Мбаппе чорак финал олдидан Португалия терма жамоасига баҳо берди
Франция ҳужумчиси Килиан Мбаппе "Евро-2024" чорак финал учрашуви олдидан Португалия терма жамоаси ҳақида гапирди. Чорак финал баҳси бугун, 5 июль куни Гамбургдаги "Фолькспаркштадион" стадионида бўлиб ўтади.
- Ажойиб жамоа, бизга қийин бўлади. Агар улар шу босқичга етиб келган бўлса, демак, ҳозир Европанинг энг яхши жамоаларидан бири. Ушбу учрашувда кичик деталлар асосий роль ўйнайди. Ўйлайманки, бу голларга бой ўйин бўлади, жуда кўп тактикалар бўлади. Демак, биз ярим финалга чиқиш учун тайёр бўлишимиз ва диққатимизни жамлашимиз керак, - дея Мбаппенинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг 1/8 финал босқичида Португалия Словенияни пенальтилар сериясида (0:0, 3:0 пенальтилар) мағлуб этганди. Франция эса Бельгия устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонган эди (1:0).
Фикрлар