Мақсуд Каримовнинг футболдаги хатоси ва 11 йиллик жамоасидан кетиши тўғрисида
Ads

Қаршининг «Насаф» клубида барқарор ва узоқ йил тўп сурган кам сонли футболчилардан бири – Мақсуд Каримов бўлди. 2008 йилдан «Аждарлар» аъзосига айланган футболчи 2018 йилнинг охирига қадар фаолият олиб борди. Айтиш керакки, шу вақт давомида Каримов катта тажриба тўплади ва ўз меҳнати орқали «Насаф»нинг етакчиларидан бирига айланди. Сардорлик боғичи остида ҳам тўп сурди. Бир сўз билан айтганда, хоразмлик футболчининг ҳаётида «Насаф» жамоаси ёрқин хотира билан эсланадиган бўлди. Ёдингизда бўлса, Каримов «Насаф» билан хайрлашгач, ушбу мавсумни Навоийнинг «Қизилқум» клубида бошлади. Лекин бунгача бир жамоада 11 йил ўйнаган ўйинчи фаолиятини ўзгартиргач, янги жамоа сафида бор-йўғи ярим мавсум ўйнади холос. Айни пайтда эса у про-лигада «Хоразм» жамоасида фаолият олиб бормоқда. Катта тажрибага эга бўлган 34 ёшли футболчининг ҳали бемалол Суперлигада бир маромда ўйнашига имконияти етарди. Бироқ нима сабабдан бирданига қуйи лигага йўл олгани кўпчилик учун ҳам тушунарсиз кўринган бўлса ажаб эмас. Шу боис Каримовнинг бир қатор муҳим масалалардаги фикрларини тинглашга қизиқишимиз катта эди. Лекин ундан ўзимизни қизиқтирган жабҳаларда жавобларини эшитишимиз осон бўлмади. Чунки Мақсуд аввалига бироз вақт кераклигини, кейинроқ гаплашсак мақсадга мувофиқ бўлишини айтди. Шундан сўнг орадан икки ҳафтача ўтгач, яна Каримовга юзландик ва бу сафар у «Насаф»даги фаолияти ҳақида, бирга ишлаган мураббийлар, Қаршидан кейинги ҳаёти каби бир қатор масалаларда ўзининг фикрларини очиқ-ойдин баён этди.

«Насаф»да 11 йил давомида футболчининг нима ушлаб турган?

Аслида бир жамоада узоқ йил тўп суришнинг ўзи бўлмайди. Футболчилар эса керак бўлса, йилда икки марта жамоа алмаштиришади. Бундай пайтда эса Мақсуд Каримовнинг бир клубда 11 йил тўп суриши катта гап. Қизиқ, уни шунча йил «Насаф»да нима ушлаб турган? Футболчи аввало шу ҳақида фикр билдирди.

- Авваламбор, «Насаф» жамоасидаги профессионаллик, у ерда йўлга қўйилган шарт-шароитлар доимо мени қониқтириб келган, - дея гап бошлади, Каримов. - Қолаверса, жамоанинг ашаддий мухлислари, футболга бўлган муносабат, эътибор, раҳбарларнинг қизиқиши – буларнинг барчаси мени бир жамоада тўп суришимга сабабчи бўлган. Натижада йилдан-йилга «Насаф»га бўлган муҳаббатим ошиб бораверган. Чунки клуб мунтазам равишда халқаро майдонларда иштирок этарди. Ҳар доим ўз олдига катта мақсадларни қўяди ва совринли ўринлар учун курашади. Шу билан бирга Қаршида ҳамма вақт ўз ишининг усталари ишлашган. Бундай муҳитда эса мен ҳам узоқ вақт фаолият олиб боришни хоҳлаганман. Ҳаттоки, шундай пайтлар бўлардики, Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларимизда стадион ташқарисида яна кўплаб мухлислар қолиб кетишарди. Бошқа вилоятлардан ҳам «Насаф»ни қўллаш учун келишарди. Жамоамизнинг мухлислари ниҳоятда кўплигини биз футболчилар ҳар доим ҳис қилиб турардик.

