Мифтахутдинов бошчилигида йиғинга киришган "Бунёдкор" дастлабки куни футзал жамоаси билан беллашди

Хабар берганимиздек, бугундан “Бунёдкор” Марат Мифтахуддинов мураббийлигида янги мавсум учун тайёргарликни бошлади.

“Бунёдкор” академиясининг ёпиқ залида ўтказилган илк кунги машғулотларда қуйидаги футболчилар иштирок этди: Сарвар Каримов, Акобир Қаюмов, Лутфулла Тўраев, Шаҳбоз Эркинов, Хуршид Ғиёсов, Нурилло Тўхтасинов, Абдулла Абдуллаев, Миржаҳон Мираҳмадов, Фаррух Икромов, Расул Йўлдошев, Иброҳим Ибрагимов, Суҳроб Иззатов, Суннатилла Абдуллажонов, Абдулазиз Абдусаломов, Валерий Акопов, Муҳаммадодил Қаҳрамонов. 

Йиғиннинг илк куни енгил машқлар билан бошланди. Қувноқ кайфиятда ўтказилган машғулотлардан сўнг, “Бунёдкор”нинг футзал жамоаси билан ҳар бир бўлими 10 дақиқадан иборат ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Мураббийлар штаби ҳар беш дақиқада янги таркибнинг хизматидан фойдаланди.

Дастлаб таркетга Сарвар Каримов, Лутфулла Тўраев, Шаҳбоз Эркинов, Хуршид Ғиёсов, Нурилло Тўхтасинов, Абдулла Абдуллаев чиқди. Айтиш керак, айнан шу таркиб фаоллиги ва футзалчиларимиздан устунлиги билан ажралиб турди. Ҳисобни Лутфулла Тўраевнинг индивидуал ҳаракатлари эвазига амалга оширилган ҳужум ортидан Нурилло Тўхтасинов очди.

Шундан кейин таркиб тўлиқ янгиланди ва таркетга Акобир Қаюмов, Миржаҳон Мираҳмадов, Фаррух Икромов, Расул Йўлдошев, Иброҳим Ибрагимов ва Суҳроб Иззатов тушди. Бу футболчиларимиз ҳам футзални қойиллаштишларини кўрсатишди. Ҳисоб 2:0 га ўзгарди. Гол муаллифи Суҳроб Иззатов. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.

Танаффусдан сўнг таркетга учинчи таркиб тушди. Сарвар Каримов, Суннатилла Абдуллажонов, Абдулазиз Абдусаломов, Валерий Акопов, Улуғбек Абдуллаев, Муҳаммадодил Қаҳрамонов. Футзалчиларимиз эса, иккинчи бўлимни анча фаол бошлади. Натижада Умиджон Зайниддинов, Даврон Валижонов, Шаҳриёр Мирзакаримов голлари эвазига футзал жамоамиз ҳисобда олдинга чиқиб олди – 2:3. Ҳисоб ўзгаргач, мураббийлар штаби яна таркибни янгилади. Сарвар Каримов, Лутфулла Тўраев, Шаҳбоз Эркинов, Хуршид Ғиёсов, Нурилло Тўхтасинов, Абдулла Абдуллаев олтилиги яна устунликни қўлга олди ҳамда сўнгги дақиқаларда ҳисоб тенглашди. Биринчи голда индивидуал маҳоратини намойиш қилган Лутфулла Тўраев бу сафар ҳам ўзини кўрсатиб, ўйин 3:3 ҳисобида якунланишини таъминлади. 

Шу тариқа янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи кунги машғулотлари якунланди, - дея хабар берди, “Бунёдкор” матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!