
“Манчестер Сити” Ҳусановни кузатиб қўяди!
Март ойидаги ФИФА кунларида жаҳондаги деярли барча мамлакатларнинг турли терма жамоалари навбатдаги йиғинлари ва ўйинларини ўтказади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 2026 йилги жаҳон чемпионати Осиё минтақаси саралаш мусобақасининг учинчи босқичида иккита расмий беллашувда қатнашади. Тимур Кападзе бош мураббийлик қилаётган футболчилари Қирғизистон ва Эронга қарши тўп тепади.
Англия футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалардан бири cityxtra.co.uk сайти “Манчестер Сити”дан халқаро учрашувларга таклиф этилган футболчилар ҳақида маълумот тарқатди.
Таъкидлаш жоизки, “Сити”да англияликларни қўшиб ҳисоблаганда ўн уч мамлакат вакиллари тўп тепиб келмоқда. Легионерлар сони 21 нафарни ташкил қилади ва уларнинг деярли барчаси ўз юртлари шарафини халқаро майдонда ҳимоя қиладиган ўйинчилардир. Маҳаллий футболчилар орасида ҳам терма жамоага номзодлар бор.
Қуйида ўз мамлакатлари терма жамоаларидан расман таклиф олган футболчилар ва улар иштирок этиши кутилаётган ўйинлар билан танишиш мумкин.
Бразилия: Эдерсон, Савиньо.
Бразилия — Колумбия, 21 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви
Аргентина — Бразилия, 26 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви
Хорватия: Йошко Гвардиол, Матео Ковачич.
Хорватия — Франция, 20 март, УЕФА Миллатлар лигаси, финал
Франция — Хорватия, 23 март — УЕФА Миллатлар лигаси, финал
Норвегия: Эрлинг Холанд.
Молдова — Норвегия, 22 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви.
Исроил — Норвегия, 25 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви.
Ўзбекистон: Абдуқодир Ҳусанов.
Ўзбекистон — Қирғизистон, 20 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви.
Эрон — Ўзбекистон, 25 март, жаҳон чемпионати саралаш учрашуви.
“Манчестер Сити”нинг Аргентина, Бельгия, Миср, Англия, Германия, Португалия, Испания терма жамоаларига номзод футболчилари ўзларига расмий таклиф юборилишини кутмоқда. Бу мамлакатлар терма жамоалар мураббийлар штаби ҳали таркибни охиригача шакллантиргани йўқ ва бу маълумотлар вақт ўтиши билан янгилаб борилади.
“Шаҳарликлар”нинг бир неча футболчилари жароҳатлар туфайли ўз мамлакатлари жамоаларига ёрдам бера олмайди. Хусусан, Мануэль Аканжи Швейцария, Натан Аке Нидерландия, Жон Стоунз Англия, Родри Испания, Оскар Бобб Норвегия йиғинида қатнашмайди.
Шунингдек, ёши катта ўйинчилардан дарвозабон Скотт Карсон Англия терма жамоасидаги фаолиятини якунлашга қарор қилган. Илкай Гюндоған ҳам Германия терма жамоасидан кетишга қарор қилгани айтилмоқда.
“Манчестер Сити” 15 март куни Англия Премьер-лигасининг 29-тури доирасида ўз майдонида “Брайтон” жамоасини қабул қилади. Шу баҳсдан кейин клуб терма жамоадан расман таклиф олган ўйинчилар, жумладан Абдуқодир Ҳусановни ҳам кузатиб қўяди.
ФИФА кунлари муносабати билан эълон қилинадиган икки ҳафталик танаффусдан кейин шаҳарликлар биринчи учрашувини Англия кубоги чорак финал босқичида “Борнмут”га қарши ўтказади. Чорак финал ўйинлари 28-30 март кунларига белгиланган.
Фикрлар