Миржалол Қосимов: "Мухлислар зерикиб қолишмади"

Суперлига 8-туридан ўрин олган ОКМК – Сўғдиёна (5:3) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Иккала жамоа ҳам ноқулай об-ҳавога қарамай, чиройли ўйин кўрсатди. Кучли ёмғир ёғишига қарамай, стадионда бизни стадионда қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бугун улар зерикиб қолишмади. Куни кеча Олмалиқда кончи ва металлурглар куни кенг нишонланди. Футболчилар ушбу байрамга мухлислар учун ғалаба совға қилишди.

"Локомотив" 3 та марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилди. Ўтган беллашув курашларга ва узун пасларга бой ўтди. "Сўғдиёна" эса кичик ва ўрта масофадаги узатмалар билан ўйнайди. Жиззахликлар таркибида Дориев, Ёвович, Петкович сингари ижрочилари бор. Шу сабабли ҳам бугун очиқ футбол гувоҳи бўлдик.

2:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда жуда ҳам оддий тўплар ўтказиб юбордик. Рақиб катта эътиборни стандарт вазиятларга қаратгани сезилиб турган эди. Биринчисини қарши ҳужумда, иккинчисини бурчак зарбасидан, учинчисини эса пенальтидан ўтказиб юбордик. Футболда бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Асосийси, байрамона кайфиятга ўз ҳиссамизни қўша олдик.

Бундай об-ҳавода камчиликларни камайтириш талаб этилади. Албатта, ҳамма ҳам хато қилади. Шунинг учун доим такрорлаб келман, футбол – бу шахмат эмас. Тўпни қабул қилишдан олдин уни кимга узатишни билиш лозим. Яъни, жуда ҳам тез фикрлаш керак".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!