"Металлург"ни ҳам, испанча футболини ҳам унутганман" - "Қўқон-1912"га қайтганидан бери гол ураётган Шохназар Норбеков суҳбатда яна нималарни айтди?

Иккинчи даврада “Қўқон-1912” жамоасига қайтган ҳужумкор футболчи Шоҳназар Норбеков анча самарали ўйин кўрсатяпти. У кетма-кет учта ўйинда учта гол уришга эришди. Биринчи даврада “Металлург”да 8 та учрашувда фақат 1 та гол урганди холос. Қўқонга қайтиб, яна “жонланди”.

- Шоҳназар, “Қўқон-1912”га қайтишингиз ажойиб кечмоқда ва дастлабки 3 та ўйинда 3 та гол урдингиз. Иккинчи даврани шахсан мана шундай кўрсаткичлар билан бошлашингизни кутганмидингиз?

- Нима дейишга ҳам ҳайронман. Ҳеч қачон шунақа бўлади, деб кутмагандим. Ҳаммаси Аллоҳдан. Мен ҳар доим жамоам учун ҳаракат қиламан. Энг асосийси, “Қўқон-1912”нинг ютуғи учун курашаман.

- Умуман айтганда, кетма-кет дуранглар билан иккинчи даврани бошлаш, бу нима билан боғлиқ?

- Ҳаммаси Худодан. Лекин барча учрашувда биз ғалабага лойиқ эдик. Менимча, бироз омад етишмади.

- Юқоридаги ўйинлар жамоага қандайдир куч бағишлаши мумкинми?

- Даврон ака Файзиев шундай мураббийки, фақат ютишни хоҳлайди. Унинг футболи жуда яхши. Футболни зўр тушунади. Дуранглардан бошимизни пастга туширганимизда бошингларни кўтаринглар, ҳали ғалабалар олдинда, деб бизга далда берди. Жамоада кайфият яхши. Раҳбарият ҳам кайфиятни кўтаряпти (кулади).

шох3

- Қўқонга қайтишингизни қандай қабул қилдингиз? Бу сиз учун яна янги чақирувми?

- Футбол жамоавий ўйин. Бу ердаги жамоадошларим билан худди бир оиладек бўлиб кетганмиз. Биласизми, жамоадошларим кўзларимга қараб, қаерга очилишимни биладилар. Шунга қараб, пас узатадилар. Шу боис ҳам яна шу ерга қайтдим. Яна қайтараман: “Қўқон-1912”да аҳил оила бор. “Металлург” клубига келсак, бу фақат дарс бўлди холос. Нафақат футболда, балки ҳаётда ҳамма нарсани ҳам пул ҳал қилмайди.

- “Металлург”да барчаси сиз учун кутилганидек бўлмади, бироқ “Қўқон-1912”га қайтибоқ, сермаҳсулликни кўрсатишни бошлаб юбордингиз. Иккаласи ўртасида катта фарқ бор-а?

- Ҳозирда жамоалар ўртасида фарқ катта эмас. Лекин шароитлар бўйича бошқа жамоаларда яхшироқ. “Қўқон-1912”га келсак, бу ерда менда кўпроқ вазият бўляпти. “Металлург”да 8 та ўйинда битта ҳам имконият бўлмаганди. “Қўқон-1912”да 1 та ўйинда 8 та вазият бўлади. Фарқи шу.

- Даврон Файзиев клубга бош мураббий бўлгач, жамоада нимани ўзгартирди?

- Бахтиёр ака Ашурматов билан унчалик катта фарқи йўқ. Айнан мен учун ўзгартиргани кўпроқ голга чанқоқ бўлишимиз ва кўпроқ зарба беришни талаб қиляпти.

шох1

- Айнан Қўқонга қайтганингиздан кейин жамоанинг ҳужумдаги самарадорлиги ортгани ҳақида эшитяпмиз. “Металлург”да ярим мавсумни йўқотдим, деб ўйлайсизми?

- “Металлург” менга дарс бўлди. Мен “Металлург”ни ҳам, испанча футболини ҳам унутганман. “Металлург” клубида фақат дўст орттирдим, бошқа ҳеч нарса эмас.

- “Қўқон-1912” вазиятни ўзгартириш учун бор кучи билан ҳаракат қиляпти. Жамоанинг реал имконияти қандай?

- Турнир жадвалида ўзимизни жойимизга қайтишимиз керак. Таркибдаги бундай футболчилар билан ўзимизга ярашмаган ўринда турибмиз.

- Олдинда “Қўқон-1912”ни Ўзбекистон кубогида сафарда “Қизилқум”га қарши ўйин кутяпти. Биламизки, қўқонликлар асосий эътиборини чемпионатда мавқеини тиклашга қаратган ёки кубокда ҳам ниманидир кўзлаяпсизларми?

- Кубок – статусга кўтарилиш учун энг қисқа йўл. Бахтиёр ака Ашурматов ютқазишни жуда ёмон кўрарди. Даврон ака Файзиев ҳам худди шунақа. Бош мураббий жамоани ғалаба учун тайёрлаяпти. “Қўқон-1912” ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун ўйнайди. Ўтган йили ярим финалгача келгандик ва ўшанда “Пахтакор”га дуч келдик. Бу сафар энди финалгача ҳаракат қиламиз. “Қизилқум” жиддий жамоа. Биз шунга яраша тайёргарлик кўряпмиз.

шох2

- Чемпионат охиригача яна нечта гол урмоқчисиз?

- Кўз тегмасин, қанча кўп бўлса, шунча яхши.

- Қўқонлик мухлисларга қандай гапингиз бор?

- Қўқонда футболни севишади. Стадионда қанча мухлис кўп бўлса, шунча мазза қилиб ўйнаймиз. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаётганлари учун раҳмат. Барчасини стадионга чорлаймиз, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!