"Металлург" ёзги селекцияда кимларни трансфер қилганини биласизми? Уларнинг орасида...
Бекободнинг “Металлург” клуби иккинчи давра олдидан таркибини бир қатор футболчилар билан кучайтиришга эришди. Қуйида шу хусусида батафсил тўхталамиз.
2024 йилги мавсум давралари оралиғида Бекободнинг "Металлург" жамоаси ўз таркибини марказий ҳимоячи билан тўлдирди. Клуб Украина ва Молдова фуқаролигига эга Олександр Кучеренко билан шартнома имзолади.
Олександрнинг охирги жамоаси бизга яхши таниш бўлган “Верес" (Ровно) клубидир. 32 ёшли Кучеренко “Металлург”га келгунига қадар 9 та жамоада ўйнади. Футболчилик фаолиятини Украинанинг “Славхлеб” ҳаваскорлар жамоасида бошлаган Олександр 2011 йили Краматорскнинг “Аванганд” жамоасига ўтади. Йил охирида эса Молдованинг “Нистру” (Отачь) жамоаси билан шартнома имзолади. Молдова фуқаролигини қабул қилгач, мамлакат U19 жамоасига чақирилди. 2013-2014 йилларда “Костулени”, 2014-2015 йилги мавсумда эса “Верис” жамоасида ўйнагач, яна Украинага қайтди. 2015-2017 йиллар “Звезда”, 2017-2021 йиллар “Ингулец”да тўп сурди. Бир мавсум “Волинь”да ўйнагач, яна “Ингулец”га бориб қўшилди. 2023 йилдан то шу кунга қадар эса “Верес” клуби шарафини ҳимоя этиб келди. Профессионал футболчилик фаолияти даврида 272 та учрашувда майдонга тушган, 16 та гол урган, шулардан 7 тасини пенальтидан киритган. 40 марта огоҳлантирилган, 2 марта майдондан четлатилган.
Олександр Кучеренко – 32 ёшда, 1991 йилнинг 1 октябрь санасида туғилган.
Туғилган жойи – Украина, Славянск
Бўйи – 185 см
Вазни – 75 кг
Амплуаси – ҳимоячи
Иккинчи давра арафасида "Металлург" ПФК ўз таркибига “Пахтакор” футбол клубининг яна бир тарбияланувчиси – ҳимоячи Абубакир Ашуровни қўшиб олди.
Абубакир Ашуров умидли ёш ўйинчилардан саналади. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига мунтазам жалб этиб келинмоқда. 2022 йилги мавсумдан эътиборан “Пахтакор”нинг асосий таркиб ўйинчилари билан шуғулланиб келяпти. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун ўтган мавсумнинг иккинчи даврасини ижара асосида “Турон” жамоасида ўтказди ва 11 та учрашувда майдонга тушди.
Абубакир Ашуров 2023 йилги Осиё U-20 чемпионатида қитъа чемпиони бўлди, жаҳон чемпионатида иштирок этди. “Пахтакор” ёшлар таркибида Ўзбекистон чемпионатлари совриндори бўлган. Зарурат бўлганда таянч ярим ҳимоя чизиғида ҳам ўйнай олади.
“Металлург” мазкур футболчи билан ижара асосида мавсум охирига қадар шартнома имзолади.
Абубакир Ашуров – 21 ёшда, 2003 йилнинг 12 июнь санасида туғилган.
Туғилган жойи – Тошкент шаҳри
Бўйи – 196 см
Вазни – 80 кг
Амплуаси – ҳужумчи
Ёзги трансфер ойнасида "Металлург"нинг энг эсда қоларли битимларидан бири универсал ярим ҳимоячи Асадбек Собиржонов билан шартнома имзолаши бўлди. “Навбаҳор” билан ўзаро келишувга биноан шартномани тўхтатган Собиржонов бекободликлар таркибига эркин агент сифатида келиб қўшилди.
