Миржалол Қосимов АГМК нега "Пахтакор"га қарши ўйинда тайёр ғалабани қўлдан чиқарганига изоҳ берди
"Пахтакор"га қарши ўйиндан кейин АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— "Турнир жадвалининг юқори поғоналарини эгаллаб турган икки жамоа тўқнашди. Қолаверса, "Пахтакор" 2-3 йилдан буён ўзагини сақлаган ҳолда яхши шаклланиб улгурган жамоа. "Пахтакор"да кучли ижрочилар бор. Менимча, жамоам ёмон ўйин кўрсатмади. Фақат учрашувнинг охирги 20 дақиқасида бўшашганимиз панд берди. Қисқа вақт ичида дарвозамиздан иккита тўп олиб чиқдик. Ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Футбол шуниси билан қизиқ. Қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказиб, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Бугун Суҳроб Султонов яхши ҳаракат қилди. Чиройли ўйин бўлди. Айрим жароҳат олган футболчиларимиз бугун ёрдам бера олишмади ва уларни ўрнига тушган ўйинчилар бир-бирларини ўрнини муносиб тўлдирди. Агарда сўнгги 15 дақиқадаги бўшашиб қолганимизни инобатга олмаса, дуранг адолатли натижа бўлди.
Замонавий футболни пиёда ўйнаб бўлмайди. Бугунги кунда футболда кўп югурган жамоа муваффақият қозониши мумкин. Техника, фикрлаш ва бошқа нарсалар иккинчи, учинчи даражага тушган. Ҳар ўйинда ротация амалга оширяпмиз. Чунки қўл остимда 20 нафар футболчи ва 3 дарвозабон мавжуд. Элгужа Григалашвили, Санжар Турсунов ва Дилшод Жўраев жароҳат сабаб ёрдам бера олишмади. Сайдулло Раҳматовга чап қанот ҳимоясида рақобат туғдириш мақсадида Мурод Тошматовни ҳам қанот ҳимоясида ўйнатяпман. Таркибда барча футболчилар ҳар ўйинимизда ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Ҳожимат Эркинов бизга "Пахтакор"дан ижара асосида ўтган. Бугун ўз жамоасига қарши юқори иштиёқ билан тўп тепди. Ёш бўлишига қарамасдан, иқтидорли ва маҳоратли футболчи. Элгужани ўрнига бошланғич таркибдан жой олди. Жорий мавсум Эркинов ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Жиззахда "Сўғдиёна" билан ҳамда Олмалиқда "Бунёдкор"га қарши учрашувда ҳам захирадан майдонга тушиб ўйинни кучайтирганди. Меҳнат қилишда давом этиши керак. Ўсишдан тўхтаб қолиши керак эмас. Ҳожимат Эркиновнинг келажаги порлоқ".
АГМК матбуот хизмати.
Фикрлар