Мурзоев Кубок финалида "Насаф"нинг ғалабаси, чемпионатда ҳайрон қолдираётган клуб ва "Пахтакор" ҳақида нималар деди?
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси директори Камолиддин Мурзоев ҳам чемпионатимиз ўйинларини диққат билан кузатиб бормоқда.
Куни кеча Қаршида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги финалини бевосита стадионда томоша қилди.
Ўз навбатида Мурзоев Sports.uz сайти учун Кубок финалидаги таассуротлари ва якунига етиб бораётган чемпионатимиз хусусида тўхталиб ўтди.
Кубок финалидаги натижа Мурзоев учун кутилганидекми ёки...
- Кубок финалини Қаршида “Марказий” стадионидан томоша қилдик. Натижа кутилганидек дея олмайман. Албатта, “Насаф”да ўзига хос устунликлари бор эди. Финални ўз уйида қабул қилаётгани, сўнгги иккита турда турнир жадвали пешқадамларидан очколар тортиб олгани эътиборга молик. “Навбаҳор”ни ютди, “Пахтакор” билан дуранг ўйнаб қайтди. Мана шундай омиллар ҳам “Насаф”га устунлик бағишлаши турган гап эди. ОКМКда эса Чемпионлар лигасидаги аянчли мағлубият ва сафардаги чарчоқлар ва яна бошқа эҳтимоллар “Насаф”нинг ғалабасини тахмин қилишга ундаётганди. Лекин бундай факторлар ўйиндан олдин 100 фоиз ҳеч бир клубга ғалабани тақдим этмасди. Ўйлашимча, ҳамма нарса майдонда ҳал бўлди.
Ўйин тақдирини ҳал қилган пенальти ҳақида
- Пенальти масаласида кўплаб баҳс-мунозаралар бўлди. Ўйиндан кейин бош ҳакам билан суҳбатлашдим. Очиғи, бу вазиятда ҳакам пенальти қўймоқчимаслигини таъкидлади. Ўша ҳолатда ҳам бу нарса кўринди. Мен учун бундай ўйинда бу каби пенальти қўйилмаслиги яхши бўларди. Шунингдек, футболнинг ўз қонун-қоидалари бор. Шунга амал қилишимиз лозим ва менимча ҳакамлар ҳам бунга амал қилишди. Албатта, бундан бошқачароқ нарса хоҳлагандик. Аммо пенальти 100 фоиз учрашувни ҳал қилди, дейишга қўшилавермайман. Мухлислар хоҳлагандек балки қўшимча дақиқалар ёки пенальтилар серияси билан тугаганда ҳам учрашувга келган мухлисларга ёққан бўларди. Бироқ ҳар доим бизни хоҳишларимиз ҳамма вақт ҳам тақдир насибаси билан тенг келавермайди.
Чемпионатда қайси жамоа ҳайрон қолдирмоқда?
- Очиғини айтадиган бўлсам, солиштирмалар натижасида ўтган йили “Олимпик” ҳаммани бирдек ҳайрон қолдирган бўлса, бу сафар ўша “Олимпик” даражасида ҳайрон қолдирадиган жамоа бўлмади. Аммо “Сурхон” клубини сўзсиз эътироф этсак бўлади. Бу жамоадан ҳеч ким бундай зайлдаги ўйинлар ҳамда натижаларни кутмаган бўлиши муқаррар. Яна бир жиҳати, футболчилари ҳеч бир рақибга қарши қўрқиб ҳаракат қилишмади. Асосийси, шу нарсаси ёқди.
“Пахтакор” чемпион...ми?
- “Пахтакор” клуби катта йўқотишлар билан бошлади ва мавсумни дастлабки ўйинларда пастки ўринларда эди. Ўз ўйини ва ўзига бўлган ишончини, чемпионлик руҳиятини қайта тиклай олди. Бу нарсага ишона олдилар. Мавсум охирига келиб чемпионлик учун курашда фаол бўлишмоқда. Бу ерда бошқа омиллар ҳам талайгина. “Пахтакор”ни йўқотишларсиз боргани эмас, балки чемпионлик учун курашаётган “Навбаҳор”, “Насаф”, “Нефтчи” каби жамоаларнинг очко йўқотиши ҳам “Пахтакор”га қўл келди. Ўйлайманки, сўнгги иккита турда “Пахтакор” қийинчилик билан бўлса-да, чемпионликни қўйиб юбормаса керак. Шундай бўлса-да, ҳали яна иккита тур бор. Ўзлари ҳам иккита учрашувни интизорлик билан кутишмоқда. Чунки босиб ўтилган узоқ йўл, ОЧЛдаги омадсиз старт “Пахтакор” футболчилари ва раҳбариятини чемпионлик билан овута олади, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар
Аслида Нефтчини хакамлар бу́гишган бу́лса Насаф мажбур бу́лди ку́нишга ва келишилди
Билмадим якунда одилона якун килиб балки Пахтакор ва Насафдан очко олиб ташланар