"Миш-мишларга ишонмайман". Левченко "Бунёдкор" устидан қозонилган ғалаба ва "Нефтчи"даги тақдири ҳақида нималар деди?

Суперлигада 23-тур якунланди. "Нефтчи" жамоаси бу тур ўз майдонида "Бунёдкор"ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Виталий Левченко матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биз "Бунёдкор"га очко кераклигини билар эдик. Шу боис, илк тайм жуда ёпиқ ўйин кўрдик. Бизда битта имкон бўлди, аммо ундан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда гол ургач, ўйин очилиб кетди. Кейин яна битта тўп киритдик, аммо якун жуда асабий ўтди. Гол ўтказгач, баҳс сўнггида натижадан хавотирландим. Йигитларга бор кучини майдонда ташлаб кетгани учун ташаккур билдираман. 

- "Бунёдкор" "Нефтчи"га қадар 5 та учрашувда ютқазмаганди. Бугун сиз Зейтуллаевни енгдингизми?

- Агар иккинчи даврани олсак, "Бунёдкор" ўзгарди. Бу бош мураббийнинг меҳнати эканлиги аниқ. Тактика ва стратегия борасида қараш мураббийга тегишли. Жамоа иккинчи даврада очко жамғариш борасида етакчилардан. Уларни енганимиз икки ҳисса ёқимли.

- Нега захира ўриндиғидан футболчиларни кеч майдонга ташладингиз?

- Бу тактик ўзгаришлар футболдаги айёрликлар билан боғлиқ. Вақт якунлаётган пайтда қўшимча ўзгаришлар паузаларни юзага келтирарди. 

- "Нефтчи" билан келаси мавсумда ишлашингиз неча фоиз ҳақиқатга яқин?

- Барчаси яратгандан ва раҳбариятнинг қарорига боғлиқ. Бу масалани ҳал этадиган одамларнинг қўлида қолган. Мен ўз ишимни қиламан. Мен миш-мишларга ишонмайман. Ҳозир "Нефтчи"да ишлаяпман. Қачонки, расмий хабар бўлса, кейин фикр билдириш мумкин.

- Бу йилги "Нефтчи" ўтган йилгисига ўхшаши учун нима етишмади?

- Футболчилар ўзгармоқда. Натижа ҳали-хамон турнир жадвалининг юқори қисмида турибди. Агар таққосласак, мавсум ҳали якунланмади. Қолган 3 та ўйинда яхши ўйин кўрсатиб, очколарни жамғариш керак. Ҳаммаси ҳали олдинда.

- "Нефтчи" таркибида ёш футболчиларни жуда ҳам кам кўряпмиз?

- Агар қайднома ҳақида гап борса, улар рўйхатда бор. Ҳеч ким асосий жамоани эшигини ёпиб қўйгани йўқ. Агар ёш футболчи асосий таркибдаги футболчи билан рақобатда ютқазса, уни мажбурлаб асосий таркибга жойлашга хожат йўқ. Бугун ёшлар даражага жавоб бермайди. Ёшлар билан натижа қила олмасам, нега жамоани ёшларга қолдирдингиз деб савол беришингиз мумкин. Улар ўсиши учун тизим ва тузилма керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!