"Мураббий доим таваккалона йўл тутади" - Виктор Кумиков янги клубида ўзбекистонлик футболчиларни кўрмоқчими?
Куни кеча sports.uz сайти орқали хабар бериб ўтганимиздек, сизу-бизга яхши таниш бўлган россиялик мутахассис Виктор Кумиков Беларусь чемпионатида иш бошлади. Бугун 58 ёшни қарши олган мутахассиснинг фаолиятида шу тариқа янги саҳифа очилди.
Агар Кумиковнинг мураббийлик фаолиятига назар ташласак, унинг географик кўриниши асосан учта мамлакат билан боғлиқ: Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон. Асосан, қозоқ ва ўзбек клубларида анча самарали ишлаганини барчамиз яхши эслаб қолганмиз. Бу борада гап кетар экан, унинг “Машъал”, “Насаф” ва айниқса, “Шахтёр” (Қарағанда)даги фаолияти эсда қоларли бўлган. Қозоғистон клуби билан қатор совринларни қўлга киритган. Йилнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилган. “Шахтёр”ни Европа Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларига олиб чиқа олди.
Умуман олганда, Кумиков ҳақида кўп гапириш мумкин. Барибир унинг юртимиздаги фаолияти мухлисларни кўпроқ қизиқтиради. “Машъал” ҳамда “Насаф”дан ташқари АГМК билан “Андижон”да ҳам ишлади. Ҳар қандай мураббийнинг фаолиятида паст ва баландликлар бўлгани каби Виктор Балютовичда ҳам шу ҳолат кузатилди. Ўтган йили “Андижон”дан тушган таклифни қабул қилди. Бироқ унинг бошчилигидаги жамоа 10 та ўйинда умуман ғалаба қозона олмаган. Шундан кейин Кумиков клубни тарк этганди.
Ниҳоят, эндиликда россиялик мураббий яна ишга қайтди. Албатта, у натижалари ҳавас қиладиган клубга келгани йўқ. Аксинча, мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган жамоани оёққа турғазиш учун таклиф қилинди. Шуни инобатга олганда, Кумиковни олдинда оғир ва машаққатли меҳнат кутиб турибди. Чунки унинг янги жамоаси – “Спутник” Беларусь чемпионатида охирги ўринда боряпти. Унинг ўзи айтганидек, у аутсайдер клубни қабул қилиб олди.
Кумиковнинг охирги бошқарган клуби билан янги жамоаси ўртасида қандай фарқ бор? Юқорида айтганимиздек, мутахассис “Андижон” бошқарувини қўлга олган пайтда ҳам клуб ғалабасиз одимлаётганди ва чемпионатда аутсайдерлардан бири эди. “Спутник”даги вазият деярли ўхшаш. Қизиқ, бу сафар Виктор Кумиков янги клубида натижани ўзгартира олармикин? Дарвоқе, у илк бор Беларусь чемпионатида иш бошлаганини ҳам айтиб ўтиш даркор. У катта эҳтимол билан мавсум охирига қадар "Спутник"ни бошқаради.
Виктор Балютович, “Спутник”да ишга киришганидан кейин дастлабки фикрларини sports.uz учун билдирди.
- Виктор Балютович, авваламбор сизни таваллуд топган кунингиз билан табрикламоқчимиз ва янги жамоада сизга омад тилаймиз.
- Табрик ва яхши тилаклар учун раҳмат.
- Шунингдек, янги клубни қабул қилганингиз билан ҳам табриклайман. Аммо бу сизга ўтган йилги вазиятни эслатиб юбормаяптими? Чунки қийин вазиятдаги “Андижон”га бош мураббий бўлдингиз, аммо натижалар ўнгланмасдан, якунда барибир у ердан кетгандингиз. “Спутник” эса Беларусь чемпионатида яққол аутсайдер. Бу борада фикрингиз қандай?
- Албатта, сиз айтганингиздек, вазият бир-бирига ўхшаш. Аммо тез орада клубнинг мусобақа жадвалидаги мавқеини яхшилашга астойдил уриниб кўраман ва ўйлайманки, ҳаммаси яхши томонга ўзгаради.
- Аслида бу клубни бошқаришга рози бўлганингиз катта таваккалчиликми?
- Мураббий ҳар доим таваккалона йўл тутади. Умид қиламанки, ҳаммаси муваффақиятли кечади. Бу йўлда астойдил меҳнат қилишга тайёрмиз.
- Ўтган вақт давомида сизга Ўзбекистондан аниқ таклифлар тушганмиди?
- Йўқ, таклифлар бўлмади.
- Виктор Балютович, Беларусь чемпионатида Шаҳзод Убайдуллаев, Шаҳбоз Умаров каби легионерларимиз тўп суришяпти. Уларни кузатяпсизми? Футболчиларнинг имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Бу ҳақида биламан. Илгари ҳам уларни кузатганман. Ҳозир янада кўпроқ кузатишга киришганман.
- “Спутник”да қандай ўзгаришларни қилмоқчисиз? Таркибда қайси ўзбекистонлик футболчиларни кўришни истаяпсиз?
- Футболчиларнинг қаердан келгани унчалик муҳим эмас. Энг асосийси, ўйинчилар ўзларидан талаб қилинган даражада тўп сурсалар кифоя.
- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради?
- Ҳозирча Олег Корниенко ва бир қанча маҳаллий мураббийлар ўзларидан яхши таассурот қолдиришяпти. Улар менинг штабимдан жой олишган.
Фикрлар