"Манчестер Юнайтед" ва "Реал"га Бундеслиганинг "янги Родри"си қизиқ

"Манчестер Юнайтед" скаутлари "Штутгарт"нинг 20 ёшли ярим ҳимоячиси Чема Андреснинг ўйинидан ҳайратга тушди. Бироқ, "қизил иблислар"нинг эҳтимолий трансферини амалга оширишга ўтган ёзда футболчини немис клубига сотган "Реал" халақит бериши мумкин. "Қаймоқранглилар" академияси тарбияланувчисини қайтариш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk хабар берди.

Манбага кўра, "Қироллик клуби" Андресни 11,4 млн еврога қайта сотиб олиш имкониятини кўзда тутган. "Реал" бу имкониятни келаси ёзда ишга тушириши мумкин.

Таъкидланишича, ярим ҳимоячи ўйин сифатлари бўйича "Манчестер Сити" футболчиси Родри ва "Барселона"нинг собиқ футболчиси Серхио Бускетсга ўхшайди.

Жорий мавсумда Андрес барча мусобақаларда 29 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 2 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталида келтирилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор нархи 15 млн еврони ташкил этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!