«Машъал»га нигериялик бизнесменлар нима учун қизиқиш билдирмоқда?
Қашқадарёда футбол жуда оммалашган ва вилоятда ушбу спорт турининг ривожланишида «Машъал» клубининг ҳам катта ҳиссаси бор. Муборак вилоятнинг мўъжазгина шаҳри ҳисобланади. У ерда маҳаллий аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун стадионда футбол томоша қилиш энг яхши вариант ҳисобланади. Муборакда қандайдир кўнгилочар байрамлар ва концертлар ҳам асосан стадионда ташкиллаштирилади. Айниқса, клуб элитада иштирок этган пайтларда мубораклик мухлислар жамоасининг ҳар бир ўйинидан роҳатланишарди. Лекин у кунлар мубораклик мухлислар учун орзуга айланиб боряпти. Ишқибозларини ўзининг ўйинлари билан қаттиқ ранжитмайдиган «Машъал» клуби мана иккинчи йилдирки, про-лигада иштирок этишга мажбур бўлмоқда.
Афсуски, «Машъал» жамоасининг осмонидаги қора булутлар ҳали ҳамон тарқаб кетмаган. 2017 йили олий лигада 7-ўринни эгаллаган «Машъал» турли сабабларга кўра қуйи лигага «бадарға» қилинди. Натижада ўтган йили про-лигада қатнашди ва 2-ўринни эгаллаган ҳолда Суперлигага ўтиш учун плей-офф босқичида қатнашди. Аммо «Сўғдиёна»га қарши учрашувда муборакликлар имкониятни бой беришди. Қишда эса Суперлигада жамоалар сони оширилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Аммо раҳбарият иштирокчилар сони ўзгаришсиз қолиши ҳақида бот-бот гапириб келишди. Лекин охири вазият шундай бўлдики, Суперлигага қуръа ташланадиган куни иштирокчилар сони 14 тага оширилган ҳолда про-лигадан иккита жамоани қўшиб қўйишди. Булар – «Сурхон» билан «Динамо». Олдиндан Термизнинг «Сурхон» жамоасини Суперлигага қўшилиши ҳақида гап-сўзлар юганди. Бу жамоалар эса ўтган йили про-лигада 4- ва 5-ўринларни эгаллашганди. «Машъал» эса 2-ўринни қўлга киритган. Агар Суперлигага про-лигадан иккита жамоа қўшилмоқчи бўлса, улардан бири «Машъал» бўлиши керак, шундай эмасми? Лекин раҳбарият «Сурхон»га қўшиб, «Динамо»ни ҳам Суперлигага олиб чиқиб қўйди. Бу ёқда эса яхши инфратузилмага эга бўлган «Машъал» яна қолиб кетди. Бу эса одамларда яна саволларни келтириб чиқармоқда. Бу клуб биринчилардан бўлиб ўз академиясига эга бўлган ва йиллар давомида терма жамоаларимиз учун муносиб номзодларни етказиб берган ва бу ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда. «Машъал»дан тайёр «маҳсулотлар» чиқаётган бир пайтда бундай жамоанинг про-лигада мажбурий тарзда иштирок этаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Бундай вазиятда эса «Машъал» ўзбек футболига керакми, деган ҳақли савол туғиляпти. Бунгача футболимиз учун кўп иш қилган жамоага нисбатан адолатсизлик қилиняптими ёки йўқми, бунга олий ҳакам – вақт жавоб беради.
«Машъал» клуби бу йилдан эътиборан таркибини сезиларли даражада ёшартириб юборди. Улар ўтган йилги таркибдан кўплаб ўйинчиларни бошқа жамоаларга трансфер қилди. Аммо раҳбарият изланишдан тўхтаб қолаётгани йўқ. Улар мавжуд вазиятга қарамасдан клуб бренди ва имиджини ошириш устида ишлашаётгани қувонарли. Бунинг учун муборакликлар нигериялик бизнесменлар билан ҳамкорлик қилишга яқин турибди. Клуб вице-президенти Илҳом Қурбонов биз билан суҳбат чоғида шу масала ҳақида тўхталиб ўтди.
- Суперлигага «Сурхон» билан «Динамо» қўшилиб, иштирокчилар сони 14 тага оширилди. Агар спорт тамойиллари бўйича қарайдиган бўлсак, аввало про-лигада 2-ўринни олган «Машъал» Суперлигага йўл олиши лозим эди. Лекин яна муборакликлар четда қолишди. Ўша вазиятдан кейин «Машъал» ҳозирча ўз реакциясини билдиргани йўқ. Хўш, бу вазиятга нима деган бўлардингиз?
