
"Машъал"нинг янги мураббийи жиддий имтиҳон қаршисида, Хебай собиқ клубини жазолай оладими? Бугун Суперлигада 2-давра бошланади
Бугун 1 август ва Суперлиганинг иккинчи даврасига расман старт берилади. 3 кун мобайнида режалаштирилган 8 та ўйин бўлиб ўтади. Ёзги танаффус ва йиғиндан ким қандай ҳолатда қайтганлигини беллашувлар мобайнида кўриб борамиз. Шубҳа йўқки, бундан бу ёғига ҳар бир ўйиннинг аҳамияти ва даражаси жуда юқори бўлади.
1 август
20:00. “Бухоро” – ОКМК
Ёзги селекцияда таркибига Азиз Амонов, Тома Табатадзе каби футболчиларни қўшиб олиш орқали ҳужум чизиғини кучайтирган “Бухоро” ОКМКга қарши баҳс олиб боради. Биринчи даврани қониқарли ўтказа олмаган Улуғбек Бақоев жамоаси жиддий рақиб саналган ОКМКни енгиш йўлларини қидирмоқда. Миржалол Қосимов жамоаси эса доимгидек фаворит мақомида. Аммо қайси бири ёзги йиғинни яхшироқ ўтказганини балки ушбу тўқнашувда кўриб олармиз. Албатта, бундай пайтда битта ўйиндан хулоса қилиб бўлмайди. Бироқ иккала жамоани ҳам мақсади бор. Иккинчи давра эса ҳал қилувчи.
20:00. “Машъал” – “Пахтакор”
Кутилмаганда ёзги йиғин пайтида бош мураббийини ўзгартирган “Машъал” кимсан “Пахтакор”ни Муборакда қабул қилади. “Шерлар”ни вақтинча бошқариб, яхши натижалар кўрсатган Камолиддин Тожиев тўлақонли равишда ушбу лавозимдаги ишини давом эттиради. Отабек Нарзуллаев эса “Машъал” бош мураббийи сифатидаги илк имтиҳони “Пахтакор”га қарши учрашувга тўғри келмоқда. Кўрамиз, таркиб ва мураббийлар штаби ўзгартирилган “Машъал”нинг ўйини қанчалик ўзгарган экан?
2 август
19:00. “Нефтчи” – “Бунёдкор”
Турнинг марказий ўйинларидан бири шубҳасиз Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Мавсум бошида таркиби шундоқ ҳам энг кучлиги бўлган “Нефтчи” ёзги селекцияда янада янги, маҳоратли ижрочиларни қабул қилиб олди. “Бунёдкор” Илёс Зейтуллаев бошчилигида биринчи даврани 4-ўринда якунлади ва яхши таассурот қолдирди. Иккинчи даврада ҳам “Қалдирғочлар”дан кўп нарса кутиляпти. Биринчи даврадаги баҳсда ушбу жамоалар жанговар 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишган. Чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи” мавсумнинг иккинчи қисмида янада катта иштиёқ билан кириб бормоқда. Одил Ҳамробековсиз қолган “Бунёдкор” ҳам таркибига янги ўйинчиларни қўшиб олган. Имкониятлар деярли тенг, қолганини майдонда кўрамиз.
20:00. “Сўғдиёна” – “Насаф”
Биринчи даврада мухлислари кутган натижани кўрсата олмаган “Сўғдиёна” иккинчи давра учун таркибини ҳатто биринчи давра тугмасиданоқ кучайтиришни бошлаб юборганди. “Насаф”дан Рубин Хебайни қўлга киритган ва энди ушбу ўйинчи иккинчи даврани собиқ жамоасига қарши ўйин билан бошлайди. Қизиқ, у собиқ жамоасини жазолай олармикин? Ҳамма вақт “Сўғдиёна” – “Насаф” тўқнашувини кузатиш жуда мароқли. Бердиев ҳам таркибга янги ўйинчиларни таклиф қилди ва улар асосан легионерлар бўлиб, нималарга қодирлигини мавсум давомида кўрамиз. Жиззахдаги ўйин ҳарорати баланд бўлиши шубҳасиз.
21:15. “Динамо” – “Навбаҳор”
Яна бир жиддий рақиблар ўртасидаги ўйин гувоҳига айланамиз. Турнир жадвалида жамоаларни фақат уч очко ажратиб турибди. Иккала жамоа ҳам ёзги йиғинни Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтказиб қайтишди. Вадим Абрамов ҳам, Сергей Лушчан ҳам очиқ, ҳужумкор футболни ёқтиришади ва биринчи даврада уларнинг жамоалари томонидан кўрсатилган ўйин кўпчиликда яхши таассурот қолдирган. Рости, имкониятлар мутлақо тенг.
3 август
19:00. “Андижон” – “Қўқон-1912”
Иккинчи давранинг илк турида водий дербисига гувоҳ бўламиз. Таркибини сезиларли даражада кучайтиришга эришган “Андижон” “Бобур арена”да “Қўқон-1912” жамоасини қабул қилади. Максим Шацких жамоаси учун мавсумнинг иккинчи ярми янада муҳим. Боиси, Суперлигадан ташқари Осиё Чемпионлар лигасида ҳам қатнашади. Шу боис таркиб кучайтирилди ва чемпиоанатда ҳам мавқеини янада мустаҳкамлаши талаб этилади. Бунинг учун иккинчи даврани албатта ғалаба билан бошлашлари шарт. Баҳром Ҳайдаров жамоаси ҳам селекция ишларини олиб борган ҳолда таркибига Шохруҳ Гадоев ва яна бошқа футболчиларни қўшиб олди. “Бобур арена”да ажойиб футбол муҳити ҳукм суриши шубҳасиз.
20:00. “Шўртан” – “Хоразм”
Биринчи даврани 9 очко билан яққол аутсайдер сифатида якунлаган “Шўртан” иккинчи даврани Ғузорда “Хоразм”га қарши учрашув билан бошлайди. Очко йўқотишга мезбонларнинг ҳаққи йўқ. Йўқотиладиган ҳар бир очко “Шўртан”ни яна про лига томон етаклайверади. Шу мақсадда жамоага ёзги трансфер ойнаси пайтида бир қатор янги ўйинчилар жалб этилди. Ҳужум чизиғига Пўлатхўжа Холдорхонов, Жасур Ҳакимов сингари ўйинчилар олиб келинди. Имкониятлар тенг баҳоланаётган ўйинда балки биринчи гол урган жамоа ютиб кетиши мумкин.
21:15. “Сурхон” – “Қизилқум”
Бир-бирига муносиб рақиблар тўқнашуви қандай натижа билан якун топиши мумкин? Биласиз, “Сурхон”ни кўплаб етакчи футболчилари тарк этишди. “Қизилқум”да йўқотишлар у қадар кўп эмас. Қайтанга, сифатли ўйинчиларни олди. Ислом Кенжабоев, Асрор Ғофуров ва Шохруз Норхонов жамоа ўйинини кучайтириши катта эҳтимол. “Сурхон” етакчиларсиз ҳам жамоавий ўйинини сақлаб қола олганми? Буни ўйин давомида кўрамиз.
Фикрлар