максуд каримов6

Унинг учун ёрқин ва аламли ўйинлар

Табиийки, унинг Қаршидаги фаолиятида ўзига яраша ёқимли ва ёқимсиз ўйинлар бўлган ва шуни инобатга олиб, собиқ ўйинчи ушбу масала бўйича ҳам олдинги ўйинларни эслаб ўтди.  

- Бундай ўйинлар кўп бўлган. Эсимда қолганлари ҳам талайгина. Мисол учун финалларда ютганимиз, ОФК Кубогига эга чиққанимиз, Суперкубокни қўлга киритган учрашувларимиз кўпроқ ёдимда сақланиб қолган. Бундан ташқари, «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив» каби жамоаларга қарши ўйинларимиз ҳар доим жуда қизиқарли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўларди. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасида ҳам яхши ўйинлар бўларди. Стадион тўла мухлислар қаршисида биз янада ўзгача иштиёқ ва юқори кайфият билан ўйнардик. Шунинг учун бундай онлар доим ёқимли маънода эсланади. Аламли ўйинларга келсак, ҳар доим ютқазган учрашувларимиз ёқимсиз бўлади. Шу сабабли бу борада биттасини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Лекин ютқазган ўйинларимиздан кейин икки-уч кунгача ўзимизга келишимиз қийин бўларди. Шунчаки, мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқариш керак эди холос. Адашмасам, 2012 йили чемпионат тугашига тўртта тур қолганди. «Пахтакор» ва «Локомотив» билан эса ўз уйимизда ўйнашимиз керак эди. Агар ушбу учрашувларда ғалаба қозонганимизда мамлакат чемпиони бўлардик. Аммо биз ўша ўйинларни ютқазиб қўйгандик. Бундан ташқари, яна чемпионликка яқин келган пайтларимиз ҳам бўлган. 2011 йили эса кумуш медални қўлга киритгандик. Ўша йили ҳам чемпион бўлишимиз мумкин эди. Аммо бундай бўлмаган. Хуллас, менинг фаолиятимда чемпионлик унвони етишмаяпти.

Мақсуд Каримовнинг «Насаф»га келиб қолиш тарихи

Аслида Каримовнинг «Насаф»га қандай келиб қолганини кўпчилик билмаса ҳам керак. Лекин бу ўтишнинг амалга ошишига кимдир сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин.

- Биринчи лигада Бухоронинг «Вобкент» жамоаси бўларди ва мен ўша ерда ўйнаб юргандим. Бизга Геннадий Кочнев мураббийлик қиларди. Мавсум тугаганидан сўнг Кочнев менга қўнғироқ қилиб, сени «Насаф»дан сўрашяпти деган. Шундан сўнг уйдагилар билан маслаҳатлашганимдан сўнг «Насаф»га боришга рози бўлганман. Ўша пайтда кўрикка борганман ва уч кундан сўнг шартнома тузганмиз. Натижада йилдан-йилга ўйинимизни яхшилаб борганмиз, - дея эслади, Каримов.

«Насаф»да бирга ишлаган мураббийлар ҳақида

Шунингдек, Мақсуд Қаршидаги фаолияти мобайнида бир қанча мураббийлар билан ишлади. Бу борада фикр билдирар экан, шундай деди:

