Муроджон Аҳмадалиев оғир ўтган болалик, машина босиб кетгани, фотографлик қилиб кун кўргани ҳақида инглиз сайтига интервью берди

Болалигида машина тагида қолиб, икки оёғи синган, яширинча бокс машғулотларига қатнаган ва яшаш учун болалигиданоқ курашган Муроджон учун чемпионлик камари ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ.
«Мен юролмай қолишим мумкин эди. Бокс ҳақидаку умуман гапирмаса ҳам бўлади», дейди суҳбатимиз бошида «МЖ Кака». Унинг гапларини Алико Фролов таржима қилиб берди. Аммо болалик қийинчиликлари ҳақида сўзлаган жаҳон чемпионининг овозидан унинг нақадар ҳаяжон билан сўзлаётганини билиш қийин эмасди.
Ўтган йилнинг апрель ойида DAZN ва «Matchroom boxing» билан тузган шартномаси Аҳмадалиевнинг фаолиятида катта бурилишга сабаб бўлди. Жоэл Диаз бошчилигида 25 ёшли боксчи атиги 8 та жанг ўтказиб, чемпионлик унвонини қўлга киритди.
Бу муваффақиятлар осонликча келмади. Муроджоннинг чемпионликкача бўлган йўли машаққатларга ва турли тўсиқларга тўла эди. Аммо у бир сонияга бўлсин жангчи бўлиш орзусидан чекинмади.
9 ёшли Муроджон отасига ёрдам бериш учун ишлай бошлайди. Наманганда туғилган спортчи ота-онаси ва икки опаси билан оддийгина ҳаёт кечирарди. Аммо у кўпроқ нарсаларга қодир эканини ҳис қилар эди.
«Бизнинг ҳеч вақомиз йўқ эди, - дейди Муроджон.
«Кака» унинг ёшлигидан футболга қизиқиши ва бразилиялик футбол юлдузига нисбатан симпатияси сабаб олинган лақабидир.
«Мен ҳар қандай ишни қилаверар эдим. Хоҳ у қўшниларга ёрдам бериш бўлсин, хоҳ бошқа. Ёдимда, ёзда истироҳат боғида ишлай бошладим. Ишим хиёбонга келганларни расмга олиб, тезликда чиқариб бериш эди. У ерда жуда кўпчилик бу иш билан шуғулланарди. Мен улардан яхшироқ ишлашим керак эди».
Ёш Муроджон расмларни эгаларига тезроқ етказиб бериш учун 3 миль у ёққа, яна 3 миль ортга қараб югурарди. Рақобатчиларда эса бу учун транспортлар бор эди. Демак, у рақибларидан тезроқ бўлишга мажбур эди.
«Раҳбарлар мени ёқтириб қола бошлашди. Ҳар ёзда менинг боғда эркин ишлашим учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилишарди», - дейди боксчи. Муроджоннинг бир кунлик топадиган пули 2 доллар атрофида бўлган. У бу пулларни бокс залининг ойлик тўлови сабаб тежашга мажбур эди.

web-photo_IMG2-1
Бу даврда у футболга кўпроқ қизиқарди. Аммо дўсти билан бокс залига боргач, бу унга ёқиб қолади. Аҳмадалиевнинг жуссаси ва вазни анча кичик эди. Шу сабабдан у 11 ёшгача мусобақаларда қатнаша олмади.
Бир гал ишга кетаётган Муроджонни машина босиб кетади ва икки оёғи синади. Унинг хўжайини оёғи синиб, қонга беланиб ётганини кўриб қолади.
«Бошлиқнинг жаҳли чиқиб, тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Мен ишимни йўқотишни хоҳламасдим. Касалхонага келганимда докторлар оёғимнинг ўз ҳолига қайтиши учун 8 ой вақт кетишини айтишди. 8 ой давомида даволанар эканман, боксга қайтиш истаги мени тарк этмади. Ундан ҳам муҳими мен ишимни йўқотмаслик ҳақида ўйлардим», - дейди Муроджон.
8 ой даволангандан сўнг шифокорлар ва ота-онасининг қаршиликларига қарамай, у яна бокс залига қатнай бошлади.
«Мен соат 5 гача ишлардим. Ундан сўнг машғулот залига қатнаб шуғулланардим. Онам менга тушликда ейишим учун нон берарди. Мен уни ишдан сўнг ердим. Машғулотда қувват бўлиши учун шундай қилардим. Бу ота-онам билиб қолгунча ярим йил давом этди. Аввал жаҳллари чиқди. Сўнгра мураббий билан гаплашгач, менда иқтидор борлигига амин бўлишди.
Мен жароҳатларни енгиб ўтдим. Бироқ 2 йил мобайнида оёқ ҳаракатларида қийинчилик билан ишладим», - дейди боксчи.
Ўз вазн тоифаси учун анчайин оғир зарбага эга бўлган «МЖ Кака» ринг бўйлаб эркин ҳаракатлана олмасди. Шунинг учун ҳам у кучли зарбалар билан рақибни яқин масофада ушлаб туришга ҳаракат қилади.
«Менинг оёқларим ўзим хоҳлагандек ҳаракат қилишимга имкон бермасди. Узлуксиз тўхтаб қолиш билан рақибларимни мағлуб этолмаслигимни тушуниб етдим. Мен муштларимга «ўтириб» олишни машқ қила бошладим. Менимча, айнан мана шу жиҳат менга келажакда улкан муваффақиятлар келтирди».
Оғир жароҳат кейинчалик ҳам Аҳмадалиевни тинч қўймади. 15 ёшида шифокорлар яна бир бор унга боксни тўхтатишни маслаҳат беришди. Аммо у курашишда давом этди.

