"Металлург" етакчисини хорижда кутишяпти! Унинг ўзи янги чақирув, режалар ва жамоаси ҳақида нима дейди?
Иккинчи даврани яхшироқ ўтказаётган “Металлург” клуби турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилиб олди. Айниқса, охирги иккита турда бир хил – 1:0 ҳисобларида ғалаба қозонди. Ундан олдин эса дуранг ўйнаган. Айтмоқчимизки, бекободликлар ҳамон бошқалар учун ноқулай рақиб эканлигини кўрсатиб келишмоқда.
Ўтган йили “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қилиб, бу йил “Металлург” жамоасида кўриниш берган ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуродовни мазкур клубда ўрни катта. У ҳимоя билан ҳужумни боғлашда катта ҳажмдани ишни бажариб келмоқда. “Нефтчи”га қарши баҳсдан кейин Бекмуродов айрим саволларга жавоб қайтарди.
- Фарҳод, “Нефтчи” устидан эришган ғалаба билан табриклайман! Айтинг-чи, ўйин сизда қандай таассурот қолдирди? Дастлаб шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Табрик учун раҳмат. Яхши ўйин бўлди. Биласиз, “Нефтчи” ҳам 2-даврани бизга ўхшаб яхши ўтказяпти. Бу ўйинни ютишимиз шарт эди. Чунки 1-даврадаги учрашув натижаси тасодиф эканлигини исботлашимиз керак эди. Тайёргарликни ҳам шунга яраша олиб бордик. Худога шукр, ғалаба қозониб, ҳаммани хурсанд қилдик.
- Бу йил илк бор испаниялик бош мураббий Луисма Эрнандес билан ишлаяпсиз. Унинг бошқа мураббийлардан фарқли томонларини кўрдингизми?
- Ҳа, испаниялик мураббий билан биринчи марта ишлаяпан. Ҳамма мураббийнинг футболга ўзига хос қарашлари бор. Унинг ҳам ўз тактикаси бор. Тартиб-интизомни биринчи ўринга қўяди.
- Сиз "Металлург"да жамоа сардорига айлана олдингиз. Бу қандай юз берди ва сардорлик боғичидан кейин ўзингизда қандай ўзгаришларни сезяпсиз?
- Аслида жамоамиз сардори Аббос Отахонов эди. Аммо кутилмаганда жароҳат олиб сафдан чиқди. Шунинг учун мен жамоамни сардор сифатида олиб чиқяпман. Албатта, сардорлик боғичининг масъулияти каттарок бўлади, буни биламан. Чунки 2020 йилда “Андижон” жамоасида ҳам сардор бўлганман.
- "Металлург"да ўйинчи сифатида тажрибангиз анча ошди. Эшитишимча, сизга четдан ҳам қизиқарли таклифлар бўлмоқда ва бу қанчалик қизиқтирмоқда? Легионер сифатида четда тўп суриш режангиз борми?
- Ҳа, шундай. Анча тажриба оширдим. Бунга сабаб жамоадошларимиз жуда зўр. Бунинг устига жамоада ички муҳит аъло даражада. Раҳбариятдан тортиб оддий ишчигача ҳамма профессионал. Шу омил ҳам ўсишимга катта ёрдам беряпти. Таклифлар бор, яширмайман. Лекин ҳозир бу ҳақида гапиришга эрта. Олдинда яна 3 та ўйинимиз бор. Шуларни ўтказиб олайлик, кейин бафуржа ўйлаб кўрамиз.
- Хўш, қаердан таклифлар бўляпти?
- Индонезия ва Малайзиядан!
- Умуман олганда, жорий мавсумда "Металлург"нинг олдига қўйилган мақсад қандай эди ва бунга қанчалик эришяпмиз, деб ўйлайсиз?
- Мақсад иложи борича юқори ўринни эгаллаш. Ҳар учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилиш вазифамиз ва бунга эришяпмиз, деб ўйлайман.
- "Металлург" кўп клублар учун ноқулай рақиб ҳисобланади. "Металлург" учун қайси жамоа ноқулай?
- “Металлург” учун бу йил “Насаф” ноқулай бўлди. 2-даврада ўз уйимизда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлдик.
- Эшитишимча, "Металлург"да ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган ва қарздорлик мавжуд эмас экан, шу ростми?
- Ҳа, юқорида айтганимдек, ҳамма профессионал. Ўз ишига масъулият билан ёндашади. Албатта, қарздорлик умуман йўқ. Шароитлар аъло даражада.
Фикрлар