Майкл Фокс Шоҳжаҳон Эргашевдан учралган мағлубиятни тан оладими ёхуд Фазлиддинга қандай баҳо берди?
АҚШ вакили Майкл Фоксни ўзбек бокс мухлислари яхши танишади. Чунки у Фазлиддин Ғоибназаров ва Шоҳжаҳон Эргашев билан рингда тўқнаш келганди. Натижалардан эса, хабарингиз бор. Майклни бевосита интернет тармоқлари орқали ушбу юртдошларимизга билдирган самимий тилакларига кўзимиз тушганди. Биз ҳам у билан боғланиб, Sports.uz сайти учун боксчиларимиз билан бўлган жанглари, улар ўртасидаги муносабатлар ва фаолиятига оид махсус суҳбат уюштирдик.
- Майкл, сизга Ўзбекистондан саломлар!
- Салом. Барча ўзбекистонликларга чексиз ҳурматимни етказинг!
- Сизни Ўзбекистонда яхши билишади. Сабаби ўзингизга ҳам яхши маълум бўлса керак?
- Aлбатта, бунинг сабабини жуда яхши биламан. Мен ўтган жангларимда Ўзбекистоннинг энг яхши икки боксчиси билан кетма-кет жанг ўтказган эдим.
- Саволларимиз асосан юртдошларимиз билан бўлган жангларингиз ҳақида бўлади. Жавоб беришга тайёрмисиз?
- Албатта!
- Унда бошладик... Фазлиддин Ғоибназаров ва Шоҳжаҳон Эргашевни ҳозирга қадар фаолиятингиздаги энг кучли рақиблар сифатида биласизми?
- Шубҳасиз, Шоҳжаҳон мен дуч келганлар орасидаги энг кучли «панчер» эди. Фазлиддин эса, техник жиҳатдан мукаммал. Олимпиада чемпиони сифатида ҳамма Фазлиддинни мени мағлуб этишига ишонган. Шу билан бирга менинг ҳам олдимда катта масъулият турганди. Кетма-кет икки мағлубият келажагим учун салбий жиҳатдан жиддий таъсир кўрсатарди. Бу жангда мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ эди ва ғалаба қозона олдим.
- Шоҳжаҳоннинг сизга туғдирган ноқулай жиҳати нимада бўлди?
- Шоҳжаҳон жуда кучли зарбаси билан бирга жуда тажовузкор ҳаракат қилди. Биз учун унинг жанг услубига қарши ўйлаган режамиз жуда яхши эди. Аммо, ғалаба қозониш учун менга бироз қарши ҳужумда фаоллик етишмади.
- Фазлиддин Ғоибназаров билан тенг жанг бўлди. Лекин омад сизга кулиб боқди. Шу фикрга қўшиласизми ёки бошқа изоҳингиз борми?
- "Файзи"ни мағлуб этишимга омад сабаб бўлди, деб ўйламайман. Ҳакамлар жангни 96-92, 95-93 ва 96-92 ҳисобида баҳолашди. Тўғри, ундан очко олиб ташланди. Аммо, ўша очко қўшиб ҳисобланганда ҳам бу жангда ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, ғалаба қозонган бўлардим. «Файзи» тезкор, уни зарба билан тутиш қийин бўлди. Бироқ, босимни кучайтириб, уни орқага ҳаракатланишига мажбур қила олдим.
- Умуман олганда, Эргашевдан мағлубиятингиз ва Фазлиддин устидан ғалаба қозонишингизнинг асосий омили нимада бўлди?
- Эргашевга қарши фаолликнинг йўқлиги… Фазлиддинга қарши кўпроқ ҳаракат қилганим.
- Ғоибназаровга сиздан кейинги ўтказган жангида бевосита интернет тармоқлари орқали омад тилашингиз ва табригингиз, у билан муносабатингиз самимий эканлигинини англатади. Шоҳжаҳон билан ҳам илиқ алоқани сақлаб қолганмисиз?
- Aлбатта. Бизнинг фаолиятимиз бир-бирига ўзаро боғланган. Aгар қайси биримиз муваффақиятли юриш қилсак, бу ҳаммамиз учун яхши бўлади. Фазлиддин ўзининг сўнгги жангида нокаут билан, Эргашев ҳам, охирги икки жангида нокаут билан ғалаба қозонган. Иккисини ҳам ғалабалари билан табрикладим. Бокс мен учун фақат спорт! Рақибларим билан рингдаги жангни шахсий ҳаётга кўчирмаганман. Шоҳжаҳон ва Фазлиддин ҳам рингда шавқатсиз жангчи ва рингдан ташқаридаги ҳурматга сазовор инсонлардир.
