Муроджон Аҳмадалиевнинг жаҳон чемпионлик камари учун жанг санаси маълум бўлди

  • 13 ноябрь, 2019, 17:16
  • 0
  • Бокс

Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (7-0, 6 КО) келгуси йил бошида жаҳон чемпионлик камари учун рингга кўтарилади.

GoSport.uz интернет-нашри манбалари берган хабарга кўра, Аҳмадалиев мазкур вазннинг WBA ва IBF йўналишлари чемпиони Даниэл Романга (27-2-1, 10 КО) қарши жанги 2020 йилнинг 31 январь куни АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Айни вақтда мазкур жанг бўйича музокара жараёни давом этмоқда ва томонлар 31 январда жанг ўтказиш бўйича келишувга эришиши деярли аниқ бўлиб улгурган.

Жанг Matchroom Boxing ва унинг раҳбари Эдди Хирн томонидан ташкил этилиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадалиев ва Роман ўртасидаги чемпионлик жанги аслида жорий йилнинг 13 сентябрь куни ўтказилиши лозим эди. Аммо Роман елкасидан жароҳат олгани баҳонаси билан жангда иштирок эта олмаслигини билдирган ва мажбурий камар ҳимояси учун жанг муддати шу тариқа ортга сурилганди. Аҳмадалиев эса бошқа рақибга қарши рейтинг жангида иштирок этганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!