумда ўта хавфли ўйнайдиган жамоага қарши намунавий ўйин кўрсатди.
Йилнинг илк ойини ўзбек футболчиси яна бир ишончли ўйин билан якунлади. Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги сўнгги турда манчестерликларга Туркия чемпиони “Галатасарой” ҳужумларини бартараф этишда ва рақибнинг энг хавфли форварди Виктор Осимхенни тўхтатишда катта ёрдам берди. “Этихад”даги 2:0 ғалаба жамоани 1/16 финалга олиб чиқди.
Бернарду Силва
Бу мавсумда сардорлик боғичига эга бўлган португалиялик ярим ҳимоячи яна “Манчестер Сити”нинг ҳал қилувчи фигурасига айланди.
Юқори техник маҳорат, тинимсиз меҳнатк ва ғалабага чанқоқликни ўзида мужассам этган Бернарду зич тақвимда илҳомбахш ўйин кўрсатди.
Жамоа манфаатини доимо биринчи ўринга қўядиган ҳақиқий жамоавий ўйинчи сифатида у яна ҳаммага намуна бўлди.
Январдаги энг ёрқин ўйинларидан бири “Сент-Жеймс Парк”даги сафар учрашуви бўлиб, у ерда португалиялик футболчи “Сити”га Лига кубоги ярим финали биринчи ўйинида “Ньюкасл” устидан 2:0 ҳисобида муҳим устунликни таъминлашга ёрдам берди.
Бернарду ижодкорлик жиҳатини ҳам намоён қилиб, аввал Лига кубогида “Ньюкасл”га қарши, кейин эса чемпионатда “Вулверхэмптон” устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилган учрашувларда янги ҳужумчи Антуан Семеньога икки ажойиб голли узатма берди.
Жанлуижи Доннарумма
Италиялик дарвозабон яна бир бор ажойиб индивидуал ўйинлар сериясини намойиш қилиб, нима учун 26 ёшли футболчи дунёдаги энг яхши дарвозабонлардан бири ҳисобланишини тасдиқлади.
Сокин, мувозанатли ва ишончли Доннарумма ҳимоя чизиғида қўшимча барқарорликни таъминлаб, ўз тажрибасини яна бир бор кўрсатди.
Январдаги энг ёрқин ўйинларидан бири — ой бошида “Этихад” стадионида “Брайтон”га қарши 1:1 дурангда амалга оширган бир нечта ажойиб сейвлари бўлди.
Шунингдек, у “Манчестер Юнайтед”га қарши дербидаги 0:2 мағлубиятга қарамай, яхши ўйин кўрсатди.
Ойни эса у кетма-кет икки “қуруқ” ўйин билан якунлади. Доннарумма Премьер-лигада “Вулверхэмптон” ва Европа Чемпионлар лигасида “Галатасарой”га қарши учрашувларда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиб, ҳар икки тўқнашувда жамоасининг бир хил – 2:0 ҳисобида зафар қучишига катта ҳисса қўшди.
Қадрли мухлислар, сиз нима деб ўйлайсиз, “Манчестер Сити”нинг январь ойидаги энг яхши футболчиси номига юқорида номи келтирилган уч нафар юлдуздан қай бири кўпроқ муносиб? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг.
Фикрлар
yutamiz