Мундиалдан кейин Ямал ва Холанднинг нархи "учди"
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Испания терма жамоаси етакчиси Ламин Ямал ва Норвегия терма жамоаси тўпурари Эрлинг Холанднинг бозор қиймати тарихда илк бор 220 миллион еврога етди. Шу пайтгача Transfermarkt бирор футболчини 200 миллион евродан юқори баҳоламаган эди.
Франция терма жамоаси ҳужумчиси ва сўнгги жаҳон чемпионати тўпурари Килиан Мбаппе қиймати ҳам 20 миллион еврога ўсди ва июнь 2026 йилдаги пасайишдан сўнг яна 200 миллион евро даражасига қайтди.
Янгиланган баҳоларга кўра, яна тўрт футболчи 100 миллион евродан юқори қийматга эга ўйинчилар қаторига қўшилди. Англиялик Эллиотт Андерсон ва Морган Рожерс ҳар бири 110 миллион еврога баҳоланмоқда. Испаниялик Пау Кубарси ва Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес эса 100 миллион евродан қиймат олган.
Шу тариқа, бозор қиймати 100 миллион евродан кам бўлмаган футболчилар сони 26 нафарга етди.
Энг катта ўсиш фоиз ҳисобида Кабо-Верде терма жамоаси посбони Возинья ҳиссасига тўғри келди. 40 ёшли дарвозабоннинг бозор қиймати ўн баравар ошиб, 50 минг евродан 500 минг еврога етди.
Жаҳон чемпионати якунлари бўйича Transfermarkt жами 99 нафар футболчининг бозор қийматини қайта кўриб чиқди. Улар орасида Москва "Динамо"си ва Парагвай терма жамоаси ҳимоячиси Хуан Касерес ҳам бор. Унинг қиймати 2 миллион еврога ошиб, ҳозирда 7 миллион еврони ташкил этмоқда.
48 терма жамоа иштирок этган жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида ўтказилди. Финалда Испания терма жамоаси қўшимча дақиқаларда Аргентинага қарши ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи ўрин учун баҳсда эса Англия терма жамоаси Францияни 6:4 ҳисобида мағлуб этди.

Фикрлар