Мбаппенинг жароҳати Родриго Гоэсга қўл келди

“Реал”га Килиан Мбаппе келганидан кейин иккинчи планга ўтиб қолган Родриго Гоэс январь ойида бошқа клубга ўтиши кутилаётган эди. Ҳар ҳолда бразилиялик иқтидор эгаси бир неча клублар билан музокара олиб бораётгани ҳақида маълумотлар чиқмоқда.

Бироқ жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо франциялик тўпурар жароҳат олганидан кейин Родригога суянишга тайёр эканини билдиргани вазиятни ўзгартириши мумкин.

- Родриго ҳужумда жуда универсал футболчи, у қанотларда ҳам, марказий ҳужумчи сифатида ҳам ўйнай олади. Йил охирига келиб, у сезиларли даражада ўсишга эришганини кўрсатди, ҳақиқатан ҳам бир нечта жуда сифатли ўйинлар ўтказди ва унинг жорий ҳолати бизда жуда яхши таассурот қолдирди.

У биз учун бошқа футболчилар каби муҳим, айниқса Килиан йўқлигида. Бу ҳолат қанча муддатга чўзилиши ҳали аниқ эмас. Бизда турли вариантлар бор ва Родригодан кўпроқ фойдаланиш ана шулардан бири ҳисобланади, - деди Хаби Алонсо.

Жорий мавсумда бразилиялик футболчи “Реал” сафида барча мусобақаларда 21 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 4 та голли узатма муаллифи бўлган.

Родригонинг мадридликлар билан амалдаги меҳнат шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 60 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!