Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Моуриньо Мбаппе атрофидаги можарога ойдинлик киритди

Muhammadqodir Ruzmatov
Изоҳлар: 0

Жозе Моуринью Килиан Мбаппе атрофидаги миш-мишларни рад этиб, унинг жароҳати жиддий экани ва текширув учун кетганини айтди.

«Реал» бош мураббийи Жозе Моуриньо Франция миллий жамоаси ихтиёридан кетганидан сўнг ҳужумчи Килиан Мбаппенинг бўш вақтини қандай ўтказгани ва унинг атрофида юзага келган вазият ҳақида фикр билдирди.

«Футболчи бўлиш — сутка давомида 24 соатни эгаллайдиган касб. Шахсий ҳаётдаги ҳар қандай хатти-ҳаракат муқаррар равишда муайян оқибатларга олиб келади.

Футболчи ҳам инсон. У қаердадир хато қилиши мумкин... Аммо унда масъулият ҳисси доимо бўлади.

Миллий жамоалар ўйинлари учун юзага келган танаффус даврида «Реал» футболчилари ўзларининг профессионал ёндашувларини намойиш этишди. Уларнинг муносиб шароитларда шуғулланишини таъминлаш учун астойдил меҳнат қилдик. Дам олиш вақтларигача барча нарса пухта режалаштирилган эди. Жароҳат олган футболчилар Вальдебебасдаги базага келишди, тиббий кўрикдан ўтишди ва тикланиш жараёнини давом эттиришди.

Масалан, Арда Гюлерни олайлик. У сўнгги учрашувда жароҳат олди ва мен унга икки кун дам бердим.

Мбаппе билан боғлиқ воқеага келсак, у бу ерда бўлди, тиббий кўрикдан ўтди, кейин эса тиззасидаги муаммолар сабабли бошқа шифокорнинг фикрини олиш учун жўнаб кетди. Бу муаммоларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Кейин тикланиш жараёни давом этади. Унинг тафсилотлари эса, аслида, сизга тегишли эмас. Шу билан бирга, айримлар оддий вазиятлардан муаммо излашга мойил.

Аввалига тунги клуб ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Аммо у клуб эмас, балки Парижда хусусий тадбир ўтказилаётган машҳур маскан эди.

Кейин Швейцариядаги велосипедлар ҳақидаги воқеа пайдо бўлди. Меҳмонхонада шунчаки спа ҳудудига ёки умумий фойдаланиш жойларига осойишта боришлари учун бир жуфт велосипед тақдим этилганди.

Дин Ҳейсен билан боғлиқ каби кичик воқеалар ҳам бўлади. У шунчаки Тиаго Питарчнинг уйи олдида туриб, телефонда хабар ёзаётган эди. Аммо уни деярли жиноятчига чиқаришди. Бу кулгили ҳолат.

Янгилик истайсизми? Мана сизга янгилик. «Реал»да узоқ вақтдан бери биринчи марта октябрь ойида янги жароҳатлар қайд этилмади.

Жароҳатланганлар рўйхатида фақат ўтган мавсумда шикастланган футболчилар қолган. Мана шу — яхши янгилик, аммо бу сизга қизиқ эмас», — деди Жозе Моуриньо.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Telegram'даги каналига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