- Қаршидаги фаолиятим 2008 йилдан бошланганди. Ўша пайтда бош мураббий - Виктор Борисов эди. Лекин уни иккита турдан кейиноқ ишдан олиб ташлашганди. Ваҳоланки, биз дастлабки турда «Динамо»ни ютгандик ва иккинчи турда Тошкентда «Локомотив» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб қайтгандик. Лекин Қаршига қайтиб келганимиздан сўнг Борисовни истеъфога чиқаришиб, ўрнига Эдгар Гессни олиб келишди. Лекин биз нима учун мураббийни алмаштиришганини билмасдик. Ҳар ҳолда мавсумни ёмон натижа билан бошламагандик. Гесс «Насаф»да ўша йили биринчи давра охиригача ишлади ва  иккинчи даврадан Усмон Тошев бош мураббийлик қила бошлади. Лекин у ҳам охиригача ишламади. У пайтга келиб клубда раҳбарлар ўзгарганди ва Баҳром Давлатов келганди. Тан олиш керак, жамоамизнинг ҳолати унчалик яхши эмасди. Чемпионат тугашига тўртта тур қолганида биз 11- ёки 12-ўринда эдик. Сўнг тўртта учрашувнинг учтасида ютганмиз ва мавсумни 9-ўринда тугатгандик, адашмасам. 2009 йилдан эса клубда катта ислоҳотлар ва ўзгаришлар бошланди. Эски «Насаф»дан таркибда фақат беш нафар футболчи қолгандик холос. Ўшанда «Машъал»дан 10-11 нафар ўйинчи кўчиб ўтган ва легионерлар ҳисобига жамоа ташкил этилган ва кучайгандик. Виктор Кумиков 2010 йилги мавсумгача ишлади. Иккинчи давра бошлангач, икки тур ўтгач, «Пахтакор»га қарши ўйиндан кейин уни ҳам истеъфога чиқаришди ва  украиналик Анатолий Демьяненко олиб келинди. У Қаршида 2011 йилги мавсум тугагунга қадар фаолият олиб борди. Ундан сўнг Рўзиқул Бердиев бош мураббийлик қила бошлади. Ўшанда Демьяненконинг тавсиясига кўра Бердиев ушбу лавозимга тайинланганди. Эсимда, ўша пайтда биринчи даврадан сўнг «Насаф» яхши ўйин кўрсатаётганди ва 1-ўринда эдик. 2011 йили ОФК Кубогини ютганимиз боис келаси йили Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этганмиз. Аммо жиддий мусобақадаги тажрибасизлигимиз туфайли гуруҳда учта ўйинни ютқазиб, битта дуранг ўйнагандик ва аҳволимиз оғир эди. Раҳбарлар эса бу натижадан қониқишмаганди. Шунинг учун Рўзиқул Саъдуллаевични ишдан олишди ва уни ёрдамчи мураббийликка қайтаришди. Усмон Тошев эса яна бош мураббий бўлди. Лекин ўша йили мавсум тугамасдан туриб яна Рўзиқул Саъдуллаевич ўз жойига қайтарилди. Мана, шундан бери Бердиев клубда фаолият кўрсатиб келяпти. Унинг бошчилигида «Насаф» яхши натижаларга эришиб келмоқда.

максуд каримов4

Кимдан нимани ўргангани ҳақида

Хўш, шунча мутахассислар билан ишлаб кимдан нималарни ўрганди? Мазкур масала юзасидан фикр билдирганида бир қатор мураббийларни алоҳида тилга олиб ўтди.

- Виктор Кумиковдан тўғри футбол ўйнашни ўрганганман. Эдгар Яковлевичдан ҳам ўрганган жиҳатларимиз бўлган. Демьяненко ҳам футболчиларга яхши тушунча бера оларди. Барча ишлаган мураббийларнинг билимлари ва кўрсатмаларини умумлаштириб, бизга соддароқ тарзда тушунтириб берган мураббий – бу Рўзиқул Бердиев бўлди. Ҳозирги кунгача у билан гаплашиб, бир қатор масалаларда маслаҳатлашиб турамиз.

«Насаф»дан кетишининг сабаби

Ана энди, унга «Насаф»дан нима сабабдан кетгани бўйича ҳам мурожаат қилдик. Чунки 11 йиллик фаолиятини яна давом эттириши ҳам мумкин эди. Лекин футболчи ҳаммасини шу ерда тугатиб қўя қолишни маъқул топди ва бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади.

