Мирсодиқов, Шацких ва бошқалар Николай Ширшовни қандай хотиралар билан эслашди ёхуд марҳум сўнгги интервьюсида нималар деганди?
Ўлим ҳақ! Барчамиз вақтики келиб бу фоний дунёдан кетамиз. Аммо ким қачон, буниси ёлғиз Яратганга аён.
Футбол ичида яшаб, ижод қилиб, кўплаб турли мақолалар, суҳбатлар ёздик. Лекин кимнидир вафоти ҳақида ёзиш чиндан ҳам оғир ва қайғули. Кеча тарқалган хабардан ҳаммамиз ҳайрон қолдик. Ўша сиз билган Николай Ширшов энди орамизда йўқ!
“Ростов” клуби матбуот хизмати томонидан ёзилган хабарга кўзим тушиши биланоқ бироз ўйга толдим. Шунчаки, наҳотки, деган сўз хаёлимга келарди холос. Ҳа, қанчалик оғир бўлмасин Николай Ширшов вафот этди ва буни қабул қилишимиз керак.
У ҳали 50 ёшни ҳам кўрмаган, энди 47 ни босиб ўтаётганди. Николай Владимировични кўпроқ ёши улуғ мухлисларимиз яхши эслашади. Аслида у барчага таниқли, фақат ўйинларини ҳозирги ёш авлод ишқибозлари яхши эслай олмасалар керак, яна билмадим.
“Ростов” клубидаги ёрқин ўйинлари орқали россияликлар учун ҳам ажойиб ўйинчи эди. Шунинг учун Ширшовнинг ўлими ҳақидаги хабар худди биздаги каби Россия матбуотида ҳам яшин тезлигида тарқалиб кетди. “Пахтакор” ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўйинларини эслаймиз. Чап қанот ярим ҳимоясида ўз ҳукмронлигини ўрнатган чинакам етакчи эди. 2000-2005 йиллар мобайнида “Ростов” шарафини ҳимоя қилди ва жамоа сардорига ҳам айланганди.
Унинг вафоти табиийки, ўзбек футболи жамоатчилигини ҳам қаттиқ қайғуга солиб қўйди. Чунки бундай кутилмаган хабарни қабул қилиш ҳам оғир кечгани рост. Ўз вақтида Ширшов билан “Пахтакор”да ва терма жамоада бирга фаолият олиб борган мутахассислар марҳум ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.
Рустам Мирсодиқов
- Ширшовни отаси ҳам футболчи бўлган ва яхши ўйинчи эди. Шунинг учун Николай ҳам футболчи бўлиб етишганди. Фаолиятини “Трактор”да бошлаган. Кейин уни “Пахтакор”га ўзимиз таклиф қилгандик. 1996 йили Баҳодир ака Ибрагимов миллий терма жамоани бошқарганди. Ўшанда Ширшов ёш эди. Футболчини жамоага таклиф қилганимизда у пайтларда шартнома, кўтарма пуллари, деган нарсаларга жиддий эътибор берилмасди. Биринчи навбатда, футболчининг одамгарчилиги, инсонийлик фазилатларига қараганмиз. Николай майдонда ҳам, ҳаётда ҳам жуда тартибли инсон эди. Баъзи футболчиларга бир сўм таклиф қилсангиз, 10 сўм сўрашади, лекин Ширшов ундай эмасди. Ўша кезларда Николайнинг ёнида Станислав Моргулис, Андрей Акопянц кабилар бор эди ва булар барчаси дўст бўлган. Улар ҳаётда ҳам бирга эдилар. Акопянц иккаласи “Пахтакор”дан “Ростов”га кетганди.
Менинг ёшим 70 га яқинлашяпти, у эса ҳали 50 га ҳам тўлмаганди. Ўз қўлимда ўйнаган. Албатта, Ширшовнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти ичимдан эзилдим, хафа бўлиб кетдим. Ўлимига нима сабаб бўлганини ҳали билмаймиз. Оила-аъзоларига, болаларига соғлиқ ва ҳамдардлик тилайман.
