Манчестерликлар қимматбаҳо юлдузига нарх белгилади

Англия Премьер-лигасидаги мавқеини анча тиклаб олган “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти жамоа ярим ҳимоячи Мануэль Угарте учун 35 миллион фунт миқдорида нарх белгилади.

ПСЖдан 50 миллион фунт эвазига ўтганидан кейинги иккинчи мавсумида Угарте асосан захира футболчиси бўлиб қолди. Қимматбаҳо футболчи бу мавсум жами 915 дақиқа ўйнаб, Премьер-лигада атиги етти марта асосий таркибда майдонга тушган.

Sky Sport Switzerland нашри маълумотига кўра, Угарте “Юнайтед”нинг келаси мавсум режаларига кирмайди.

Манчестерликлар футболчи учун нархни белгилаб бўлди ва май ойидан бошлаб, Угартега  қизиқиш билдирган клублар билан музокараларни бошлашга тайёр.

Шу билан бирга, Угарте “Юнайтед”ни тарк этса ҳам, Премьер-лигада қолиши мумкин. Уни “Астон Вилла” ва “Ньюкасл” жамоалари қўлга киритишни истамоқда, шунингдек 24 ёшли уругвайлик футболчи “Ювентус”нинг ҳам диққат марказида.

Угартедан ташқари, манчестерликлар мавсум охирида Каземиро билан хайрлашишини аллақачон тасдиқлаган, шу сабабли ёзда жамоа бир йўла икки нафар янги ярим ҳимоячини жалб қилмоқчи.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!