Мундиал яқин ёхуд ўзининг Мессисига эга бўлган Япония терма жамоаси билан танишамиз

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 14 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "Е" гуруҳининг сўнгги вакили Япония орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

 

Жамоа ҳақида
Япония футбол ассоциацияси. Лақаби – “самурайлар”.

Ташкил топган йил: 1921 йил (ФИФАга 1929 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Хадзимэ Морияси
Жамоа сардори: Мая Ёшида

Илк расмий учрашуви: Япония – Хитой 0:5 (1917)
Энг йирик ғалаба: Япония – Филиппин 15:0 (1967)
Энг йирик мағлубият: Япония – Филиппин 2:15 (1917)

Япония терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 24-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 9-поғона бўлиб, 1998 йилда ушбу натижага эришган. Аммо орадан 2 йил ўтиб, “самурайлар” ўз тарихидаги энг ёмон натижасини қайд этган. Яъни 2000 йилда японияликлар ФИФА рейтингида 62-ўринга тушиб кетган.

Япония футбол бўйича жаҳон чемпионатида 6 марта иштирок этган. Қатардаги мундиал “самурайлар” учун ўз тарихидаги 7-турнир ҳисобланади. Улар биринчи марта 1998 йилда мусобақанинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган ва ўшандан бери узлуксиз турнирда иштирок этиб келади. Улар 1998 йилги мундиал гуруҳ босқичидаги барча ўйинда мағлуб бўлган ҳамда 31-ўринни эгаллаган. Масаси Накаяма Япониянинг жаҳон чемпионатидаги илк голини киритган. Кейсуке Хонда учта жаҳон чемпионатида гол урган биринчи япониялик футболчига ҳисобланади: 2010, 2014, 2018.

2018 йилги жаҳон чемпионатида Япония гуруҳ босқичида Колумбия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Жанубий Америка терма жамоасини ЖЧларда мағлуб этган биринчи Осиё давлати бўлди. Терма жамоа гуруҳдан чиқишни уддалаган эди (ўз тарихида илк марта), аммо Бельгия ирода кўрсата олди ва “самурайлар” устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Турниргача босиб ўтган йўли

 Япония Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Бунга уларнинг кетма-кет 7 марта мундиал йўлланмасига эга чиққани ҳам далолат бўлади.

Япония 2022 йилги ЖЧ учун саралашда Саудия Арабистони, Австралия, Уммон,  Хитой ва Вьетнам каби жамаолар билан битта гуруҳдан жой олди. “Самурайлар” турнирини муваффақиятсиз бошлашди. Сабаби, улар дастлабки турда кутилмаганда Уммонга имкониятни бой берган бўлса, 3-турда Саудия Арабистони майдонида мағлубият аламини тортиб кўрди.

Бироқ шундан кейин “самурайлар” ўзининг олдинги ҳолатига қайтди ва кетма-кет ғалабаларни тантана қилди. Хусусан, Осиёнинг яна бир номдор жамоаларидан ҳисобланган Австралияни ҳар икки ўйинда ҳам мағлубиятга учратди. Шунингдек, ўз майдонида Саудия ва Хитойдан ҳам устун келди. Улар сўнгги турда Вьетнам билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, аммо бу пайтга келиб японияликлар мундиал йўлланмасига эга чиқиб бўлган эди.

“Самурайлар” ўтказилган 10 та ўйинда жами 22 очко тўплаб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда Қатар чиптасига эга чиқди. Улар ўтказилган беллашувлар давомида жами 12 та гол уришни уддалаган бўлса, ўз дарвозасидан 4 та гол ўтказиб юборган.

Терма жамоа етакчилари

Япония Осиёдаги энг юлдузли таркибга эга жамоалардан бири ҳисобланади. Уларнинг таркибида Европанинг топ-5 чемпионатларида тўп тепаган футболчилар талайгина топилади. Шу боис, уларнинг асосий етакчилари билан танишамиз.

Даити Камада

Камада бир неча йиллардан бери "Айнтрахт"да муваффақиятли мавсум келмоқда. Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, унинг ўйин услуби Шинжи Кагавага ўхшаб кетади. Миш-мишларга кўра, ярим ҳимоячига ҳозирда "Бенфика" қизиқиш билдирмоқда.

Даити нафис техникаси билан қолганлардан ажралиб туради. У қанот ҳужумида ҳам, ҳужумчи ортида ҳам ўйнай олади.

Камаданинг ўйини анча кеч очилган. Сабаби, у ҳозир 26 ёшда, лекин шу пайтгача терма жамоа сафида атиги 19 та ўйин ўтказган ҳамда беш марта гол уришни уддалаган.

Такуми Минамино

Япония терма жамоаси дейилганда  кўп ҳолда Минамино эсга тушади. Боиси, "Ливерпуль" таркибида японларни кўп ҳам учратавермаймиз.

Такуми ўзининг кўп қирралилиги билан машҳур. У чапда ҳам, ўнгда ҳам, ҳатто марказда ҳам ўйнай олади.

Такехиро Томиясу

188 см узунликдаги "Арсенал"нинг ўнг қанот ҳимоячиси бу рўйхатда йўқ бўлиши мумкин эмас. 23 ёшли япониялик футболчи терма жамоа сафида 28 та ўйин ўтказган. Шунингдек, у лондонликларнинг ҳам асосий таркиб ҳимоячиси ҳисобланади.

Томиясу - тезкор ва техник футболчи, бу унинг позицияси учун ноодатий ҳолат.

Такефуса Кубо

Кубо 18 ёшида "Реал" билан шартнома имзолади. Такефуса бундай клубда мунтазам машғулот ўтказа олмагани учун кўп ҳолларда ижарада ўйнади. Ҳозирда у Испаниянинг бошқа жамоаси "Реал Сосьедад" сафида ҳаракат қилмоқда. Кубо айни пайт у 21 ёшда ва унинг бутун фаолияти ҳали олдинда.

Кубонинг норасмий тахаллуси япониялик Мессидир. Дарҳақиқат, Такефуса жуда ақлли ўйинчи, у йўқдан бор нарсани ярата олади. Унинг ажойиб техникаси аргентиналик даҳони эслатиб юборади.  

ЖЧ-2022даги тақвими

1 тур, 23 ноябрь. Германия — Япония
2 тур, 27 ноябрь. Япония — Коста-Рика
3 тур, 1 декабрь. Япония — Испания

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!