Муҳсин Низомиддинов: "Икки хил тайм бўлди"
Суперлига учун ўтиш ўйинида “Қўқон-1912” ўз майдонида “Қизилқум”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва яна про лигада қолди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов матбуот анжуманида қатнашди.
- Томошабоп ўйин бўлди. Биринчи бўлимда футболчиларимизда бироз босим бўлди, рақиб Суперлига вакили бўлгани учун. Ҳеч қиси йўқ. Оғир ўйин бўлишини кутгандик. Йигитлар борини бериб ўйнадилар. Икки хил тайм бўлди. Ҳаёт давом этади. “Қизилқум” жамоасини Суперлигада қолгани билан табриклаймиз. Мухлисларимиздан узр сўраймиз. Бизни йил давомида совуқда, ёмғирда, иссиқда стадионга келиб қўллаб-қувватлаб туришгани учун раҳмат. Яна ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз Суперлига!
- “Қўқон-1912” жамоаси бугун ниманинг ҳисобига мағлубиятга учради, деб ўйлайсиз? Тажриба ёки бошқа нарса...
- Йўқ, тажриба эмас. Бу битта учрашувдан иборат эди ва бунда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ютқазганимизни сабабини кўриб чиқамиз. Бошида йигитларда бироз мувозанат етишмади. Ҳаяжон бўлди. Кичик хатолар эвазига голлар ўтказиб юбордик.
- Санъат Шиховни асосий таркибда туширмадингиз. Уни жароҳати бормиди?
- Йўқ. Биз деярли бир ой шуғулландик. Шу вақт давомида фақат икки марта ўйин ўтказдик, холос. Ўртоқлик учрашувлари бу расмий ўйинлар эмас-да! Жамоадаги барча вирусга чалиниб чиқди, Санъатда ҳам шундай бўлди. Уни бошланғич таркибда туширмоқчи эдим. Кейин иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш учун олиб қолгандик.
- Анвар Ҳожимирзаевга бошқа жамоалардан таклифлар борми?
- Ҳали кўрамиз. Кимнидир шартномаси бор, кимнидир шартномаси тугади. Яхши таклифлар бўлса кўрамиз. Муаммо йўқ. Лекин Анвар Қўқон учун ўйнайдиган бола. Бошқа клубда балки яхши ўйнаши мумкин, аммо у “Қўқон-1912” учун ўйнайди. Қўйиб юбориш ниятимиз йўқ.
Фикрлар