
Мессининг шедевр голи "Интер Майами"ни Америки футболи тарихига киритди
"Интер Майами" Шимолий Америка клублари тарихида расмий ўйинда Европа клубини мағлуб этган илк жамоага айланди.
19 июнь куни МЛС клуби АҚШда бўлиб ўтаётган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Португалиянинг "Порту" клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ғалаба тўпини "Интер Майами" сафида Лионель Месси жарима зарбаси орқали тўғридан-тўғри киритди.
"МЛС жамоаси илк бор расмий мусобақада Европа клубини мағлуб этди. Рекордлар давом этмоқда. Олға, Майами!" — дейилади "Интер Майами"нинг ижтимоий тармоқдаги хабарида.
Гуруҳ босқичидаги икки ўйиндан сўнг, "Интер Майами" 4 очко тўплаган ҳолда А гуруҳида иккинчи ўринда бормоқда. Кейинги турда "Майами" "Палмейрас" билан ўйнайди, "Порту" эса "Ал-Аҳли"га қарши баҳс олиб боради.
Фикрлар