Миржалол Қосимов "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" фондига 75 млн сўм ўтказиб берди
Шу кунларда мамлакатдаги барча соҳа вакиллари коронавирус пандемиясига қарши курашишда ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, юртдошларимиз "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондининг ҳисоб рақамларига жисмоний ёки юридик шахс сифатида маблағ ўтказиш йўли билан ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишмоқда.
Дунёдаги мураккаб вазиятда ўзбек халқига хос бўлган баҳамжиҳатлик ва саховатпешалик коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида ташкил этилган "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига беғараз ҳамда беминнат ёрдамини аямаётган катта корхоналар, тадбиркорлар, таниқли ва машҳур инсонлар томонидан катта миқдордаги маблағлар хайрия қилинмоқда.
Ўз навбатида, мазкур хайрли ишга ўзбек футболи афсонаси, айни пайтда АГМК жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган мутахассис Миржалол Қосимов ҳам ихтиёрий равишда ушбу фондга беғараз ёрдам тариқасида 75 миллион сўм маблағни ўтказиб берди. Бу ҳақда эса клуб матбуот хизмати хабар тарқатди.
Эслатиб ўтамиз, кеча "Сўғдиёна" клуби футболчи ва ходимлари ҳам мана шундай хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшган эдилар.
Фикрлар