"Машъал" бош мураббийи: "Ўйинчимиз майдондан четлатилганидан сўнг кўп нарсалар ўзгариб кетди"

“Андижон” – “Машъал” (2:0) беллашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Игорь Суров матбуот анжуманида иштирок этди.

- Тушуниш мумкинки, ўйинчимиз майдондан четлатилганидан сўнг кўп нарсалар ўзгариб кетди. Шундан кейин бир қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Лекин хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Нима дейишим мумкин? Имкон қадар хавфли вазиятлар яратишга ҳаракат қилдик. Лекин ўхшамади. Бир вазиятда яхши имконият бўлганди, бироқ омад юз ўгирди. Агар ўйин 11 га 11 бўлганида бутунлай бошқача ўйин бўларди. Шундай бўлганида рақиб ҳам бизга нисбатан бошқача ўйин кўрсатган бўларди.

- “Машъал”дан кўп нарса кутилганди, бироқ бундай кучсиз ўйинни кутмагандик...

- Бизни ўйинимиз нимаси билан кучсиз бўлди? Бир футболчимиз четлатилдику.

- Шу сабаб бўлдими?

- Сиз нима деб ўйлайсиз? Бир ўйинчини четлатилиши ўйинга салбий таъсир кўрсатади-да. Жамоа белгиланган тизим бўйича ўйнади, ҳужумлар уюштирди. Яхши ҳаракат қилиб, вазиятлар яратдик. Сизнингча, ўйинимиз кучсиз чиқдими? Бир футболчи кам бўлган ҳолда рақибга тенгма-тенг қаршилик қилиш ҳам аслида қийин масала. Буни кучсиз ўйин деб бўлмайди. Бир футболчи камлигини билдирмасдан вазиятни ушлаб туриб ўйнаш осон эмас. Учрашувни қутқариб қолишга ҳаракат қилдик.

- “Машъал” 4 та учрашувда 4 та мағлубиятга учради ва ҳали гол ура олмади...

- Албатта, буни билиб, кўриб турибмиз. Шундай бўлса-да, бизда ҳар бир ўйинда имкониятлар бўляпти. Охирига етказа олмаяпмиз. Ҳаттоки, бугунги учрашувда ҳам вазиятларга эга бўлдик. Афсуски, фойдалана олмадик. Рақиб эса имкониятлардан фойдаланиб кетди. Бу футболда тез-тез учраб туради. Жамоада характер бор, йигитлар натижа қилишга ҳаракат қилишди.

- Чемпионат бошланишига яқин “Машъал”га келдингиз. Жамоа сиз истаган ўйинни кўрсата оляптими?

- Мени футболга қарашим бўйича фалсафам бор. Кимдир мени тўлиқ, яна кимдир кейинроқ тушунди. Жамоани секундлар давомида қуриб бўлмайди. Узоқ давом этадиган жараён зарур. Футболчиларга вақт керак. Уларга ишонамиз, сабр ҳам керак. Биз сабр қиламиз ва кутамиз. Ўйлайманки, ҳаммасини тўғрилаймиз. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!