Машҳур ҳужумчи ҳукумат билан можаро туфайли терма жамоадан кетди
Футболчи ўзини ҳақоратланган ҳис қиляпти
Габон миллий терма жамоаси сардори Пьер-Эмерик Обамеянг эндиликда мамлакат терма жамоаси сафида майдонга тушмаслигини маълум қилди. Футболчи бу қарорини мамлакат ҳукуматининг сўнгги ҳаракатлари билан боғлади.
Январь ойида Габон ҳукумати Африка миллатлар кубогидаги омадсиз иштирокдан сўнг миллий терма жамоани, шунингдек, унинг етакчи футболчилари Пьер-Эмерик Обамеянг ва Брюно Экуэль-Мангани халқаро мусобақалардан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Габон терма жамоаси Марокашда ўтган Африка миллатлар кубогида муваффақиятсиз ўйин кўрсатди: Камерунга 0:1, Мозамбикка 2:3, Кот-д’Ивуарга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, F гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади.
Обамеянгнинг сўзларига кўра, ҳукумат қароридан кейин у ўзини ҳақоратланган деб ҳис қилган.
«Улар мени ҳақорат қилишди, обрўмга доғ туширишди. Мен эса Африка миллатлар кубогида жароҳат билан ўйнадим. Бу мен учун охирги нуқта бўлди, шу боис шу ерда тўхташни маъқул кўрдим», — дея Обамеянг сўзларини RMC Sport телеканали келтиради. 37 ёшли Пьер-Эмерик Обамеянг Габон терма жамоаси тарихидаги энг самарали тўпурар ҳисобланади. У миллий жамоа таркибида 40 та гол урган.
Изоҳлар (0)