- Вазнни 66 килога кўтарганингиздан хабаримиз бор. Бу вазнда IBF йўналиши етакчиси Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳам ўзбекистонлик.... У ҳақида маълумотга эгамисиз?
- Яқиндагина Қудратиллонинг ўзбек эканлигини билдим. У иштирокидаги жангларни ҳали кўрмаганман, лекин баъзи тўқнашувларини албатта, кўриб чиқаман.
- Фаолиятингиз мобайнида 22 та жангда ғалаба қозонгансиз ва уларнинг 5 тасидагина нокаут қайд этилган. Бу зарба кучингизни янада такомиллаштириш керак деганими ёки бу фикрга қўшилмайсизми?
- Ўйлайманки, зарба кучим ҳам идеал бўлганида, мукаммал жангчи бўлардим. Ҳозирда, имкони борича шунинг устида ишламоқдаман. Aйниқса, коронавирус кўплаб жангчиларни рингдан узоқлаштирди. Ушбу пандемиянинг яхши томони шундаки, кейинги жангим олдидан ўз устимда кўпроқ ишлашга вақтим бўлди.
- Томошабин сифатида рингдаги устунлик жиҳатингиз вазнингизга нисбатан бўйингизни баландлиги ва қўлларингизни узунлигида, дейишимиз мумкин... Балки, бу борада ҳам бирор биз учун ноодатий бўлган фикр билдирарсиз?
- Бўйимнинг баландлиги шубҳасиз, катта устунлигимдир… Лекин мен ғалаба қозониш учун керак бўлган барча нарсани қиламан. Ҳатто, рақибимга қарши ҳар доим масофа сақлаб турмайман. Аксинча, баъзан рақибимга яқинлашиб, бўйдаги устунлигимни қурбон ҳам қиламан.
- Фаолиятингиздаги ягона мағлубият Шоҳжаҳон Эргашевдан қабул қилинган. Эҳтимол, реванш истагида ёнаётгандирсиз? Чунки, вақти келиб, у ҳам вазнини бир поғона кўтариши мумкинку?
- Реванш иштиёқида ёнмоқдаман, дея олмайман. Aммо, яна бир жанг учун имконият пайдо бўлса, уни қабул қилардим. Шоҳжаҳонни ҳурмат қиламан ва унга энг зўр тилакларимни тилайман.
- Промоутерингизга қай даражада ишонасиз? У сизга жиддий жанглар ташкил қилиб бера оладими?
- Промоутерим PBC (Эл Хаймонга қарашли жаҳондаги энг нуфузли промоутерлик компаниялардан бири Premier Boxing Champions) билан яқиндан ишлайди. Улар жиддий жангларимни бошлаш учун қўлларидан келганини қилишларига ишонаман. Бироқ, PBC ўз боксчиларидан бирортасини мен билан жанг қилиш учун мажбур қила олмайди. Мен WBA чемпиони Марио Барриос билан жанг ўтказишга уриндим, аммо унинг жамоаси бошқалар каби рад жавобини берган. Шу сабабли ўзбек жангчиларини жуда ҳурмат қиламан. Улар мен билан жанг қилишга ва фаолиятимни давом эттиришимда ёрдам беришга тайёр.
- Умуман олганда, Шоҳжаҳон Эргашевни қайсидир йўналишда бўлса ҳам жаҳон чемпионлик камарини қўлга кирита олишга қодир боксчи сифатида биласизми?
-Унинг ҳозирги позицияси жуда яхши. У «Кронк» спорт залида ажойиб жамоага эга ва унда анча ўсишни кўрмоқдаман. У зарур бўлган жиддий жангларни ўтказиш имконияти берилиши биланоқ, ушбу вазнда жаҳон чемпиони бўлиш учун катта потенциалга эга. Шу ўринда, Шоҳжаҳон қатори барча ўзбек боксчиларига омад тилаб қоламан!
- Эътибор ва самимий жавоблар учун ташаккур!
- Ҳар доим мароқли суҳбат учун тайёрман.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ ва Жалол АҲМЕДОВ суҳбатлашди
Фикрлар