Абдуқаҳҳор Маъруфалиев
- Николай Ширшов “Пахтакор”га биздан кейин келганди, ўшанда ўринбосарлар сафига қўшилганди. У пайтда анча ёш бола эди. Аммо ўз устида доим ишларди. Меҳнати билан яхши футболчи бўлиб етишганди. Тўғрисини айтсам, Николай ниҳоятда камтар бола эди. Меҳнатдан қочмасди. Биз Ширшов билан “Пахтакор”да ҳам, миллий терма жамоада ҳам бирга ўйнаганмиз. Тошкентда БАА терма жамоасига 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйгандик. Ўша учрашувда мен унга пас бергандим ва Ширшов гол урган. Кейинчалик мен бошқа жамоага кетдим, у “Пахтакор”да қолди ва яна бир неча йил у ерда ўйнади. Шундан сўнг, Акопянц иккаласи “Ростов”га кетди. Интервью берганида мени ҳам эслаб ўтган экан. Жуда яхши, одобли ва камтар йигит эди. Унинг ўлимини эшитишим биланоқ шок ҳолатига тушиб қолдим. Яхши оиласи бор эди. Менимча, укаси ҳам футболчи бўлиб, у дарвозабон эди.
Шуҳрат Мақсудов
- Ўғлим билан бирга ўтиргандим. У телефонидан кўриб, “дада Николай Ширшовни билармидингиз?”, деб қолди. Нега билмас эканман, бирга ўйнаганмиз, деб жавоб берсам, ўша ўйинчи вафот этибди, деди. Биласизми, шу гапни эшитгач, ғалати бўлиб қолдим. Мендан ёш эди. 1974 йилда туғилганди. Ширшов билан жуда яқин эдим. Ҳатто, унинг оиласи билан муносабатларимиз яхши бўлгани учун ўзаро оилавий борди-келдиларимиз ҳам бор эди. Юмшоқ характерли, ҳеч ким билан жанжаллашмасди. Лекин майдонда ҳақиқий жангчи эди. Ҳаётда эса мулойим инсон бўлган. Оғзидан ёмон гаплар чиқмасди. У билан “Пахтакор”да ҳам, терма жамоада ҳам бирга ўйнаганмиз. Сафарларга борганимизда Николай билан бир хонада истиқомат қилардик. Нима деймиз? Ҳаёт шунақа экан-да. У ҳақда фақат илиқ фикрлар билдира оламан. Албатта, жуда ҳам қайғудамиз. Аммо бу Аллоҳнинг хоҳиши, ўлим ҳақ. Аниқ санасини билмадим-у, бироқ қачондир номеримни топиб менга қўнғироқ қилганди. Ўшанда анча суҳбатлашгандик. Охирги суҳбатимиз шу бўлган.
Жаъфар Ирисметов
- Николай Ширшов ҳақидаги хабарни кўришим билан ғалати бўлиб кетдим. Худо яқинларига сабр берсин, ёш эди. Лекин ўлим ёш танламайди. Яхши бир инсон орамизни тарк этди. Ажойиб футболчи бўлишдан ташқари ажойиб инсон ҳам эди. Ҳамма футбол мухлислари унинг қандай ўйнаганини билишади. Бу каби инсоннинг орамизни тарк этиши футбол олами учун оғир. Николай билан бирга жуда кўп тўп сурмаган бўлсам ҳам терма жамоада ўйнаганмиз. Уни фақат яхши томонлама эслай оламан. Ҳаттоки, оғзидан сўкиниш чиққанини эшитмаганман. Ақлли эди. У кучли футболчи бўлган. Ҳозирги пайтда унга ўхшаганлар жуда кам. Ўлимини эшитишим биланоқ миллий терма жамоада қайсидир учрашувда менга голли пас узатгани ёдимга келди. Худди ўша ўйин кеча бўлгандек.
