Мбаппе ҳали Мадридга бормай туриб, “Реал”га катта даромад келтира бошлади

“Реал” раҳбарияти Килиан Мбаппе трансферини эълон қилганидан кейин франциялик форвардга 9-рақамни берди ва шу рақам остида футболчи номи билан футболкаларни сотувга чиқарди.

El Chiringuito нашрининг ёзишича, клуб Мбаппе номи туширилган футболкалар савдосини бошлаб юборди. Биринчи куннинг ўзидаёқ, онлайн-дўкон орқали Мбаппенинг 7 мингдан зиёд футболкаси 800 минг еврога сотилди.

Айни пайтда “Қироллик клуби” 25 ёшли франциялик легионерни тақдимот маросимини ташкил этиш билан банд. Тадбир 16 июль куни “Сантьяго Бернабеу”да ўтказилади.  Бу маросимда 110 мингдан зиёд мухлис иштирок этиш истагини билдирган. Арена кўпи билан 85 минг кишини сиғдира олади.

ПСЖ билан шартномаси якунланган Килиан Мбаппе “Реал” билан беш йиллик битим тузди. Унга кўра, моҳир тўпурар йилига 30 миллион евро маош олади. Бундан ташқари, футболчининг самарадорлиги алоҳида бонус билан тақдирланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!