Асадбек профессионал футболчилик фаолиятини 2019 йилда 19 ёшида “Бухоро” жамоасида бошлади. Кейинчалик биттадан мавсум “Пахтакор” ва “Қўқон 1912” жамоаларида ўйнади. 2022 йилдан эса “Навбаҳор” сафида фаолият юритиб келди. Суперлига баҳсларида 110 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол киритди. 13 марта огоҳлантирилди. Ўзбекистон чемпиони ва вице чемпионига айланди. Қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси ОФК чемпионлари лигасида 11 та учрашувда майдонга тушди.
Асадбек Собиржонов – 24 ёшда, 2000 йилнинг 3 август санасида туғилган.
Туғилган жойи – Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри
Бўйи – 175 см
Вазни – 70 кг
Амплуаси – ярим ҳимоячи
Шунингдек, бекободликлар сафида футбол ишқибозларига танилган Одилбек Абдумажидов икки йиллик танаффусдан кейин қадрдон жамоасига қайтди.
Профессионал фаолиятини айнан "Металлург"да бошлаган Одилбек Абдумажидов 2022 йилда қўшни Қозоғистон Республикасининг “Ордабаси” жамоасига ўтганди. Ўтган мавсум эса олдига катта мақсад ва вазифаларни қўйган “Олимпик” жамоасига чақириб олдинди. Суперлиганинг бу йилги биринчи даврасини эса Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўтказди.
Мамлакат чемпионати баҳсларида Одилбек 55 та учрашувда майдонга тушган. 1 та гол киритган. 12 марта огоҳлантирилган. “Ордабаси” сафида эса 23 та ўйинда 2 та гол урди ва 5 марта сариқ карточка билан жазоланди. Қозоғистон вице чемпиони бўлди, мамлакат кубогини қўлга киритди. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига мунтазам равишда жалб этиб келинди.
Одилбек Абдумажидов – 23 ёшда, 2001 йилнинг 1 июнь санасида туғилган.
Туғилган жойи – Андижон вилояти
Бўйи – 185 см
Вазни – 75 кг
Амплуаси – ҳимоячи
Бекободликлар иккинчи давра арафасида таркибини хорижлик ҳужумчи Балса Секулич билан бойитди. УЕФА чемпионлар лигаси, Европа лигаси ҳамда Конфедерациялар кубоги баҳсларида майдонга чиққан, халқаро учрашувларда ҳам рақиблар дарвозасини нишонга олган ҳужумчи “Металлург”нинг ҳужум чизиғига кучайтиради.
Профессионал фаолиятини 2016 йили “Цетинье” жамоасида бошлаган Балса тез орада кучли клублар эътиборига тушди. Туғилиб ўсган шаҳри Подгорицанинг “Будучность” жамоасида икки йил тўп сурди. Сўнгра “Титоград”, “Подгорица”, “Искра” (Даниловград), “Канвондо” жамоаларида ўйнади. 2023 йилдан яна "Будучность"га қайтди. Мамлакат ёшлар терма жамоасига, 2022 йили эса миллий терма жамоага жалб этилди.
Балса Секулич хорижда легионер сифатида Кей лигада ярим мавсум тўп сурди. 2022 йили “Гангвон” клубида 18 та ўйинда майдонга чиқиб, 2 та гол киритди.
Балса Секулич – 26 ёшда, 1998 йилнинг 10 июнь санасида туғилган.
Туғилган жойи – Подгорец
Бўйи – 188 см
Вазни – 75 кг
Амплуаси – ҳужумчи
Умуман олганда, "Металлург" клуби ёзги селекцияда ўз сафига 11 нафар футболчиларни қўшиб олди. Булар - Олександр Кучеренко, Одил Абдумажидов, Асадбек Собиржонов, Аббос Эргашбоев, Камрон Ҳамроев, Азизбек Пирмуҳаммадов, Балса Секулич, Абубакр Ашуров, Камрон Омонов, Шаҳбоз Абдувалиев ва Даврон Ҳошимов.
Фикрлар