Миржалол Қосимов: "Очкони кузда санаймиз деган гап бор"

Суперлигада 15-тур якунланди. Мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказаётган ОКМК клуби бу тур ўз майдонида "Навбаҳор"ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ҳар доим "Навбаҳор" билан шиддатли ўтади ўйинларимиз. Қайси стадионда бўлишига қарамай, доим кескинлик бўлади. Натижадан қониқдим, ўйиндан эмас. Бугун йигитлар мен кутгандек ўйин кўрсатгани йўқ. Кўплаб шогирдларимнинг йўқлиги сезилди. Энг муҳими, бугун натижани қўлга киритдик. Баҳс эсдан чиқади. Кўп ишлашимиз керак. 

- Биринчи бўлимда жамоа жуда кўп тўп йўқотди. Хатолар ғалабада ҳам кўзга ташланмоқда?

- Учрашув давомида "Навбаҳор" 3 та марказий ҳимоячи билан чиққани бизга таъсир қилди. Жуда кўп ҳолда оддий вазиятларда тўпни йўқотдик. Тўпни назорат қилмадик. Бу бизга хос бўлмаган футбол. "Навбаҳор" кучли ижрочиларга эга. Бу ҳам босим қилди. Тинимсиз тўп учун курашавериш катта куч сарфлашга сабаб бўлди. 

- "Навбаҳор"да биринчи ва иккинчи даврада ўзгаришлар сездингизми? 

- Ўйиндан ўйинга ўзгариш бўлади. Жамоа қандай тонусда бўлишига боғлиқ. Таркибнинг 90 фоизи ўша-ўша эди. Схеманинг ўзгаргани бизга муаммо туғдирди. Ўзимиз ҳам жуда кўп тўп йўқотганимиз асабийлашишизга сабаб бўлди. Биринчи бўлимда Акромнинг хато қилгани сўзимга исбот бўлади. 

- "Навбаҳор"га ўзгача тайёргарликка қўшимча ҳам қилганмидингиз? 

- Рақиб жамоанинг эмас, ўзимизни ўйинимиз мени қизиқтиради. Шогирдларимга ўзларингиз яхши ўйнасаларинг, ҳеч қандай муаммо бўлмайди деб айтаман. Эътиборни кўпроқ ўзимизнинг футболчиларга қаратамиз. Асосийси, ғалаба руҳи. Енгилмаган жамоа бўлмайди. Бугун, "Пахтакор", "Андижон", "Насаф" ва "Сўғдиёна"га қарши ўйинларда қўлни силтаб юбормай, охиригача жанг қилдик. 

- ОКМК чемпионликка ҳеч қаерда даъво қилмаган бўлса ҳам, секин-аста мақсадига яқинлашмоқда?!

- Қайси жамоада ишлаган бўлсам ҳам, доим мухлислар учун тўп сурганмиз. Пул бор ёки йўқлигидан қатъий назар. Очкони кузда санаймиз деган гап бор. Вақт кўрсатади. 

- ОКМК Суперлигани кўплаб клублардан фарқли ўлароқ яхши легионер танлай олади. Бу билан шахсан ўзингиз шуғулланасизми? 

- Ўйинчиларни мураббийлар штаби билан биргаликда кўриб чиқамиз. Қайсидир позицияни кучайтирмоқчи эканлигимизни айтамиз. Танловни доим бирга қиламиз. Ҳозир бу катта маъсулиятли ишга айланган. Футболчилар бир-икки машғулот ўтказиб, ўртоқлик ўйинларидан сўнг контракт имзолашга рози бўлмаслиги урфга айланган. Масалан, Ҳақназарини таркибга қўшиб олганимизда у 6 ой футбол ўйнамаган футболчи эди. Қолгани яратганга таваккал.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
13/08/2024 12:28
Омад Кушокович Окмк чемпион ( пахтакор мухлиси.)