
Муҳим учрашувлар олдидан ким қандай ҳолатда!
Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма март ойида Жаҳон Чемпионати саралаши-2026 доирасида Қирғиз Республикаси ва Эрон билан ўйнайди.
Бош мураббий Темур Кападзенинг ушбу йиғинга жалб этган футболчиларини аллақачон кўргандирсиз, ўқигандирсиз. Жалб этилганлардан 15 таси Суперлига жамоаларида тўп тепувчилар бўлса, қолган 10 нафари легионерлардан иборат.
Ўзбекистон Суперлигасининг 2025 йилги мавсуми яқинда бошлангани боис, легионерларимизнинг ҳолати ҳақида маълумот берамиз.
Топ-5дагилар топда!
Топ-5 чемпионатларда ҳаракат қилаётган икки етакчиларимизнинг вазияти ҳаммамизга маълум. Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити"да асосий таркибнинг муҳим футболчисига айланиб, 7 баҳсда 249 дақиқа ҳаракат қилиб, битта гол киритишга ҳам улгурган бўлса, Элдор Шомуродов “бўрилар” таркибида февраль ойининг энг яхшиси номига эришди, муҳим баҳсларда жамоасига ғалаба олиб келяпти. Афсуски, Европа Лигаси доирасидаги "Атлетик"ка қарши жавоб беллашувида Рим клуби мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди.
Эрондаги етакчиларимиз формага қайтмоқда!
Дарвозабонимиздан бошласак, Ўткир Юсупов “Фулад” таркибида муҳим фигурага айланди. У жорий мавсум Эрон Про-лигасида 21 та баҳсда 1890 дақиқа ҳаракатланди ва 9 та қуруқ учрашув ўтказа олди. Хузестон клуби ҳам жорий мавсум чемпионатда совринли ўринлар учун курашмоқда.
Эрон чемпионатида иштирок этаётган яна бир ҳамюртимиз Остон Урунов жароҳатлар сабаб мавсумнинг бир қисмини ўтказиб юборди. У жами 17 беллашувда 1172 дақиқа майдонда тўп тепиб, 3 гол ва 1 ассистни ҳисобига ёздирган. Остон жароҳатдан тузалиб, чемпионат сўнгги турида 87-дақиқада майдонга тушиб, 5-6 дақиқа ҳаракат қилди. Муҳими сафга қайтди.
Лидерларимиздан Жалолиддин Машарипов таҳминан 1 ой муддатдан сўнг “Теҳрон дербиси”да 29 дақиқа ўйнаш имконига эга бўлган эди. Кейинчалик, Осиё Элит лигасидаги “Ан-Наср”га қарши баҳсларда ҳам иштирок этди. У ўша жароҳатдан олдинги сўнгги учрашувини 20 январь санасида “Шамс Азар” жамоасига қарши ўтказганди.
Эронга қарши ўйинда Эронда ўйнаётган футболчиларимизнинг ҳолати жуда муҳим. Сабаби ҳар уччала ҳамюртимиз ҳам форсларнинг муҳим футболчиларига қарши ҳам, бирга ҳам ўйнашади.
Отабек Шукуров ҳақида
“Катталаримиз”дан яна бири Отабек Шукуров аллақачон “Ал-Фейҳа”нинг асосий ўйинчисига айланиб улгурганини яхши биламиз. Лекин, жамоада аҳвол унчалик яҳши эмас. "Аль-Фейха" турнир жадвалида 18 клуб ичида 14 уринда жойлашган. Шукуров февраль ойидан шу бугунгача 6 та баҳсда майдонга тушди ва атиги 2 та баҳсда алмаштирилди. Шулардан бири ҳам "Аль-Ҳилол"га қарши сўнгги турда жароҳат сабабли бўлди. Қувонарлиси, жароҳат жиддий эмас.У машғулотларни бошлаб юборди.
Файзуллаев ва Ашурматов ҳам бошлади!
Энди, Россия томонларга юзлансак, у ерда милий жамоамизнинг 2 та асосий футболчиси тўп тепади. Россия Премьер-лигаси деярли 3 ойлик танаффусдан сўнг 28 февралдан 19-тур давом эттирилди. Унда Аббос Файзуллаев жамоаси ЦСКА “Зенит”га қарши майдонга тушди. 0:0 ҳисобида якунланган ўйинда Аббос энг юқори бал олганлардан бўлди. Ундан сўнг "армиячилар" яна иккита беллашувда ўйнади ва Аббос битта ассистни амалга оширди. “Рубин” таркибида тўп тепадиган ҳимоячимиз Рустам Ашурматов эса танаффусдан кейин 3 турдан 2 тасини асосий таркибда бошлади ҳамда 127 дақиқа майдонда бўлди.
Туркиядан саломлар!
Биласиз, Туркияда ҳам икки термамиз аъзоси ҳаракат қилмоқда. Алиқулов "Ризеспор"ни "ёндирмоқда". Бу мавсум у 26 ўйинда 3 гол ва 1 ассист қайд этди. Ҳаттоки, у мавсум бошида кетма-кет голлар уриб, Осимҳен-у, Икардилар билан ёнма-ён боргани ҳам ёдимиздан чиққани йўқ. Азиз Турғунбоевнинг ҳам формаси ёмон эмас. Умумий 22 баҳсда 3 ассистга эришди. Мураббий унга бу баҳсларда умумий 1265 дақиқа ўйнаш имконини берди. Бу таҳминан бир ўйинда 58 дақиқа дегани. Бироқ бу сафар Турғунбоев терма жамоанинг мартдаги йиғин учун рўйхатда йўқ. Унда кичик жароҳат бор.
Борган жамоасини чемпион қиладиган Абдихолиқов қандай формада?
Ҳа дўстлар, бекорга бунақа сарлавҳа бермадик. Чунки, Бобир борган сўнгги икки жамоа уша мавсумда ўз лигасида илк бор чемпионликни қўлга киритган. Бири Қозоғистоннинг 2023 йилдаги чемпиони "Ордабаси", яна бири утган мавсум Суперлигада биринчи марта чемпионлик нашидасини сурган "Насаф" клуби ҳисобланади. Бу мавсум эса у Озарбайжон чемпионатида 10 жамоа ичида 8-ўриндаги клубга бориб қўшилди ва ҳозиргача 4 та баҳсда қатнашди. Бобирнинг бу ердаги муваффақиятли ҳаракатлари ҳали олдиндалигига умид қиламиз.
Хулоса ўрнида легионерлеримиз спорт формаси юқори даражага чиқаётганидан хурсанд бўлсак арзийди. Бу вақт ичида Ўзбекистон Суперлигаси ҳам старт олди. Жамоалар ФИФА кунларигача яна битта турда майдонга тушадилар. Хуллас, шунақа гаплар!
Яҳёхон Ғаниев.
Фикрлар