«Бу синовлар менга келажакда катта ёрдам берди. Ёшлигимда жуда кичкина ва нимжон бўлганман. Менга имкон беришни исташмасди. Лекин мен олдимга мақсад қўяр эканман, уни уддалашим шартлигини ўзимга уқдираман», - дейди чемпион.
Дарҳақиқат, орттириб олган жароҳатларининг залвори нақадар катта бўлмасин, Аҳмадалиев учун ёруғ кунлар тез орада келиб қолди. Ҳаваскор боксдаги натижалари бунга мисол бўла олади. Дастлаб ёшлар ўртасидаги 2012 йилги жаҳон чемпионатида кумуш, 2015 йилги жаҳон чемпионатида ҳам кумуш ва «Рио-2016»да бронза медаллари билан бошланган ғалабалар профессионал боксга уланиб кетди. Буни Муроджоннинг ўзи жамоавий натижа ва юқори даражали мураббийлик маҳсули деб билади.

рио 2016
«Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги муваффақиятлари аввалроқ бошланган эди. Бизнинг авлод Аббос Атоев, Рустам Саидов, Элшод Расулов кабиларнинг ортидан эргашди. Ундан ташқари, бизда собиқ Совет иттифоқи давридан бери боксда фаолият олиб борадиган мутахассислардан иборат тажрибали мураббийлар ҳам бор эди. Дунё боксида Россия ва Куба мактаби билан тенг рақобат олиб бориш даражасига чиқиш учун ўзбек бокс мактаби кўп ишларни амалга оширди», - дейди Муроджон.
У терма жамоадаги шерикларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди:
«Биз терма жамоадагилар билан жуда яқин дўст бўлганмиз. Исроил (Мадримов), Баҳодир (Жалолов) ва бошқалар билан ўртамизда дўстона, соғлом рақобат мавжуд эди. Рақобатга дош беролмасанг сенинг терма жамоада керагинг йўқ, деганидир. Биз бир-биримизни кучлироқ бўлишга ундаб турардик».
Леон Спинксдан сўнг 8 та жангда чемпионлик камарига эга чиққан биринчи боксчи ҳисобланган «МЖ Кака» бу ҳали бошланиши эканлигини айтди:
«Энг яхши даврларим ҳали олдинда. DAZN ва «Matchbox room»нинг бир бўлаги эканимдан хурсандман. Кейинги жангларим орқали ҳам уларни хушнуд этишни истайман. Албатта, келгуси жангларимни бирлаштирувчи чемпионлик камарлари учун ўтказиш ниятидаман. IBF камари соҳиби Риосуке Ивасага қарши жанг балки навбатдаги бўлар. WBO чемпиони Эмануэль Неверрет ҳам рўйхатимда бор. Бу жанг мен учун анча қизиқарлироқ. Чунки бизнинг услубларимиз ўхшаш. Даниэль Романга қарши жангда жуда кўп нарсаларни ўргандим».

роман 1
Аҳмадалиев вазнини бир поғона кўтаришга шошилмаётганини айтди. Аммо юқорироқ вазнга ўтиб, ўз кумири Мэнни Пакьяо билан бир вазн тоифасида жанг қилиш истагини билдирди:
«Аввало, ўз вазнимдаги ишларни битириб олишим керак. Ўзимни бу вазнда бироз оғир ҳис қиляпман. Балки, келгусида вазн «сакрарман». Лекин ҳозир эмас».
25 ёшида шундай улкан натижаларга эришган Муроджон карьераси мобайнида ўз жавонини яна кўплаб совринлар билан безай олишига ишонади. У бутун дунёга матонатнинг энг олий намунасини кўрсатди. Қачонлардир унга имкон бермаганларга «сизларга айтгандимку» дейишга арзийдиган ишларни қилиб бўлди. Аслида кўп гапиришни ёқтирмайдиган Муроджон Аҳмадалиев биз билан қарийб бир соат суҳбатлашди.
«Мен кўп гапиришни ёқтирмайман. Олдиндаги йиллар ким нималарга қодирлигини кўрсатади», - дейди WBA ва IBF камарлари соҳиби.

Инглиз тилидан Абдулвосид Валихонов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!