Матеуш Гамрот - Рафаэль Физиев жанги қандай кўриниш олади ёхуд имконият кимда юқори? (Таҳлил)
23 сентябрь (Тошкент вақти билан 24 сентябрь тонгда) АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида “UFC Fight Night 228” турнири ташкил этилади. Марказий жангда енгил вазн (70,3 кг) тоифаси вакиллари Матеуш Гамрот ва Рафаэль Физиев тўқнаш келади. Албатта, ушбу жанг ёрқин ва шиддатли ўтиши кутилмоқда. Чунки, дивизионнинг “чақилмас ёнғоқ”ларининг тўқнашуви бўлади. Биз ушбу жанг ҳақида қисқача таҳлилий фикрларимизни билдириб ўтамиз.
Рафаэль Физиевнинг плюс ва минус жиҳатлари:
- Физиевнинг дивизионда ўз ўрни бор. Сабаби, у мухлисларга ёқадиган жангни намойиш қилади. Маълумки, унинг баъзаси муайтай ва “стойка”да беназир саналади. Айниқса, унинг оёқ зарбалари ҳар қандай рақибга бошоғриқ бўлади. Умуман олиб қараганда қўл зарбалари, бокс мактаби ҳам яхши йўлга қўйилган. Қолаверса, “тэйк-даун”лардан ҳам яхши ҳимояланади. Унинг бироз минус жиҳати, албатта” партер” ... Табиийки, унинг мактаби муайтай бўлганлиги учун, грепплинг, курашини мукаммал қилиш қийин. Ҳа, курашчининг “стойка”сини зўр кўринишга олиб келиш мумкин. Бунга биргина мисол қилиб, Жастин Гэтжини айтишимиз мумкин. Бироқ мактаби кикбоксинг, муайтай бўлганларни курашини идеал даражага олиб келиш бироз мушкулроқ. Шу нуқтаи назардан, Физиевнинг минус жиҳати шулар. Унинг жангларини кузатганлар ҳам бунга амин бўлади. Аммо, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, “тэйк-даун”дан ҳимояси зўр ва уни йиқитиш рақиблари учун қийинчилик туғдиради.
Матеуш Гамротнинг салоҳияти:
- Полякнинг кучли жиҳати кураш эканлигини UFCга қизиқувчилар яхши билади. Ҳа, у фаолияти мобайнида 2 тагина мағлубиятга учраган. У ҳам бўлса, ўзи каби кураш устаси бўлган Бенеил Дариуш ҳамда Гурам Кутателадзедан қабул қилиб олинган. Шунингдек, Гамротнинг бокси ҳам яхши, октагонни яхши хис қилади. Умуман олганда таваккал эмас, ақлга таяниб жанг қиладиганлар тоифасидан. Бунга сўнги Жалин Тёрнер билан жанги ҳам мисол бўла олади. Шунингдек, жиу-житсуси ҳам ёмон эмас. Жангларида оёқ зарбаларини кам йўллашини ҳам айтиб ўтиш мумкин. Умуман олганда, яхши даражадаги жангчи.
Жангдаги имкониятлар:
- Демак, бир-бирига мос рақиблар ва услублар тўқнашуви бўлади. Бу жангда Матеуш Гамрот учун 1-раунд жуда ҳавфли бўлади. Рафанинг кучи бор вақти Гамротнинг кураши ўтиши қийин бўлади ва айнан Физиевнинг ғалаба қозониш имкони ҳам 1-раундда кўпроқ... Агар, Физиев дастлабки раундда тута олмаса, қолган раундларда куч йўқотади ва Гамротнинг кураши ўз кучини кўрсатади. Агар, Гамрот жангни “партерга” торта олса, унда имконият жуда ошиб кетади. “Партер”да назорат қилиш Гамрот учун муаммо бўлмайди. Хуллас, бу жангда катта эҳтимол билан Матеуш Гамрот очколар ҳисобида ғалаба қозонади. Албатта, бу шахсий фикр ва жанг қандай якун топади, 24 сентябрь тонгида билиб оламиз!
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади
Фикрлар