
"Таркибдан кўнгил тўқ, ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган жамоа йиғилган" ёхуд "Қўқон-1912"нинг тақдимоти қандай ўтди?
Бир неча йилдан сўнг Суперлигага қайтишга муваффақ бўлган "Қўқон-1912" жамоаси элитадаги иштирокини ҳам бошлаб олди. Хабарингиз бор, жамоа илк турда ўз майдонида "Андижон" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Иккинчи турда эса жамоа Фарғонада "Нефтчи"га қарши майдонга тушади. Мазкур учрашувдан аввал эса "Қўқон-1912"нинг мухлислари билан учрашуви ҳамда янги мавсум учун тақдимоти ўтказилди.
Тадбир Қўқон шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтди ва уни Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов бошлаб берди. Жумладан, шаҳар ҳокими "Қўқон-1912" жамоасидаги ўзгаришлар, таркиб ва мураббийлар ҳақида фикр билдирар эканлар, бўлажак мавсумда жамоамиздан катта нарса кутаётганларини маълум қилдилар. Шунингдек, Маъруфжон Аъзамович Ўзбекистон бўлаётган ислоҳотлар, футболга берилаётган эътибор ҳақида алоҳида фикр билдирди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, йил давомида "Марказий" стадион тўлиқ реконструкция қилинди. Стадион ОФК талабларига жавоб берадиган даражага келтирилди. Шунингдек, стадион олдида машғулотлар учун идеал майдон ҳам қуриб, битказилди.
Жамоа президенти Акрамжон Мамадалиев сўзга чиқиб, биринчи навбатда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновга миннатдорчилик билдириб ўтдилар. Янги мавсум олдидан "Қўқон-1912"даги ўзгаришлар, янгиланган таркиб ва "Марказий" стадионда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, клуб раҳбари янги футболчилар ҳақида фикр билдирар эканлар, янги мавсумдан улардан кўнгли тўқ эканлигини маълум қилдилар.
"Қўқон-1912" раҳбарияти Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновга жамоанинг 10-рақамли либосини совға қилдилар.
Шундан сўнг таркибга янги келиб қўшилган футболчиларни таништириш маросими бошланди ва уларга ўз рақамлари топширилди:
Рустам Нортожиев 1-рақам
Жасурбек Ёқубов 5-рақам
Алишер Салимов 6-рақам
Мирзиёд Миродилов 2-рақам
Шаҳзод Акрамов 19-рақам
Муҳаммаданас Ҳасанов 22-рақам
Алишер Хайруллаев 17-рақам
Аҳмед Кобена 71-рақам
Бахтиёр Қосимов 8-рақам
Жасурбек Холтўраев 14-рақам
Айюбхон Мухторов 33-рақам
Бош мураббий Баҳром Ҳайдаров ҳам сўзга чиқиб, мавсумда олиб борилган ишлар, янги мавсум олдидан режалар борасида гапирди. Янги мавсум олдидан тайёргарлик яхши олиб борилганини маълум қилди. Жумладан, чемпионатга пухта тайёргарликлар олиб боришда кўмак берган шаҳар ҳокими ва жамоа раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтди. Янги мавсумда жамоа яхши натижалар эришиш учун максимал ҳаракат қилишларини, мухлисларни доим хурсанд қилиш учун ўйнашларини таъкидлади. Таркибидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирар эканлар, янги мавсумда жамоадан кўнгли тўқ эканлигини, "Қўқон-1912" янги мавсумда ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган жамоа йиғилганини таъкидлади.
Сўз якунида Баҳром Ҳайдаров барчага миннатдорчилик билдириб ўтди ва янги мавсумда биргаликда Суперлигада яхши натижаларга эришишни мақсад қилганликларини маълум қилди. Хусусан, стадионнинг ёритиш тизими 2000 люксга чиқарилганини, югуриш йўлакчаси сунъий чим ёритилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бу ишлар орқали стадион ЎзПФЛ талабларига жавоб берадиган даражага етказилганини маълум қилди. Шундан сўнг жамоанинг мавсум олди ташкил этилган йиғинлар ҳақида фикр билдирди.
Мухлислар бўлажак мавсумда жамоа билан доим бирга бўлишларини, клуб учун яхши шароитлар яратиб бераётган шаҳар ҳокими Маъруфжон Аъзамовичга ўз миннатдорчиликларини билдириб ўтишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлислар жамоа билан биргаликда бўлишларини маълум қилишди.
"Қўқон-1912" жамоаси етакчи футболчиларидан Иқболжон Маликжонов ва Андро Гиоргадзе сўзга чиқишиб, яратилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдириб, янги мавсум олдидан жамоа яхши натижалар эришиш учун максимал ҳаракат қилишларини, мухлисларни хурсанд қиладиган футбол кўрсатиш учун ўйнашларини маълум қилдилар.
Фикрлар