"Металлург" лагеридан дараклар. Жамоада қандай янгиликлар бор?
Бекободдаги ўқув-машғулот масканида тўпланган “Металлург” жамоаси иккинчи даврага тайёргарлик кўрмоқда. Ҳар куни икки маҳалдан машғулотлар давом этмоқда. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Роберто Овехеро “Металлург” ўйинчилари билан жуда тез чиқишиб кетди. Унинг томонидан тақдим этилаётган машқлар туркуми футболчиларга манзур бўлаяпти.
Куннинг биринчи ярмида тренажер залида шуғулланаётган футболчилар кечки машғулотларни “Металлург” марказий стадионида ўтказяпти. Шу ўринда Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Осиё кубоги баҳсларида жароҳат олган "Металлург" вакили Иброҳим Ибрагимов ҳам умумий машғулотларга қайтганлигини таъкидлаш лозим. Бундан ташқари жамоага иккинчи даврадан эътиборан қабул қилинган Анваржон Ғофуров ҳам янги дўстлар машғулотига қийинчиликсиз киришиб кетди.
Суперлиганинг иккинчи давра баҳслари бошлангунга қадар “Металлург” бир қатор кўрик учрашувларида майдонга тушишни режалаштирган. Уларда дастлабкиси 20 июль санасида Бекободда Про-лига вакили “Андижон” жамоасига қарши ўтказилади. Кейинги спарринг рақиб эса ОФК кубогининг минтақавий финал учрашувига тайёргарлик кўраётган Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасидир. Хўжандликларга қарши ўйин 23 июль санасига режалаштирилган.
Фикрлар