Мураббийларга лицензия бериш тартиби ўзгартирилади ва уларнинг маоши оширилади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан «Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган эътибор, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий методик таъминлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази раҳбари Илҳомжон Турсуналиев, Иқтисодий таҳлил, молия ва инвестициялар бошқармаси бошлиғи Зафарбек Усанов ҳамда вазирликнинг тегишли мутасадди ходимлари иштирок этди.

Тадбирда даставвал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳокама қилинди.

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 4 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида олдимизга соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича куни кеча Бош вазиримиз иккита муҳим ҳужжатга, яъни Вазирлар Маҳкамаси қарорларига имзо чекдилар. Ўйлаймизки, мазкур қарорлар соҳада хизмат қилаётган мутахассис-тренерлар, раҳбар ходимлар, олимпиада совриндорлари, қўйингки спорт билан шуғулланувчи барча инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятида жуда катта енгиллик яратиш, уларнинг янада яхши меҳнат қилишлари учун шароит яратишга хизмат қилади.

Очиғини айтадиган бўлсак, мазкур қарор – ичимизда сақлаб юрган дардимиз эди. Қарордаги дастлабки ўзгариш, барчангизга маълум, 8 йил давомида мутахассис-тренерлар ҳар 3 йилда тренерлик лицензияларини янгилашлари лозим бўлган. Ушбу рухсатномаларни янгилаш икки босқичдан иборат бўлган. Биринчиси, тест босқичи бўлиб, унда қандай саволлар тузилган ва уни ким тузган, ўзи бунга тренер жавоб бериши шартми ё йўқми, ўзи бу саволлар тренернинг асосий вазифаларига қанчалар мос келади, деган кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганди. Президентимиз мазкур масалани ҳам узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берган эдилар. Шунга асосан, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб республикада фаолият юритаётган тренерлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда унинг филиаллари базасида ҳар 5 йилда аттестациядан ўтказилади. Бунда энг асосий мезон сифатида тренернинг йил давомида эришган натижалари ҳисобга олинади. Мазкур жараёнда олдимизга қўйган биринчи мақсадимиз – тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва бевосита тренер қилиши керак бўлган иши нуқтаи назаридан бундан буёғига рухсатномасини олади. Бу ҳам шу вақтга қадар олдимизда турган жуда катта муаммо эди. Ҳатто вазият шу даражага етиб бордики, чемпионлар, терма жамоа аъзоларини тайёрлаган тренерлар ҳам тестларга жавоб беролмасдан соҳани тарк этишга мажбур бўлган. Натижада шу пайтга қадар мингга яқин малакали мутахассисларни йўқотдик.

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 4 йиллик таълим стандартини босиб ўтган талабамиз ҳам шу тизим орқали рухсатнома олиши керак эди. Бунга ҳам барҳам берилди ва энди унга ҳам диплом билан биргаликда тренерлик қилиши учун 5 йиллик рухсатнома бериладиган бўлди. Бу эса тизимда фаолият юритишлари учун талабаларимизнинг олдида турган тўсиқларни олиб ташлади. Ўйлайманки, бу ишлар яқин келажакда ўзининг юксак самарасини беради. Фурсатдан фойдаланиб, аввал мазкур тизимда ишлаб, юқоридаги қийинчиликлар оқибатида соҳадан узоқлашишга мажбур бўлган тренерларни ҳам энди ўзлари севган иш билан қайта шуғулланишларига чақириб қолган бўлардим.

Шу билан бирга, қилинган ўзгаришлардан яна бири Президентимизнинг топшириқларига асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия тасарруфидаги спортга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг директор ва директор ўринбосарлари ва тренерлар, инструктор-методистларининг ойлик маошлари 1,35 бараварга оширилди. Ўйлайманки, бу ўзгаришлар ҳам чақириғим учун асос бўлиб хизмат қилади. Натижада бу спортнинг оммавийлиги ва селекция ишлари учун кўмак беради, – деди Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев матбуот анжуманида.

Шунингдек, анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт бўйича илмий методик таъминлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази раҳбари Илҳомжон Турсуналиев ҳам сўзга чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорини бугун жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган инсонлар мамнуният билан қарши олгани, ушбу ҳужжат воситасида соҳада мавжуд кўплаб муаммолар ижобий ечим топганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, ўтган 8 йил давомида ўзбек спорти анча мураккаб даврларни бошдан кечирди. Тасаввур қилинг, қандайдир тест туфайли шу давр мобайнида нафақат Ўзбекистон, балки қитъа ва жаҳон чемпионларини тарбиялаган тажрибали тренерлар ҳам таъбир жоиз бўлса “кўчага чиқариб қўйилди”. Тренер бўлмагач, табиийки ёш ва иқтидорли спортчилар ҳам етишиб чиқмайди. Бу эса селекция жараёнининг пасайиши, ўз навбатида миллий терма жамоаларда авлодлар алмашинувининг жуда суст амалга оширилиши ва натижаларимизнинг кескин даражада пасайиб кетишига сабаб бўлади. Шу маънода “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасида тренерлик фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори соҳа ривожида янги даврни бошлаб беради, десак муболаға бўлмайди.