"Машъал"нинг қоғоздаги бош мураббийи! Ёки Зоир Тўрақулов клубда қандай ишни бажаради?

Суперлигага қайтган “Машъал” клуби дастлабки учта ўйинда биттадан ғалаба, мағлубият ва дуранг қайд этиб тўрт очко жамғарди. Таркибда айрим легионерларни ҳисобга олмаганда қолганлари асосан маҳаллий тарбияланувчилардан иборат. Мураббийлар штаби ҳам маҳаллий кадрлар. Айнан ушбу масала бироз муҳокамаларга сабаб бўлди. Яъни, клубда расмий равишда бош мураббий сифатида Зоир Тўрақулов тайинланган. Аммо барча масъулият унинг эмас, балки Дилявер Ваниевнинг зиммасида. Сабаби эса унда бош мураббийлик қилиш учун про лицензияси йўқ, Тўрақуловда эса бор. Шу боис ушбу мутахассис билан айрим масалаларда фикр юритдик.

- Жамоамиз мавсумни яхши бошлади, ёмон эмас, - деб гап бошлади Зоир Тўрақулов. - Таркибимиздаги кўплаб ўйинчилар биринчи марта Суперлигада ўйнашяпти. Аммо ўтган учта тур билан ҳеч нимани ҳал қилиб бўлмайди. Яна бир нечта турлар ўтганидан кейин жамоаларнинг имкониятлари ва ким нималарга қодирлиги кўринади. Аммо қувонтираётгани шундаки, бу йилги мавсум бироз қизиқарлироқ бошланди. Тўғрисини айтадиган бўлсам, мен айнан бу йилдан Суперлига ўйинларини кўряпман. Ўтган йили эса “Машъал” академиясида ишлаганим сабабли бор эътиборимни ёшларга қаратгандим.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, барча масъулият Ваниевнинг зиммасида. Шунинг учун жамоани ўйинга ўзи тайёрлаяпти, учрашувдан кейинги матбуот анжуманларида ҳам ўзи иштирок этяпти. Ҳолбуки у расмий равишдаги бош мураббий эмас. Хўш, бунга Зоир Тўрақулов қандай муносабатда?

- Менинг бунга қаршилигим йўқ. Дилявер Ваниев билан ҳам, Ботир Қораев билан ҳам гаплашдим. Ҳар доим клубга қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман. Ваниев ҳар сафар ўйинлардан ёки машғулотлардан олдин мен билан маслаҳатлашади, фикрларим билан қизиқади. Масалан, ўйинлар пайтида биринчи бўлимдан кейин Ваниевга ўзимнинг фикрларимни айтаман. Менга ёққан томони шуки, Дилявер жуда интилувчан. Унинг ўзи ҳам мураббий сифатида ўсишни ва жамоага ёрдам беришни хоҳлаяпти. Бир сўз билан айтганда, барчамиз биргамиз ва бир жамоамиз. Асосий ўйинга бир-икки кун қолганида Ваниевнинг ўзи мени чақиради. Ваниев, мен ва Қораев учаламиз ўтириб ўйин олдидан муҳокама қиламиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам Диляверга охирги қарорни ўзинг чиқарасан деб айтганман. У барчамизнинг фикрларимизни тинглайди ва охирида ўзи якуний хулосага келади. Унга ўйинга бир кун қолганида асосий таркибни аниқлаб олмагин, машғулот пайтида ҳам ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини айтдим. Мен ўз вақтида мураббийлик ишини худди Ваниевга ўхшаб бошлагандим, бу ҳақида ўзига ҳам айтганман. 2004 йили “Насаф”да ишлаётганимда Дилявернинг ҳолатига тушгандим. Шу боис бу вазиятнинг нималигини биламан. Ўшанда Баҳром Ҳакимов кетганди ва жамоани менга ишониб топширишганди. Аммо босим юқори эди. Бир томонда мухлислар, иккинчи томонда вилоят ҳокими...ўйинларни эса ютишимиз керак эди. Шунинг учун босим катта бўлганди. Аммо биз ҳозирда “Машъал”да ҳамжиҳатликда иш олиб боряпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ваниевни қўллаб-қувватлаймиз. Албатта, ҳар кимнинг футболда ўзига яраша қарашлари ва фикрлари бор. Шу маънода айтганда, менинг, Ваниевнинг ва бошқанинг ўз услуби бор, - дейди Тўрақулов.