- Раҳбариятнинг ўз танлаган стратегияси бор. Уларнинг олиб бораётган ишлари балки тўғридир ёки нотўғридир. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозир эса бу ҳолатга нимадир дейишим қийин. Умумий футболга жавоб берадиган одамлар бор, биз эса ўз ишимизни қилишда давом этаверамиз. Орқага чекиниш ниятимиз йўқ. Албатта, муаммоларимиз бор ва бунинг устида ишлашимиз керак. Бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ. Очиғи, футболимиз раҳбарларининг чиқарган қарорларини муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. Кимнидир айблаш фикридан узоқдамиз. Мана, узоқ йиллик танаффусдан сўнг «Сурхон» Суперлигага қўшилди. Балки бу 2-3 йилдан ўз самарасини бериши мумкин. Раҳбарлар шунча йил спорт тамойиллари асосида ишладинглар, бу вақт ичида нимани исботлай олдинглар деб сўрашлари ҳам мумкин. Раҳбариятнинг асосий мақсади ўзбек футболини юқорига кўтариш. Улар биздан шу пайтгача нима қилдинглар деса, биз жавоб беришга тайёр эмасмиз.
- Нима учун? Ахир «Машъал» кўплаб футболчиларни терма жамоаларими учун етиштириб беряпти-ку…
- Йўқ, мен биргина «Машъал»ни назарда тутаётганим йўқ. Умумий ўзбек футболи ҳақида гапиряпман. Чунки ҳозирги раҳбариятимиз футболимизда ўзгаришларни амалга оширишмоқда. Мен уларнинг ёнини олиб айтаётганим йўқ, шунчаки, ҳаммасини таҳлил қилишимиз керак. Бу ўзгаришлар бизга нима олиб келади? Ҳаммасини вақт кўрсатади. Бизнинг қилаётган ишларимиз таваккал. Бизнесда ҳам кўп нарсаларни ҳисоб-китоб қилганингиз билан барибир таваккалга қўл урилади. Балки бундай ишлар бизни ўз устимизда ишлашга янада кўпроқ туртки берар. Қисқаси, раҳбарларнинг чиқарган қарорларига ҳурмат билан муносабатда бўлган ҳолда ўз ишимизни давом эттиришимиз керак.
- «Сурхон» билан «Динамо»нинг Суперлигага қўшилишини билармидингиз?
- «Сурхон»да танишларимиз ва дўстларимиз бор. Улар билан гаплашиб турамиз. Жамоадагилар биз Суперлигада 100 фоиз ўйнаймиз деб айтишганди. «Динамо»да бош мураббий Даврон ака Файзиев билан ҳам муносабатларимиз яхши, унинг айтишича, бундай бўлишини кутмаган. Бу ўзи учун ҳам катта синов бўлишини ва жамоаси ҳали Суперлигага тайёр эмаслигини айтганди.
- 2017 йили «Машъал» чемпионатда 7-ўринни эгаллаган бўлса-да, биринчи лигага тушириб юборилди ва ўтган йили про-лигада иштирок этишга мажбур бўлди. Бу сафар ҳам «Машъал» яна четлаб ўтилди. Клуб раҳбари сифатида бу ҳол сизга нимани англатяпти?
- Назаримда, ҳар бир вилоятнинг бош жамоаларини Суперлигада қатнашишини исташяпти, ҳар ҳолда менга шундай туюляпти. Лекин биз ўз йўналишимизни танлаб бўлганмиз. Ҳар йили 5-6 нафар футболчимизни трансфер қилмоқчимиз. Бу йил эса 9 нафар ўйинчимизни трансфер қилишга эришдик. Биз халқаро алоқалар бўлимимизга нигериялик футбол мутахассисини ишга олганмиз. У Нигерияда катта бизнесменлар билан учрашди ва май ойида улар Ўзбекистонга келишларини тасдиқлашди. Нигериялик бизнесменлар ўзбек футболи ва «Машъал» клубини ўрганиш учун келишади. Уларнинг Нигерия чемпионатида ўз клуби ҳам бор. Айтишим мумкинки, улар жиддий одамлар. Энди Ўзбекистонда ҳам футболни ўрганиб чиқишмоқчи.
- Нигериялик бизнесменларнинг ташрифидан «Машъал» қандай манфаатдор бўлиши мумкин?
- Бизнесни йўлга қўйиш. Айтишлари бўйича Англия премьер-лигаси билан ҳамкорликда ишлашар экан. Айниқса, «Челси» билан ҳамкорликлари бор. Шунингдек, қуйи дивизионларида ҳам ҳамкорлик қилаётган жамоалари борлигини айтишди. Нигерияликлар ўзбек футболини яхшилаб ўрганиб чиқишганидан сўнг биз билан музокараларга киришишлари мумкинлигини маълум қилишди. Натижада биз уларни таклиф қилдик. Ҳозирдан баландпарвоз гапларни гапириш ноўрин. Лекин биз изланяпмиз ва бу лойиҳамизни амалда қўллаб кўришга ҳаракат қиляпмиз. Шу орқали «Машъал» клубини ҳар томонлама ривожлантириш дастурини ишлаб чиқамиз.
