Мурод Алиев "Бунёдкор"нинг иродали ғалабаси ва Ўрозовнинг турк клубига трансфер нархи ҳақида маълумот берди

“Бунёдкор” узоқ муддати ғалабасиз сериясига чек қўйди. Суперлиганинг 16-турида ўз уйида “Андижон”ни иродали тарзда мағлубиятга учратди. Бу эса “Бунёдкор” клуби директори ва янги бош мураббийнинг илк ғалабасига айланди.

Кўриниб турибдики, “Бунёдкор”да салоҳият юқори. Иқтидорли ўйинчилари ҳар қандай рақибни шошириб қўйишга қодир. Клуб иқтидорлари эса ҳамма вақт хориж скаутларининг эътиборидалар. Масалан, яқинда Жаҳонгир Ўрозов Туркия биринчи дивизион қатнашчиси “Эйюпспор” клубига йўл олди.

“Бунёдкор” клуби директори Мурод Боқиевич билан суҳбат жараёнида юқоридаги масалалар бўйича фикр билдирди.  

- Мурод Боқиевич, “Бунёдкор” ниҳоят узоқ кутилган ғалабасига эришди. Дастлаб шу хусусида тўхталсангиз.

- Ўйин чиройли ўтди. “Андижон” жамоаси ҳам ўзига хос ва мос усулда ўйнади. Бош мураббийнинг иши кўриниб турибди. У бир неча йиллардан бери Ўзбекистонда ишлаб бу ердаги футбол ҳавосини олган. Ўзининг тактикаси ва йўналиши бор. Шундай мутахассислар ишлаётганидан хурсандман. Жамоа легионери дарвозамизга чиройли гол урди. Қолган легионерлари ҳам савияли футболчилар. Айниқса, ҳужумчи Рубин Хебай ҳавас қилса бўладиган ўйинчи. Ўзимизни жамоага келсак, ютишимиз шарт эди. Охирги пайтларда бизда дуранг ва мағлубиятлар кўпайиб кетганди. Янги мураббий жуда яхши меҳнат қиляпти. Унга вақт керак эди. Крестининни биринчи ўйини “Сўғдиёна” билан кечди, аммо ўхшамади. Биз учун омадсиз бўлди. Лекин футболчиларимизга ишонардик. Энг муҳими натижа. Энди ўзимизни легионерларимизга келсак, бразилиялик ўйинчимиз жароҳат олди. Игорь Иванович “Андижон”га қарши ўзини жуда яхши кўрсатди. Энг яхши футболчи бўлди. Милан Марчичга мослашиши учун яна бироз вақт керак. У иккинчи ўйинини ўтказди. Қолаверса, ўзимизнинг ёшлар ҳам етишиб чиқяпти. “Бунёдкор” ҳар доим истеъдодли ёшлар жамоаси бўлган. Ўйлайманки, улар ёмон ўйнашмади. “Андижон”га кейинги ўйинларда омад тилайман. Бу жамоа бир нечта турдан бери ютқазмасдан келаётганди. Жамоанинг мухлисларига 10 балл қўйса бўлади. Улар ниҳоятда фаол. Ўйлайманки, шунақанги ишқибозлар “Бунёдкор”да ҳам кўпаяди. Ҳозир ҳар бир учрашув қизиқарли кечяпти, осон ўйиннинг ўзи йўқ. Бу ёқда “Турон” яна қайта жонланиб, ўз кучини намойиш этяпти.

бунёдкор2_4

- “Бунёдкор” Крестинин бошчилигида бир мағлубият ва дуранг қайд этганди. Шундай экан, хавотирингиз бормиди?

- Хавотир ҳар доим бўлади. ОКМК билан учрашувда бизда кўпроқ имкониятлар бўлганди. Ўйлайманки, ҳаммаси ўз жойига тушади. Хабарингиз бор, янги бош мураббий Крестинин иккинчи давра олдидан келди. Таркибни бошида бошқа мураббий йиғган. Хориж йиғинига умуман бошқа мураббий билан кетишган. Ўйин услуби ҳам бошқача бўлган. Футболда омад ҳам керак. Бошида 3-4 та тур яхши ўйнашди, кейин қанақадир сифат кетиб қолди. Бу йилги мавсумни Худо хоҳласа яхши тугатиб олсак, кейинги йилга жамоани бошқачароқ тайёрлаймиз.

- Яқинда жамоа тарбияланувчиси Жаҳонгир Ўрозов Туркияга кетди. Унинг турк клубига кетиши қандай юз берди? Трансфер нархи қанчани ташкил қиляпти?

- Жаҳон чемпионатига чиқишганидан кейин у ерда скаутлар кўришган. Бунгача Ўрозовга Қатар ва яна бошқа мамлакатлардан таклифлар бўлиб турганди. Авваламбор, яхши пул таклиф қилишса, уни ўша клубга бериш керак. Бундан клуб ҳам, футболчи ҳам манфаатдор бўлиши лозим. Фақат қаерга кетяпти, ўсиш бўладими, шу томонларига эътиборли бўлиш муҳим. Унга Туркия варианти пайдо бўлди, бизга ёмон таклиф бергани йўқ. Насиб қилса, умумий трансфер нархи 300 минг еврога баҳоланяпти. Шартнома ҳам қилиняпти. Биз биринчи навбатда футболчининг хоҳишидан келиб чиқиб иш кўрамиз. Агар ўзида истаги бўлмаса юбормаймиз. ОКМК билан ҳам ёмон ўйин кўрсатмаганди. Футболчи билан келишдик, ўзи ҳам кетишни хоҳлади. Аммо биз Ўрозовни яна бир йил “Бунёдкор”да қолиб, кейин кетишини истагандик.

алиев_2

- “Бунёдкор”га қачондан пул ўтказишни бошлашади?

- Айтганимдек, келишувимиз 300 минг евро, бўлиб-бўлиб тўлайди. Ҳамма нарса тўғри бўлса, 15 сентябрда “Бунёдкор” ҳисоб рақамига 100 минг евро туширади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!