- Биласизми, клубдан кетишимда шахсий нарсалар кўп эди. Буни ёзасизми-йўқми, билмадим, аммо доим ҳақиқатни айтаман. Қаршидаги 11 йиллик фаолиятим жуда яхши кечди. Аслида клубдан кетаётганимда Рўзиқул Бердиев менга имконият бериб, бошқа лавозимда бўлса ҳам қолишимни таклиф қилганди ва ҳамма нарсани ўзимга қўйиб берганди. Бироқ оилавий шароитим туфайли кетишга мажбур бўлдим. Биласиз, ўзим хоразмликман. Олдимда иккита йўл турганди: бола-чақамни олиб, фарздандларимнинг мактаб ва боғчасини тугатиб, Қаршига бутунлай кўчиб кетишим керак эди ёки бўлмаса қайтишим шарт эди. Барибир болаларнинг тарбияси ҳам мен учун керак эди. Ота-онам ва оилам билан ҳаммасини бафуржа гаплашдик. Очиғи, шунча йил Хоразмдан Қаршига бориб келавериб ҳам йўлдан чарчагандим. Ёш ўтган сари ҳаммаси ўз таъсирини кўрсатар экан.

«Қизилқум»га кетиши ва тарк этиши

Юқорида айтганимиздек, Мақсуд Каримов 2019 йилги мавсумни «Қизилқум»да бошлаганди, аммо у ерни биринчи даврадан кейиноқ тарк этишга қарор қилди. Албатта, бунинг сабабини ҳам айтиб ўтди.

- «Насаф»дан кетганимдан сўнг «Хоразм» жамоасида иш бошламоқчи эдим. Қўлимдан келганича у ерга ёрдам бермоқчи бўлдим ва қайсидир маънода жамоада иш ҳам бошланганди. Лекин кейин менга Суперлиганинг бир қатор клубларидан таклифлар бўлди. Очиғи, ўша пайтда ўйнайми ёки йўқми, дея фаолиятимни давом эттириш масаласида иккиланиб тургандим. Лекин олдимда 5-6 та клубдан таклиф тайёр турганди. Қишда эса «Бунёдкор»да шуғулландим. Мавсум бошланишига яқин эса «Қизилқум» жамоасига ўтиб кетдим. Гапнинг очиғи, бу клубдаги натижалардан қониқмадим. Балки салбий натижалар менга қаттиқ таъсир қилган шекилли. Чунки мен ҳар доим юқори ўринлар учун курашиб келгандим. «Қизилқум»да эса вазият бошқача бўлди. Шунинг учун у ерда мени ҳеч нима ушлаб тура олмасди. Охирги ўринларда юриш мен учун ноқулай бўлди. Клуб бош мураббийи Ҳамид ака Актамов билан ўртамиздаги илиқ муносабатларни сақлаб қолган ҳолда дўстона равишда хайрлашдик. У киши билан ҳозиргача гаплашиб турамиз.

мақсуд каримов2

Энди у «Хоразм»да!

Қизиқ томони, у ҳозир про-лигада «Хоразм» жамоасида фаолият олиб боряпти. Буни эса Каримов шундай тушунтирди.

- Ҳа, айни пайтда мен «Хоразм» жамоасидаман. Раҳбарлар мени клубга ёрдам бериш учун чақиришди ва у ерда ишлашга ўзимнинг ҳам хоҳишим йўқ эмасди. Иккинчи даврадан бу ерда иш бошладим. Ҳозирча мени футболчи сифатида рўйхатдан ўтказишди. Лекин клубнинг ташкилий ишларида ҳам бош-қош бўлиб юрибман. Балки яқин орада мени жамоада бирор-бир лавозимга тайинлашлари ҳам мумкин. Агар шундай бўлса, балки футболчилик фаолиятимни расман якунларман. Ҳозирча эса ора-орада майдонга тушиб ёшларга маслаҳатлар бериб ўйнаб турибман. Бунгача эса мураббийлик учун ўқув-курсларини бошлаб юборганман. Яқинда «С» лицензиясини ўқиб тугатдим. Энди «Б» учун ўқимоқчиман. Айтмоқчиманки, параллел равишда мураббийлик ўқув-курсларини ҳам бошлаб юборганман.

Каримов нега яна Суперлигада қолмади?

