Матеус Лима Ўзбекистондаги ҳаёти, клуб мухлислари ва келажаги борасида Бразилия нашрига интервью берди
"Насаф" ҳужумчиси Матеус Лима Круз Бразилиянинг "Ge Globo" нашрига Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақида интервью берди. Ўтган мавсумда "аждарлар" билан иккита кубок соҳибига айланган футболчи Ўзбекистонга мослашиш, мухлислар ва келажаги ҳақида гапириб ўтди.
2022 йилдаги Ўзбекистон кубоги финалида жамоасининг ғалабасига қўшган ҳиссаси Лима учун клубдаги фаолиятидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Наманганнинг “Навбаҳор” клубига қарши ўйинда ғалаба голини урганидан кейин унинг ҳаёти ўзгарган.
- "Бу ажойиб туйғу. Чемпионлик голи мен учун клубдаги ва мухлислар билан муносабатларимда бурилиш нуқтаси бўлди. Мен келганимда ҳамма катта умидлар боғлашган ва Худога шукр, мен урган муҳим голлар қаторида бу гол билан уларнинг ишончига кира олдим", — деди у.
“Учрашувдан сўнг дарҳол шаҳримизга қайтган эдик ва кираверишда одамлар тўпланиб турганди. Автобус тўхтади ва фақат мураббий ва мен кубок билан ҳамманинг ўртасига тушдик. Бу ажойиб эди, ҳамма қучоқлашди, ўпишди. У ерда тахминан 30 дақиқа қолиб кетдик”.
“Меҳмонда ўйнашга борсак, баъзи рақиб мухлислар ҳам бизни олқишлайдилар, чунки мамлакатда энг яхши ўйин кўрсатадиган клублардан биримиз. Баъзи мухлислар мен яшайдиган бинони топиб келишади. Қизиқ бир воқеа содир бўлди: бир неча марта эшигимни тақиллатиб келишди. Хотиним ҳатто қўрқиб кетади, лекин улар шундай ва биз кўникиб кетяпмиз".
Аммо Ўзбекистонда ҳаммаси осон кечмади. Лиманинг сўзларига кўра, унинг рафиқаси Клара Летисия ва уларнинг бир ёш-у тўрт ойлик ўғли Генри Исаак ёзда овқат ва юқори ҳарорат, қишда эса совуқ туфайли мамлакатга мослашишда муаммоларга дуч келган.
Шундай бўлса-да, ҳужумчи Ўзбекистоннинг турли шаҳарларига саёҳат қилиб туради. Бу ҳақида унинг ўзи қуйидагича гапириб ўтди:
— "Бўш вақтларимда бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюрадиган Самарқанд деган шаҳарга боришга ҳаракат қиламан. Бу бизнинг шаҳримизга яқинроқ, пойтахт эса олти соатлик масофада ва рейсларда жой топиш осон эмас", - деди Матеус.
Жамоадошларининг Бразилияга бўлган қизиқиши ҳам юқори. Ҳужумчининг сўзларига кўра, хавфсизлик борасидаги хавотирларга қарамай, бошқа мамлакатлардан келган баъзи футболчилар Жанубий Америкага ташриф буюришни хоҳлашларини айтишмоқда.
— "Менинг жамоамдаги йигитлар ҳар доим Бразилиядаги клублар ҳақида сўрашади: У ер ҳақиқатан ҳам хавфлими ва жиноятлар кўпми? Улар ҳам юртимиздаги гўзал жойларга қизиқиб, уларга ташриф буюриш истагини билдиришмоқда".
Шартномаси 2024 йилги мавсум охиригача тузилган ҳужумчи Матеус Лима хурсанд ва Ўзбекистонда қолишни истамоқда. Шу билан бирга, Бразилияга қайтиш истаги борлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
— "Мен Бразилияга қайтмоқчиман, бу мен яхши кўрган мамлакат, лекин ҳозир эмас, балки кўп йиллар ўтиб қайтишни хоҳлайман. Аммо ҳамма нарса бўлиши мумкин..."
"Мен Итурамани ва у ердаги одамларни жуда яхши кўраман. 15 ёшлигимдан бери узоқда бўлсам ҳам, ҳар йили бир-икки марта, байрамлармда бориб тураман”.
Фикрлар