- Ҳозирги вазият гарчи «Машъал» учун оғир бўлса-да, барибир изланишдан тўхтамаяпсизлар. Ўтган йили про-лигада 1-ўринни олиб, Суперлигага чиқсак у ерда иштирок этишимизга кафолат борми, деган гапингиз ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Аммо кўриниб турибдики, бора-бора жамоа про-лигага мослашиб бораётгандек…
- Тўғриси, бундай ҳолатлар иштиёқимизга таъсир қилаётгани ҳам бор гап. Лекин биз шу клубда ишлаяпмизми, унда олдинга қараб юриш ва ҳаракат қилиш бу бизнинг вазифамиз. Агарда «Машъал» четда қолиб кетяпти деб мен, мураббийлар ёки бошқалар қўл силтаб қўйса, битта клуб ёпилиб кетиш даражасига келиб қолиши мумкин. Биламан, футболимиз раҳбарияти ҳам «Машъал»нинг ёпилиб кетиш тарафдори эмас. Барибир улар ҳам статистикага қарашади. Жамоамиз терма жамоаларга қанчадан-қанча ўйинчиларни етказиб берган. Биз бу борада ўзимизни 1-рақамли жамоамиз деб ҳисобламайман. Лекин ўйинчи етказиб беришда оқсоқлардан бири ҳам эмасмиз. Биз ўзимизни футболимизнинг ривожланиш йўлидаги бир бўлаги деб ҳисоблаймиз. Шундай экан, биз тўхтамаймиз. Мураббийларимиз билан ҳам ҳаммасини гаплашиб олганмиз. Ўтган йилги таркибимиздан 90 фоиз ўйинчилар кетишган. Бу йилдан яна янги жамоани шакллантиряпмиз. «Машъал»нинг бугунги ўртача ёши 21 да.
- Юқорида айтиб ўтганингиздек, қишда 9 нафар ўйинчини трансфер қилдинглар. Ўша ўйинчилар орқали «Машъал» қанча даромад топди?
- Бу клубнинг ички сири бўлиб қолсин. Аммо даромад дейишимиз қийин. Даромад қачон бўлади? Сиз беш сўм сарфлаб, олти сўм олсангиз ўшанда бир сўм даромад қилган бўласиз. Ҳозирги кунда эса бир қатор жиҳатларда ўзимиз кутган даражада ишлай олмаётганимиз учун даромад қилдик деб айта олмайман. Фақат футболчиларни трансфер қилдик.
- Хўш, ўша трансфер қилинган ўйинчилар орқали клубнинг ҳисоб-рақамига маблағлар ўтказиляптими?
- Ҳа. Кимдир қисман пул ўтказиб берди, яна кимдир деярли тўлаб бўлди. Агарда бу йил тўртта клуб фаол тарзда футболчиларни трансфер қилган бўлса, биз кучли учликка кира оламиз. Бунгача ҳеч ким сотиб олмасди ва асосан ижарага ўйинчи олишарди. Бу йил эса футболчиларимизни ҳам сотиб олишди, ҳам ижарага олишди. Клуб раҳбарлари билан гаплашиб, жамоамизда яна янги штатларни очяпмиз. Эндиликда матбуот хизмати бўлимида ходимларни кўпайтиряпмиз ва видеооператорлар сонини ҳам оширяпмиз. Жамоамизнинг ҳар бир ўйинчиларига алоҳида видеоролик тайёрлаш билан шуғулланадиган ходимларимиз бўлади. Бу кейинчалик скаутларга ҳам жуда қўл келади. Айни пайтда ушбу бўлимимизни шакллантириш жараёнида турибмиз.
- «Машъал» яна Суперлигага чиқиш учун курашадими?
- Шубҳасиз. Биз учун юқорида юриш ёқимли. Шу боис барибир 1-ўрин учун курашамиз. Иқтидорли ёшларимизни тайёрлаб сотиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан бирига айланган. Биз ўйинчилар билан бир йиллик шартномалар тузмаймиз. Камида уч йилга мўлжалланган шартномаларга эга бўламиз. Агар бизга қайсидир футболчимизга яхши пул таклиф қилишса, бемалол сотиб юбораверамиз.
- «Машъал» академиясига хорижлик мураббийнинг келиши кутилаётганди. Бу масала нима бўлди?
- Ҳа, келиши керак эди. Аммо ҳозир маълум сабабларга кўра бу савол очиқ қолмоқда. Умуман олганда, биз олдимизга аниқ мақсадларни қўйиб, турли лойиҳалар устида ишлаш орқали ўзимизни овунтиряпмиз. Терма жамоаларимизда ўйнаётган ўйинчиларнинг кўпчилиги «Машъал»дан етишиб чиқишган. Майли, улар бошқа клублар орқали терма жамоаларда тўп суришяпти. Аммо ўшалар «Машъал» академиясидан чиқишган. Буни клубимиз раҳбарига ҳам тушунтиряпмиз. Биз ўз йўлимизда давом этаверамиз. Юқорида айтганимдек, футболимиз раҳбарлари бундай қарорлар чиқаришдан олдин нималарнидир ҳисобга олган бўлишса керак. Балки бу тўғри бўлиб чиқар. Биз эса тўхтаб қолмаймиз.
Фикрлар