МОҚ спорт фахрийларидан иборат жамоатчилик кенгаши ташкил қилмоқда
Ўз тарихини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Шунингдек, бу жумлани спорт миқёсида ҳам қўллаш мумкин. Ўтмишидаги таниқли спорт фахрийларининг бой тажрибаларидан фойдаланиш муваффақиятга эришишнинг яна бир калитидир. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўтмишимизнинг энг ёрқин спорт фахрийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Ушбу учрашув спорт фахрийлари ва МОҚ президенти ўртасида ташкил этилди. Унда ташкилот қошида спорт фахрийларлари, таниқли олимлар ва арбоблардан иборат Жамоатчилик Кенгашини тузиш ва улар билан ҳамкорликда ишлаш борасида суҳбат борди.
Учрашувда Рустам Шоабдураҳмонов спорт фахрийларининг соғлом турмуш тарзи ва спорт оммавийлигини ошириш борасида тутган ўрни хусусида тўхталиб ўтди.
“Аввало, таклифимизга йўқ демасдан ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Сизлар ўзбек спортининг “Олтин генофонди”сизлар. МОҚ қошида тузиладиган Жамоатчилик Кенгаши ўзбек спортини янги босқичга олиб чиқишда катта ёрдам беради. Биз сизлардаги бой тажрибадан фойдаланишимиз керак. Орангизда спортимиз тараққиётига, унинг бугунги зафарларига тамал тошини қўйган мутахассисслар бор. Ҳозирда барча спорт федерацияларида моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш борасида иш бошлаяпмиз. Сизлардаги тажриба ва иштиёқ билан спортимизнинг шонли тарихини қайта тиклаймиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Мазкур учрашувда бокс, оғир атлетика, қиличбозлик, футбол, спорт курашлари, бадиий ва спорт гимнастикаси, шунингдек, илмий соҳа йўналишларида шуҳрат қозонган авлод вакиллари қаторида сув полоси, чим устида хоккей каби спорт турларида Собиқ Иттифоқ терма жамоаси билан жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган вакилларимиз ҳам қатнашишди. Таъкидлаш жоиз, бугун Миллий олимпия қўмитасига пойтахтимизда истиқомат қилаётган фахрийларгина ташриф буюришди холос. МОҚ келгусида барча вилоятлардаги спорт фахрийлари билан ҳам изчил ҳамкорликни йўлга қўйишни, уларнинг улкан тажрибасидан спортимиз тараққиёти ва Олимпия ҳаракати ривожи йўлида фойдаланишни мақсад қилган.
Манба: olympic.uz
Фикрлар