«Манчестер Юнайтед» Германия терма жамоаси ҳимоячисини трансфер қилиши мумкин
«Манчестер Юнайтед» Германия терма жамоаси ва «РБ Лейпциг» таркибида ўйнаётган чап қанот ҳимоячиси Давид Раумга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, манкунианликлар аввалроқ «Ньюкасл Юнайтед» ҳимоячиси Льюис Холлни ўз сафига қўшиб олишга уринган, аммо бу трансфер амалга ошмагани сабаб Раум асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
Ўтган мавсумда Раум барча мусобақалар доирасида 34 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 9 та голли узатма муаллифига айланди. Футболчининг «РБ Лейпциг» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳимоячининг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар