МОҚ раҳбариятининг ҳудудларга ташрифи бошланди

Маълумки, жорий йилнинг 23 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятига мазкур йўналишда бир қатор топшириқлар берилди.

Миллий Олимпия қўмитаси ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамкорликда тузилган режа асосида берилган топшириқлар ижросини ҳудудлар кесимида амалга ошириш ишларини бошлаб юборди.

Айни пайтда Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов Андижон вилоятида бўлиб туришибди.
Улар вилоят ҳокимлиги, спортни ривожлантириш бошқармаси, БЎСМ, ИБЎСМ, ОЗКларнинг масъул мутасаддилари, тренер ва ҳакамлари билан учрашди.

Учрашув давомида А.Камилов давлат раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида билдирилган барча танқидий эътирозлар ўринли эканлиги, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун устувор вазифалар белгилаб берилганлигини айтиб ўтди. Биз биргаликда бу ишларни самарали тарзда амалга ошириб, масъулият ва виждонан ишлашимиз керак, деб таъкидлади сўз якунида А.Камилов.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари, федерациялар ва Республика олий спорт махорати мактаблари ўртасида селекция борасида узвий янги механизмни шакиллантириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш, Олимпия захиралари коллежларидан муносиб спортчиларнинг етишиб чиқмаслиги сабаблари, жойлардаги мутахассис ва тренерларнинг малакаси, ёшларни спортга жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва селекция қилиш бўйича миллий чемпионатларнинг вилоят босқичини ўтказиш тизимларини ўрганиб чиқди.

Бундан ташқари худудларда спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган тренерлар ва ҳакамларнинг шаффоф - одилона ишлаш тизимини яратиш, уларнинг салохиятини ҳамда ишлаш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув давомида Шерзод Ташматов, ҳудудларда ёшларни спортга жалб этиш, уларни саралаш бўйича янги тизим жорий қилиш бўйича Президентимиз берган топшириқлари асосида, дзюдо ва таэквондо спорт турлари мисолида янги тизим ишлаб чиқилганлигини қайд этди ва бу тизим механизми бўйича мусобақаларни спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, хар бир ҳудуднинг туман ва шахарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида мусобақаларни ўтказиш, мазкур секторларга масъул тренерлар ва мутахассисларни бириктириш, мусобақаларни бошқаришда шаффоф ва одилона хакамлик корпусларини яратиш кераклиги ҳамда мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган иқтидорли спортчиларни спорт мактаблари ва Олимпия захиралари коллежларига йўналтириш тизими билан таништириб ўтди.

Ушбу ишлаб чиқилган янги тизим механизми бошқа олимпия спорт турлари бўйича ҳам зоналар ва секторлар кесимида ёшларни спортга жалб этиш ва селекция мусобақалари ўтказишда қўлланилишини маълум қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!