Павел Бугало
- Дўстимиз, яқинимиз, меҳрибон ва ёрқин инсон ҳаётдан кўз юмди. Унинг томири узилиб кетди ва юрак уришдан тўхтади. Лекин у ҳамиша бизнинг қалбимизда.
Максим Шацких
- Биринчи навбатда, Ширшовнинг рафиқаси Наташага чуқур ҳамдардлик билдириб қоламан, фарзандлари, қариндошлари ва дўстларига ҳам. Унинг ётган қабри юмшоқ бўлсин. Мен уни қувноқ, даврларнинг “гули” бўлган йигит ҳамда футболчи сифатида жуда зўр ижрочилиги орқали бир умр ёдимда сақлаб қоламан. Унинг фарзандлари шундоқ кўз ўнгимда вояга етишган. Айни чоғда бундай оғир йўқотишни эшитиб, нимадир дейишга сўз ҳам топа олмасдан қийналяпман. Энг асосийси, у ҳақиқий инсон бўлган. Ётган қабри унинг учун нурга тўлсин.
Ширшов билан яқин бўлмасак-да, лекин қисман таниш эдик. Чунки ўтган йили Sports.uz учун Николай билан суҳбатлашгандик. Ўшанда у бизнинг таклифимизга иккиланишсиз рози бўлганди ва Ўзбекистонни соғингани сўзларидан билиниб турарди. Аммо ўша суҳбат охиргиси бўлиб қолганини умуман ўйламагандик. Чунки Ширшов билан яна суҳбатлашиш ниятимиз бор эди. Ўтган йилнинг 20 октябрь куни сайтимизда чоп этилган мақоладан Ширшовнинг айрим айтган гапларини келтириб ўтмоқчимиз.
"Албатта, мени ҳамон эслаб туришгани учун ўзбекистонлик футбол ишқибозларига катта салом йўллайман! Дарҳақиқат, Ўзбекистон билан боғлиқ менда жуда яхши таассурот, хотиралар қолган. Ахир мен ўша ерда туғилиб катта бўлганман ва футбол ўйнашни бошлаганман. Футболчилик ҳаётимдаги энг ёрқин дамлар эса бевосита терма жамоа иштирокидаги ўйинлар билан боғлиқ. Киритган барча голларим, мураббийлар штабида кимлар ишлагани ва кимлар билан тўп сурганимни жуда яхши эслайман.
Ростини айтсам, бу масалада жавоб қайтаришим қийин. Чунки ўйнаётган чоғларимда бу ҳақда ўйламасдим. Агар иккала жамоага четдан назар ташланса, иккиси ҳам ёмон ўйин намойиш этмаган. Иккала терма жамоа ҳам жуда яхши кўринади. Ўзим тўп сурган кезларда жамоа ичи ва унинг атрофида нималар юз бераётганини доим билиб турардим. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, хотирамда сақланиб қолган ўйинлар бу терма жамоа либосидаги ўтказган барча беллашувлардир. Айтишим керакки, ўйинчи сифатида энг олий мақсадим жаҳон чемпионатида тўп суриш эди. Бахтга қарши мен ўйнаган кезларда мундиалга чиқишга оз қолганига қарамай, бунинг иложи бўлмаган. Умид қиламанки, энди бугунги терма жамоа узоқ йиллардан бери армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасига эга чиқиб, миллионлаб мухлисларни бениҳоя қувонтира олади", - деганди Ширшов.
Биз у билан суҳбатдан парча келтирдик ва кўриб турганингиздек, миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини жуда истаганини яширмаган. Афсуски, Николай Ширшовга ҳам бу кунларни кўриш насиб қилмади. Биз ўзбек футболига катта ҳисса қўшган Ширшовни унутмаймиз!
Фикрлар