зоир ака

Хўш, вазият шундай бўлса, у ҳолда Зоир Тўрақуловнинг “Машъал”даги асосий иши ҳамда вазифаси нималардан иборат? Ўзаро мулоқот жараёнида бунга ҳам ойдинлик киритдик.  

- Дилшод Андаев билан иккаламиз U-18 ва U-21 жамоаларини ҳам шакллантиряпмиз. Бундан ташқари, асосий жамоага ҳам ёрдам беришимни айтишди. Яна бир қувонарли томони шунда бўляптики, олдинлари асосий жамоа алоҳида бўлиб, ёшлар билан ким ишлаяпти, нима қиляпти, унчалик аҳамият берилмасди. Ҳозир эса ҳамма мураббийлар бир-бири билан яқин алоқада бўлишяпти. “Қизилқум” билан учрашувдан кейин ёшлар жамоамиздаги икки нафар футболчини асосий таркибга жалб қилишни бошлаймиз. Бу ҳақида Дилявер Ваниев билан гаплашдик. Унга жамоадаги етакчилар қўпол муносабатда бўлмасдан ёшларга кўмак беришлари ниҳоят муҳимлигини айтдим. Ёшларимизга айтаман, ҳар жойда ҳам бир хил футбол ўйналади. Фақат асосий жамоадаги юкламалар, вазифалар ҳар хил бўлади. Шундай деймиз-у, барибир бундай ёшларда асосий жамоага қўшилишаётганида қўрқув ёки ҳаяжон бўлади. Аммо энди футболчиларга мажбурий таътил бердик. Жамоа ўйинини энди-энди жойига қўяётгандик. Шунингдек, клуб ижрочи директори Илҳом Қурбоновга ҳам раҳмат айтмоқчиман. У барча ёшдаги жамоаларга етарлича шароитларни яратиб беряпти. 2001 ва 2002 йиллар туғилган футболчиларимизга ҳам ойлик маош тўлаяпти. Аммо бундай ёшдаги йигитлар аллақачон асосий жамоада ўйнашлари керак эди. Биз ҳозир мана шу томондан бироз орқада қолиб кетяпмиз.

Барча масъулият Дилявернинг зиммасида бўлганидан кейин натижага ҳам фақат у жавоб бериши раҳбарият томонидан айтилганди. Аммо қоғоздаги бош мураббий Зоир Тўрақулов билан мулоқотимиз жараёнида бу ҳолатни бироз бошқачароқ ифодалади.

- Биз ҳаммамиз битта жамоада ишлаяпмиз. Натижага эса биргина Ваниевнинг ўзи жавоб бермайди. У ерда Илҳом Қурбонов, Ваниев, мен ва Ботир Қораевга ҳам катта масъулият юкланган. Масалан, “Қизилқум” билан учрашувдан кейин ҳам Қурбонов, мен ва Ваниев учаламиз ўйинни атрофлича муҳокама қилдик. Ҳолбуки, “Қизилқум”нинг таркибида ҳам тажрибали ўйинчилар бор эди. Бизнинг сафимизда эса Давронов, Мелиев ва Павленкони ҳисобга олмасак, қолгани деярли биринчи лигада ўйнашган. Унинг савияси қандайлигини эса ўзингиз ҳам биласиз. Биз замонавий футбол йўналиши бўйича ишлаяпмиз. Ким хато қилмайди, фақатгина ишламаётган инсон хатодан ҳоли. Шундай экан, ҳаммамиз натижа учун бирдек жавобгармиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!