Барибир унинг тажрибаси катта эди ва бемалол яна Суперлига клубларида барқарор тўп суришга қурби етарди…

- Суперлигада ўйнаш ниятим бор эди ва ҳаммасини чиройли тарзда тугатиб қўймоқчи эдим, - дея гапини давом эттирди, Каримов. - Аслини олганда эса «Насаф»дан кетганимдан сўнг бошқа жамоада ўйнаш ниятим йўқ эди. Қаршидан кетган чоғимда барча тўплаган тажрибаларимни «Хоразм» жамоасида қайси лавозимда бўлса ҳам сарфлаш ҳақида ўйлагандим. Ўзим туғилиб ўсган шаҳрим учун ёрдам бериш ниятида эдим. Аммо қишда Эркин Бойдуллаев ва Артур Геворкян «Қизилқум»га кел, бирга ўйнаймиз деб айтишгани учун у ерга кетгандим. Лекин «Бунёдкор»да мен билан ҳаммаси жойида эди. Вадим Абрамов билан келишгандик, ишлар бир маромда эди. Бироқ клубда ҳали йиллик смета тасдиқланмаганди, ваҳоланки, «Бунёдкор» учун боримни бериб ўйнамоқчи эдим. «Насаф»га эса қайта олмасдим. Ишонасизми, Рўзиқул ака Бердиев мени охирги дақиқаларгача кутганди. Гапнинг очиғи, у ёғига мен учун чалкаш ҳолатлар бўлиб кетди. Ўзимга ҳозир ҳам кўпчилик нега Суперлигадан кетганимни, яна бемалол ўйнашга имкониятингиз етарди-ку, деб айтишади. Тўғриси, про-лигада ўйнаб юриш мен учун яхши нарса эмас. Албатта, ҳамма ҳар хил ҳаёлга бориши мумкин. Лекин вазият турлича бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Мақсуд Каримов қандай хатосини тан олди?

Инсон борки хато қилади. Шу жумладан мақоламиз қаҳрамонининг таъкидлашича айрим хатоларга йўл қўйганини тан олди. Қуйида шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

-  Яширмайман, бошиданоқ мен хато қилдим. Гарчи футболда шунча тажрибага эга бўлсам-да, хатога йўл қўйдим. Биринчи хатоим шунда бўлдики, фаолиятимни «Насаф»да тугатдимми, энди бошқа футболга қайтмаслигим керак эди. Иккинчиси, хўп майли яна ўйнаш иштиёқи туфайли футболга қайтдимми, унда «Бунёдкор»дан кетмаслигим керак эди. Лекин ўша пайтда боя айтганимдек, жамоадаги вазият оғир бўлиб турганди. Мавҳумлик бўлиб турганди.  Шунга қарамай, «Бунёдкор»дагилар билан барчасини келишиб қўйгандик. Аммо ҳаммаси хатолик билан ўзгариб кетди. Бир томондан дўстларим чақирди ва молиявий томондан яхши таклиф бўлганди. Ўша вазиятда менинг бошим айланди. Бироқ ҳамма ҳам хато қилади.

Футболдан бошқа иш ҳақида

Мақсуд Каримов футболдан бошқа иш билан ҳам шуғулланадими? Ушбу қизиқтирган масала бўйича шундай деди:

- Кўпчилик мен ҳақимда фикр билдирар экан, сенда мураббийлик қобиляти бор деб гапиришади. Балки ростдан шундайдир, лекин ҳали ўзим билмайман. Ҳар қандай иш билан шуғуллансам ҳам фақат сидқидилдан бажаришга одатланганман, чунки тарбиям шунақа. Қайси йўналишда ишласам ҳам барчасини тўғри тизимда олиб кетишим мумкин. Аммо энди бошқа хато қилмасдан иложи борича тўғри йўлдан кетишим керак. Лекин ҳозирги ҳолат ўзимга ёқмаяпти. Тезроқ аниқ бир иш билан шуғулланишим керак.

Каримовнинг армони

Мулоқотимиз якунида футболдаги армони сифатида чемпионликка эриша олмаганини айтди.

- Чемпионлик мен учун армонга айланди. Балки мураббийликда бу истагимга эришарман. Ҳаммасига вақт олий ҳакам.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Dima Muratov
25/08/2019 19:00
Xali xam Nasaf ga qaytish imkoni bor ekan, xammasini qayta boshlash kerak.
Murod Panjiev
24/08/2019 22:17
Мен Максуд Каримовни яхши танийман сенга илтимос кел сурхонга сени жуда хурмат киламиз