Мураккаб аҳволдаги “Навбаҳор”, ўзига келаётган “Насаф” ва овга чиққан Абрамов! Ўзбекистон кубоги ярим финалида қайси жамоаларни кўрамиз?

Ўзбекистон кубогининг чорак финалида иштирок этадиган саккиз жамоа номи маълум бўлганидан хабарингиз бор! Хўш, бу жуфтликлар орасида қай бири ярим финалга қадар етиб боришга қодир? Бугун жамоаларнинг имкониятларини кўриб чиқамиз!

"Динамо" - "Олимпик" 50/50

аба

Вадим Абрамов қўл остидаги самарқандликлар нафақат Про лига, балки Ўзбекистон кубогида ҳам барчанинг эътиборини ўзига тортишда давом этмоқда. Нимчорак финалда Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасини мусобақадан чиқариб юборгач, "Олимпик" билан ўйин олдидан бирор бир жамоани устунроқ деб кўрсатишнинг имкони йўқ. Тимур Кападзе шогирдлари сўнгги ўйинларда стабил иштирок эта олмаяпти. Боз устига, баҳс Самарқандда бўлиб ўтади. "Динамо" аренаси мухлислар билан лиқ тўлиши турган гап. Қўшимчасига, Вадим Абрамовнинг тажрибаси, битта ўйин учун танланадиган стратегиялар "Динамо"га қўшимча имконият тақдим этади.

Бу фактларни ўқир экансиз, "Олимпик"да "шанс" йўқ экан, деб ўйлаб қолманг! Албатта, ундай эмас. Кападзе шогирдлари футболчиларнинг класси ва ўйин темпи борасида рақибдан сезиларли даражада устунроқ. Қўшимчасига, жамоа таркибидаги ёшлар 90 эмас, 120 дақиқа жанг таклиф этишга қодир жисмоний тайёргарликка эга. Боз устига, ўртага ярим финал йўлланмаси тикилган. "Динамо"нинг "Пахтакор"га қарши ўйинидан фарқли ўлароқ, "Олимпик" баҳсни юқори консентрацияда ўтказади. Икки томон ҳам якунда ғалабани ўз томонига оғдириши учун етарлича аргументларга эга. Қай бири бу устунликларини таблога кўчирса, якунда ўша жамоани кучли 4 жамоа сафида кўришимиз мумкин. Имкониятлар 50/50!

"Турон" - "Насаф" 40/60

лў34плў34лп3п - копия

Суперлига доирасида бу жамоалар Яйпанда учрашганига кўп бўлгани йўқ. Ёрқин Назаров "бандаси" ўша баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди. Кўп ўтмай, жамоалар энди кубок доирасида яна бир бор тўқнаш келади. Бу сафар "Насаф" анча эҳтиёткорроқ бўлиши аниқ. "Турон" эса ўтган сафарги ўйин "фонар" эмаслигини исботлашга уриниб кўради. Айни дамдаги таркиб ва имкониятлардан келиб чиқиб, меҳмонда тўп тепаётган "Насаф" баҳс фаворити бўлиб қолаверади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари Суперлига орқали ОЧЛга тўғрида-тўғри йўлланмани қўлга киритиш осон бўлмаслигини сезиб турибди.

Кубокда ўзини сувдаги балиқдек ҳис этадиган "аждарлар" учун чорак финал босқичидаги ғалаба келаси мавсумдаги халқаро майдонга икки қадам қолганини англатади. "Турон"да эса тактик ва руҳий ҳолат борасида муаммолар мавжуд. Клубнинг молиявий аҳволи ва келажаги эса мавҳум. Назаров қўл остидаги ёрқин дебют ёшларнинг эйфориядаги ёрқин ўйинлари билан боғлиқдек таассурот қолдирмоқда. Айниқса, "Сурхон" билан баҳсдаги кўплаб эпизодлар бу фикрда жон борлигига ишора қилди. Яйпанда бизни ажойиб баҳс кутиб турибди. Мухлислар зерикиб қолмаслиги аниқ. 

ОКМК - "Хоразм" 75/25

34шао3ш4оа43шоа

Нимчорак финалда "Металлург"ни енгиб, кичик сенсация яратган "Хоразм" ярим финал баҳсини ўтказиш учун Олмалиқда меҳмон бўлади. Меҳмонларнинг Про лигадаги ишлари юришиб кетди, дейиш мушкул. 13 ўйинда 3 ғалаба, 4 дуранг ва 5 мағлубият қайд этган клуб 8-поғонани банд этиб турибди. "Хоразм" стабиллик намойиш эта олмаётгани ва ҳимоя чизиғидаги кўплаб хатолар сабабли деярли ғалаба қўлида бўлган бир нечта ўйинларни бой берганига гувоҳ бўлдик. ОКМК билан баҳсда ҳар бир хато қимматга тушиши аниқ. Миржалол Қосимов  жамоаси ўзидан класс борасида кучсиз жамоалар билан ўйинларда ўзини жуда яхши ҳис этишини кубокдаги бир нечта ўйинда кўрдик.

Боз устига,"Металлург" билан ўйиндан фарқли ўлароқ, баҳс Хоразмда ўтказилмайди. Бу жуфтликда яққол фаворит ва яққол аутсайдер мавжуд. Имкониятлар 75/25, "кончилар" фойдасига.

"Навбаҳор" - "Сурхон" 50/50

34де34ле

Айни дамда, икки хил ҳолатдаги ва икки хил йўналишни танлаган жамоалар тўқнашуви. Ёшларга эътибор қаратган, агрессив футбол тарафидаги клуб минималликка суянган тажрибали футболчиларга қарши! Катта тажрибага эга, бироқ услублари бироз эскирганликда айбланаётган Бабаян ўзининг тамомила акси бўлган Токов/Арслонов тандеми билан тўқнаш келади. Баҳс, Наманганда ўтиши жамоага қўшимча имконият тақдим этадигандек кўриниши мумкин, аммо... имкониятлар 50/50. “Сурхон” мавсумнинг иккинчи қисмига келиб анча жисмоний ва тактик ҳолатини яхшилаб олганини кубок доирасида “Бунёдкор”га қарши баҳсда кўрсатиб қўйди. “Учартулпорлар”да “аждарлар”дан фарқли равишда ортиқча босим йўқ. Жамоа Суперлигада ритмни ушаб олгач, Кубокда имкон қадар яхшироқ натижа кўрсатишга уриниши табиий. “Навбаҳор”да эса, барчаси анча мураккаб. Самвел Бабаян шогирдлари нафақат кубокда, балки чемпионат ва ОЧЛда муваффақиятли иштирок этиш вазифасини бажаришга интилади.

Қўшимчасига, яхшигина босим ҳам мавжуд. Барчаси 90 дақиқа ичида ҳал бўладиган ўйинларда класс ёки тактик кўрсатмалардан кўра, жисмоний ва руҳий ҳолатнинг яхшироқ бўлиши кўпроқ эффект бериши мумкин. Шу сабабли, “Сурхон”нинг ярим финалга йўл олиш имкониятлари “Навбаҳор”никидан кам эмас.

Я.У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
31/08/2023 22:10
Эх Олимпик.олимпик Нима булди йигитлар
&
jamolidin
31/08/2023 15:47
yoradi surxon og'a
Шухрат Хусаинов
31/08/2023 15:27
Бу йил сурхон кубокни олади