"Машъал" янги лойиҳага қўл уряпти: "Бенфика" билан "Порту"нинг йўли танлаб олинди, мақталаётган легионер келяпти, натижага жавобгар бош мураббий эмас, балки...
Муборакнинг “Машъал” клуби доим изланишда, қандайдир янгиликларга қўл уришни хуш кўришади. Шунинг учун ҳеч ким кутмаган лойиҳаларга қўл уришади. Шу томонлама ҳам ҳамиша улар эътиборимизни тортиб келади.
Яқинда испаниялик мутахассис Серхио Маринангели клубда маслаҳатчи мураббий сифатида ишга олингани маълум қилинганди, аммо куни кеча уни бош мураббий сифатида расман таништиришди. Бу борада клуб бош директори Илҳом Қурбоновнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этсак арзийди. Тиниб-тинчимаган раҳбар клубнинг имиджи, мавқеи ҳамда йўналишини янада оммалаштириш мақсадида “El Golazo” компанияси билан ҳамкорликни бошлади.
“Машъал” бош директори Илҳом Қурбонов sports.uz мухбири билан айрим масалаларда мулоқот қилди. Аввало испаниялик Серхио Маринангелини нима учун бош мураббийликка тайинлангани хусусида тўхталди ва шу билан бирга натижа учун у жавоб бермаслигини ҳам айтиб, шундай деди:
- Бизнинг услубимизга бироз ўзгартиришлар киритилган. Масалан, бошқа жамоаларда ҳаммасини бош мураббий ҳал қилса, бизда бундай эмас. Жамоамизда биз билан лойиҳани бирга қурган инсон ҳаммасига жавобгар шахс бўлади. Ўша лойиҳани бирга қурган инсон Дилявер Ваниев. Икки йилдан бери ўз йўналишимизга киришганмиз ва унга жавобгар Ваниев ҳисобланади. Жамоа бошлиғи бош мураббийдан кейин туриши нотўғри, бу мени фикрим. Мисол учун бош директор ўринбосарига бўйсунмайди-ку, тўғрими? Тўғри, бош мураббийимиз бор, Серхиода “Про” лицензияси ҳам бор. Лекин лойиҳамизга Ваниев билан бирга асос солганимиз учун натижага ва бошқа жиҳатларга у жавоб беради. Европада ҳам шундай иш юритиш сиёсати қўлланилмоқда. Серхио келганида яна бир бор ўзи билан барчасини бафуржа гаплашиб олдик. Вазиятга аниқлик киритиб олдик. Ҳеч кимда ҳеч қанақа эътироз бўлмади. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди. Испаниялик мураббий учун бу янгилик ҳам эмасди. Мен тайёрман, ишлагани келганман ва ишимни кўрсатмоқчиман деди. Биз клуб сиёсатини тушунтирдик ва бундан чекинмаслигимизни айтдик. Биз Серхио Маринангели билан икки йиллик шартнома имзоладик.
Шу ўринда муборакликларнинг янги мақсади ва йўналишлари ҳам қандай эканлиги қизиқ. “El Golazo” компанияси билан янги ғоялар устида ишлашмоқда. Испаниялик мутахассис ҳам ушбу лойиҳанинг бир қисми, аслида.
- Кўпроқ ёшларни тарбияламоқчимиз. Бизда шу кунларда яна янгиликлар бўлади, - дея мавзуни давом эттирди, Қурбонов. - Расман ҳали ҳал бўлмаган бўлса-да, майда деталларини келишиб олиш қолди. Биз “El Golazo” компанияси билан ҳамкорликни бошлаганмиз. Серхио ўша компаниянинг мижози ҳисобланади. Ҳаммасини келишиб олсак, катта лойиҳага қўл урмоқчимиз. 2021 йилда “Машъал” “El Golazo” билан қандай ишлар бажаришини келишиб оламиз. Клубни янада реклама қилиш, савиясини кўтариш бўйича ишлар олиб борилади. Бош мураббий кўпроқ ёшларни тарбиялашга эътибор қаратади. Ўтган йилги 10-ўрнимизга нисбатан бу мавсумда юқорироқ ўринга кўтарилмоқчимиз. Нима иш қилсак, “Машъал”нинг номи матбуотда кўпроқ кўринади, рекламада танилади, бу бизга нималар беради? Шулар ҳақида музокаралар олиб бориляпти. Ўз вақтида “Бунёдкор” шов-шув кўтарганди. Биз қандай шов-шув кўтаришга кучимиз етади? Шуларни кўриб чиқяпмиз.
Эшитишимизча, “Машъал” яхши савиядаги легионерни олиб келмоқда. Айтишларича, у энг зўрларидан бири бўлиши мумкин экан. Чунки клубдагилар жуда яхши фикрда бўлишмоқда. Бу борада клуб раҳбари шундай деди:
- Қиммат, номи чиққан футболчиларни олиб келишни молиявий жиҳатдан мақсадсизроқ деб ҳисоблаяпмиз. Иложи борича иқтидорли ўйинчиларни қидиряпмиз. Лекин иккита легионерни олиб келяпмиз, улар 12 январда етиб келишади. Тўғриси, кимнинг йўлини танлаганимизни бемалол яширмасдан айта оламан. Биз “Бенфика” билан “Порту”нинг йўлидан боряпмиз. Ишлаш услуби бизга манзур. Пандемия даврида бизда бўш вақт жуда кўп бўлгани учун қилаётган ишларимизни обдон таҳлил қилишга вақтимиз етарлича бўлди. Келаётган легионерлар - Самуэль билан Уильям, бири ҳужумчи, яна бири ҳужумкор ярим ҳимоячи. Иккаласи ҳам Нигериядан. Деярли 90 фоизга жамоамизда қолишади. Уларни анчадан бери кузатиб келаётгандик.
Яқинда Сардор Абдураимовнинг легионерга айланиши ҳақида ҳам хабар бергандик. Илҳом Қурбонов эса шу ва яна бошқа ўзгаришлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
- Футболчиларимизга қизиқишлар бор ва музокаралар давом этяпти. Сардор Абдураимов ва яна айрим ўйинчиларимизни тақдири кейинги ҳафтага аниқ бўлади. Трансферга қўйиб сотамиз деган футболчиларимизга нисбатан бошқаларга кўп таклифлар бор. Лекин нархлари бизга тўғри келмаслиги учун музокараларни тўхтатиб турибмиз, - деди Илҳом Абдуғаниевич.
Фикрлар